Чеченистон ҳужумга учради – Weekend

Таҳлил

Путинга Нью-Деҳлида вегитариан таомлар таклиф қилинди. Россия Президенти эса мамлакати Ҳиндистонга узлуксиз ёқилғи етказиб беришга тайёр эканини айтди.

Макрон Хитойда Голивуд юлдузлари каби кутиб олинди. бироқ Хитой францияга 2 та панда ваъда қилган бўлсада, макрон савдо ва Украина бўйича айтарли натижага эриша олмади.

Трамп ва ниҳоят тинчлик мукофотини олди. Лекин бу Нобель эмас, у атиги бир ой олдин таъсис этилган

Бир ҳафта давомида дунёда содир бўлган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.

Путин Ҳиндистонда

Россия Президенти Владимир Путин 4 декабрь куни 4 йил ичида биринчи марта Ҳиндистонга борди. Бу ташрифга узоқ тайёргарлик кўрилган эди. Путин Нью-Деҳлига келишидан олдин Кремлда Ҳиндистоннинг “India Today” телеканалига катта интервью берган эди. Ҳиндистонда эса Моди ва Путин акс этган мультфильм намойиш этилган.
                                
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Путинни дабдаба билан кутиб олди – протоколни бузиб бўлса ҳам ўзи самолёт трапига борди, оёғи остига қизил гилам ёзди, аэропортнинг ўзида ҳиндча миллий рақслар билан томоша қўйилди, у билан бир машинага ўтириб, Путинни уйига олиб кетди ва ўша ерда меҳмон қилди. 

Расмий тадбирлар ва музокаралар эса эртаси куни бўлиб ўтди. Ҳиндистон Президенти Драупади Мурму россиялик мавқедоши шарафига расмий қабул маъросими уюштирди. Эътиборлиси шундаки, дастурхонга вегитариян таомлари қўйилди. Менюнинг биринчи таоми сифатида зираворлар қўшилган ва тариқ билан безатилган шўрва тортилди. Газак сифатида қўзиқоринлар, қора нўхотли кабоблар,  асосий таом сифатида панир рулети, зирали хантал қайласи билан пиширилган исмалоқ, тандирда пиширилган картошка ва ширин-аччиқ соусдаги бақлажонлар тортилди. Давлат раҳбарлари учун дастурхонда янги сиқилган анор, апельсин ва сабзи-занжабил шарбатлари бор эди. Ширинлик сифатида қовурилган ёнғоқлар билан илиқ бодом ҳолва ҳамда ҳиндча музқаймоқ берилди.

Келинг, энди ташрифнинг муҳим сиёсий жиҳатларини кўриб чиқсак. 

Путин Москванинг Ҳиндистонга "узлуксиз ёқилғи етказиб беришни давом эттиришга тайёр" эканини айтди. У аввалроқ АҚШнинг Ҳиндистонга Россия нефтини камайтириш борасидаги босимига шубҳа билдириб ўтган эди.

Ҳиндистон эса эҳтиёткорлик билан жавоб қайтарди. Ташқи ишлар котиби Викрам Мисри энергетик ҳамкорлик ҳақида саволга жавобан Ҳиндистон компаниялари қарорларни бозор шароити ва тижорий омиллар асосида қабул қилишини, бу эса санкция ва нархлар билан боғлиқлигини таъкидлади. Унинг айтишича, энергетика бўйича ҳамкорлик шу доирада давом этмоқда. 

Нарендра Моди эса 2030 йилгача мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури бўйича келишувга эришилганини, бу савдо ва инвестицияларни янада барқарор ва мувозанатли қилишини таъкидлади. Путин эса Россия 2030 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш мақсадида Ҳиндистон маҳсулотларини кўпроқ импорт қилишни истаётганини айтди.

Қўшма баёнотда айтилишича, "мураккаб ва таранг геосиёсий шароитга қарамай, Россия–Ҳиндистон алоқалари ташқи босимларга бардош беришда давом этмоқда".

Томонлар Ҳиндистон фуқароларининг Россияда ишлаши, Россияда қўшма ўғит заводи қурилиши, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва денгиз ташувлари соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувлар имзолади.

Мудофаа соҳасидаги алоқалар эса Ҳиндистоннинг ҳарбий саноатни миллийлаштириш сиёсати доирасида қайта кўриб чиқилади. Россия қуроллари учун эҳтиёт қисмлар ва техник жиҳозларни Ҳиндистоннинг ўзида ишлаб чиқариш, қўшма тадқиқотлар ва ишлаб чиқишлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Маълумки, Россия — Ҳиндистоннинг асосий қурол етказиб берувчиси ва денгиз орқали ташиладиган нефт бўйича етакчи манбаси. 
Бироқ Ҳиндистон АҚШ билан ҳам музокара олиб бормоқда — Трамп ҳукуматининг россия нефти харидига жавобан жорий этган бож тўловларини камайтириш масаласи кун тартибида турибди. АҚШ санкциялари ва тарифлари туфайли Ҳиндистоннинг энергия импорти бу ойда сўнгги уч йилликдаги энг паст даражага тушиши кутилмоқда. АҚШ савдо вакили ўринбосари Рик Свицер 8 декабрь куни Ҳиндистонга бориши режалаштирилган.

Шу ўринда Путиннинг “India Today” телеканалига берган интервюсида АҚШнинг Ҳиндистонга босим ўтказишини танқид қилганини эслаш ўринли.

“Агар АҚШ бизнинг (ядро) ёқилғимизни сотиб олишга ҳақли бўлса, нега Ҳиндистон ҳам шундай қилишга ҳақли бўлмаслиги керак?"

У бу масалани Дональд Трамп билан муҳокама қилишга тайёрлигини айтди.

Ҳиндистон эса Трамп тарифларини "асосланмаган ва адолатсиз" деб билади. Нью-Деҳли АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларга қарамай Россия энергия маҳсулотларини миллиардлаб долларлик ҳажмда сотиб олаётганини эслатиб ўтган.

Макрон Хитойда

Франция Президенти Эммануэль Макрон 3 декабрь куни рафиқаси Брижит билан Хитойга борди. Унинг ташрифи ҳам воқеаларга бой бўлди. 

Макрон Хитойга амалга оширган тўртинчи давлат ташрифи давомида пандалар ва пинг-понг атрофида шаклланган илиқ дипломатия билан шуғулланди – у ерда Президент омма томонидан қўллаб-қувватланиб, катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Бироқ Франция етакчиси Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Украина ёки савдо масалаларида сезиларли илгарилашга эришолмаганга ўхшайди.

5 декабрь куни Си ва унинг рафиқаси Пен Лиюан, протоколдан ташқари ҳолда, Макрон ва унинг рафиқаси Брижитни Хитойнинг тўртинчи йирик шаҳри Чэнгдуга олиб борди. Франция раҳбари бу ерда жуда самимий кутиб олинди.

Юзлаб талабалар ва шаҳар аҳолиси Сичуань университетининг спорт мажмуаси ташқарисига йиғилиб, Макрон келганида уни қўллаб-қувватлаб қичқиришди.

Шаҳар танлови кам учрайдиган дипломатик ишора сифатида баҳоланди — бундай ҳурмат 2017 йилда Хитойга келган АҚШ президенти Дональд Трампга ҳам кўрсатилмаган, унинг ташрифи Пекин билан чекланган эди.

Етакчилар шунингдек Сичуаньда жойлашган ва UNESCO мероси саналган қадимий Дуцзянъян сув иншооти билан таништирилди.
Брижит Макрон эса Чэнгдудаги пандаларни кўпайтириш тадқиқот марказига борди. 2012 йилда Францияга «панда дипломатияси» доирасида юборилган иккита 17 ёшли панда бугунги кунда бу ерга қайтган.

Макроннинг рафиқаси ўша ерда Францияда 2017 йилда туғилган панда  Юань Менгни ҳам кўрди. У 2023 йилда Хитойга қайтарилган.

Хитой Францияга қайтарилганларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида икки янги панда юборишга ваъда берган. Бовуал боғи директорига кўра, улар узоғи билан 2027 йилгача етказилади.

Шу билан бирга, Макрон 2024 йилги Париж Олимпиадасида бронза медали олган француз теннисчилари Алексис ва Феликс Лебрун билан учрашди. Улар Хитойда Микс-жамоавий жаҳон кубогида иштирок этмоқда ва мамлакатда жуда машҳур.

Бироқ Си ва Макрон ўртасидаги илиқ муносабатларга қарамай, бу ташриф ҳозирча асосан Пекиннинг дипломатик нуфузини мустаҳкамлаб, аниқ натижаларга айланмади. Айниқса Трамп тарифларидан сўнг дунё раҳбарлари иқтисодий кафолат излаётган бир пайтда.

Пекиндаги музокаралар фақат аҳоли қариши, ядро энергетикаси ва пандаларни асраш каби соҳалар бўйича 12 та ҳамкорлик келишуви билан чекланди. Молиявий қиймат эълон қилинмади.

Си Цзиньпин кутилганидек 500 та Airbus самолёти харидини маъқуллагани йўқ — бу Вашингтон билан Boeing бўйича музокараларда Хитой таъсирини камайтиради.

У Франция коньяк ишлаб чиқарувчилари ёки гўшт экспортчиларига шартларни енгиллаштириши ҳам қийин — чунки бу Хитойнинг Европа қўйган электромобил тарифлари бўйича музокараларидаги мавқеини заифлаштиради.

Сафар чоғида Макрон Си Цзиньпинни Украинадаги урушни тугатиш учун саъй-ҳаракат қилишга ва Франция ҳамда Европага нисбатан савдо номутаносиблигини бартараф этишга чақирди.

Хитой эса доим мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ва тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаб келади, бироқ у 2022 йилдаги Россиянинг Украинага босқинини ҳеч қачон очиқ танқид қилмаган.

Ғарб давлатлари Пекинни Россияга иқтисодий жиҳатдан муҳим кўмак берганликда айблайди, хусусан, ҳарбий саноати учун компонентлар етказиб бериш орқали. Хитой бу айбловларни рад этади.

Макроннинг Францияга Хитой сармояларини ошириш чақириқлари натижа бергандек кўринади. Пекин билан бу борада ният хатлари имзоланди. Си Цзиньпин Франция билан “ўзаро инвестицияларни ошириш” ва “адолатли савдо муҳитини” таъминлашга тайёр эканини билдирди.

Макрон Хитойда Ғарб заифлашмоқда деган фикрга қарши ҳам чиқди:

“Кўплар сизга Европанинг қариганини айтади.  G7'даги бой мамлакатлар такаббур, деб таъкидлайди. Ғарб Жануб мамлакатларига юкоридан қараяпти, дейишади. Бироқ буларнинг барчаси  ўйлаб топилган конструкция”, деди у.

Трамп Тинчлик мукофотини олди

Ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири 5 декабрь куни Вашингтондаги Кеннеди марказида бўлиб ўтди. У ерда  футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросими ўтказилди ва унинг доирасида АҚШ Президенти Дональд Трампга Халқаро футбол федерацияси (FIFA)нинг янги, танқинчиларнинг фикрича, Трамп учун махсус жорий этилган Тинчлик мукофоти топширилди.

Маросим чоғида мукофот – бир неча қўллар кўтариб турган олтин глобус – Трампга FIFA раҳбари Жанни Инфантино томонидан олтин медаль ва сертификат билан бирга тақдим этилди. Инфантино Трампни “дунё бўйлаб тинчлик учун қатьий саъй-ҳаракатлари” учун мақтаб, унинг “тинчлик ишига мустаҳкам садоқати”ни таъкидлади. Трамп эса буни “ҳаётимдаги энг юксак шарафлардан бири” деб атади. Унинг сўзларига кўра, у “Конгода миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган ва кўплаб мамлакатларда урушларни тўхтатган ёки олдини олган”.

Футболчилар кўпинча сиёсий билдиришларни намойиш этганликлари учун ФИФА томонидан жарималар ва тақиқларга дуч келади, чунки футболни бошқарувчи ташкилот узоқ вақтдан бери сиёсий бетарафлик сиёсатида эканини эълон қилган.

Бироқ Инфантино Трампга биринчи ФИФА Тинчлик мукофотини топшириб, республикачилар раҳбари билан муносабатларини янада мустаҳкамлади.

Инфантино бу мукофотни бор-йўғи бир ой аввал таъсис этган. FIFAга кўра, бу мукофот мунтазам тарзда берилувчи анъанага айланади ва “дунёда тинчлик йўлида фавқулодда ва битмас-туганмас ишлар қилган ва шу орқали бутун дунё одамларини бирлаштирган шахсларга” топширилади. Мукофотни жорий этиш қарори FIFA Кенгаши розилигисиз қабул қилинган ва бу улар учун кутилмаган ҳол бўлган.

Жанни Инфантино ўзининг “дўсти” Дональд Трампни Нобель Тинчлик мукофоти учун номзод сифатида ҳам кўрсатган.  Бироқ нима бўлганидан хабарингиз бор. Мукофот венесуэлалик фаол Мария Корина Мачадога берилди. Натижалар эълон қилингач, Оқ уй Нобель қўмитасини “партиявий манфаатларни тинчликдан устун қўйишда” айблади.

Трамп Тинчлик бўйича Нобель мукофотини иолишни жуда ҳохлаганди. энди эса унда нобелники бўлмаса ҳам, тинчлик мукофоти бор.

Шу ўринда жорий йил июль ойида бўлган ҳодисани эслаб ўтиш ўринли. 13 июль куни Нью-Жерсидаги “Мет Лайф” стадионида Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида “Челси” “Пари Сен-Жермен”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этганидан сўнг, Дональд Трамп мукофотлаш маросимига саҳнага тушди. Лекин у мукофотлар топширилгандан сўнг кетмай, ўйинчилар билан фотосессияда қолиб кетди. FIFA президенти бир неча марта уни саҳнадан олиб чиқишга ҳаракат қилганига қарамай, Трамп футболчиларнинг биринчи қаторида қолаверди.

Инфантино АҚШ Президентига Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ҳақиқий бош совринини ҳам тақдим этган, ғолиб – Лондоннинг “Челси” жамоаси эса кейинчалик фақат унинг нусхасини олган. Ҳақиқий кубог эса оқ уйдаги Оваль кабинетда турибди.

ЖЧга қайтадиган бўлса, у 2026 йил 11 июндан 19 июлгача Канада, АҚШ ва Мексикада бўлиб ўтади. Мусобақада илк бор 32 эмас, 48 терма жамоа қатнашади. Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия, Колумбия ва Ямайка/Конго/Янги Коледония ўтиш ўйини ғолиби билан бирга “K” гуруҳидан жой олди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатини 2026 йил 17 июнь куни Колумбияга қарши баҳс билан бошлайди. Навбатдаги учрашув 23 июнь куни Роналду етакчилигидаги Португалияга қарши бўлиб ўтса, гуруҳ босқичининг сўнгги баҳси 27 июнь куни ўтиш ўйини ғолибига қарши ўтказилади. 

Украина: уруш ва музокаралар

Украинадаги уруш ва унинг тугатиш бўйича музокаралар ҳали ҳам кун тартибида. 

2 декабрь куни Кремль саройида Москва ва Вашингтон ўртасида Россия-Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга бағишланган музокаралар бўлиб ўтди. Россия томонидан музокараларда Президент Владимир Путин, унинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Президентнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этди. АҚШ томонига Президент Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер вакиллик қилган. учрашув деярли беш соат давом этган ва 3 декабрь куни Москва вақти билан 00:30 да якунланган.

Музокараларнинг тўлиқ тафсилотлари эълон қилинмаган ва томонлар буни очиқламасликка келишиб олган. Уиткофф ва Кушнер Москвадан сўнг, Киевга бориб, Зеленский билан ҳам учрашиш керак эди. Аммо бундай бўлмади. Улар АҚШга қайтди. 

Флорида штатининг Майами шаҳрида АҚШ ва Украина делегациялари 2 кун давомида музокара ўтказди. Ўша ерда Уиткофф ва Кушнер Украина етакчи музокарачиси Рустам Умаровга Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан ўтказган учрашуви ҳақида маълумот берди. Иккала томон ҳам буни “Украинада барқарор ва адолатли тинчликка олиб борувчи ишончли йўлни илгари суриш бўйича конструктив муҳокамалар” деб баҳолаган.

Зеленский эса 6 декабрь куни Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан узоқ ва “мазмунли” телефон суҳбати ўтказди. Унинг айтишича, у Умаровдан Киевда батафсил ҳисобот кутяпти.

Музокаралар айтида уруш ҳам тўхтаб қолгаи йўқ. 5 декабрь куни Украина дронлари Чеченистоннинг Грозний шаҳридаги бизнес-марказга зарба берди. Чечен оммавий ахборот воситалари ҳужум оқибатларининг даҳшатли кадрлари билан бўлишди. “Грозний-Сити” мажмуасидаги 145 метрлик осмонўпар бино ўзининг аввалги жило ва кўркини тўлиқ йўқотган. Мажмуа Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг расмий резиденциясидан атиги бир километр масофада жойлашган. Зарба бинонинг ўрта қисмига берилган – бу ерда вазирликлар, минтақавий идоралар, Сайлов комиссияси, Омбудсман идораси ва нефть соҳаси билан боғлиқ ташкилотлар жойлашган.

Қодиров Украина дронларининг ҳужумидан сўнг, Киев тез орада “совға” олишини ваъда қилди. Чеченистон етакчисига кўра, “Грознй-Сити” мажмуасидаги бинолардан бирига дрон ҳужуми содир бўлган, аммо ҳеч ким жабрланмаган. 

Россия қўшинлари 6 декабрга ўтар кечаси Украинага ракеталар ва учувчисиз аппаратлар орқали йўналтирилган йирик ҳужум уюштирди. Деярли бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, Закарпат вилоятида ҳам ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Кўплаб ҳудудлар дронлар орқали нишонга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп Хитой Ҳиндистон Украина Рамзан Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг