“Чегара билмас мухбирлар” 2025 йилда неча журналист ўлдирилганини очиқлади

Олам

image

Ўтган ўн икки ой давомида дунё бўйлаб 67 журналист ўз касбий бурчларини бажараётиб ўлдирилган. Уларнинг аксарияти урушлар ёки жиноий тармоқлар қурбонлари бўлган. Бу ҳақда “Чегара билмас мухбирлар” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бугун, 9 декабрь куни чоп этилган матбуот эркинлиги бўйича йиллик ҳисоботида келтирилган.

Шундай қилиб, 2024 йилнинг 1 декабридан 2025 йилнинг 1 декабрига қадар ўтган йилнинг шу давридагидек, тахминан, шунча журналист ҳалок бўлган. Ўлдирилган 67 журналистдан 53 нафари уруш ёки жиноий гуруҳлар қурбони бўлган.

Ғазо сектори 29 журналист ҳалок бўлган энг хавфли ҳудуд бўлиб қолмоқда. 9 журналист ўлдирилгани билан Мексика кейинги ўринда. Россиянинг кенг кўламли босқинидан ўзини ҳимоя қилишда давом этаётган Украина, шунингдек, Судан ва Суриядаги журналистлар ҳам айниқса юқори хавф остида.

Ташкилот ҳисоботига кўра, ҳозирда 62 давлатда 503 журналист қамоқда, бу ўтган йилгидан бироз пастроқ. Энг кўп журналистлар Хитой (121), Россия (48), Мьянма (47), Беларусь (33), Вьетнам (28) ва Озарбайжонда (25) қамоқда. Россияда энг кўп ҳибсга олинган хорижий журналистларнинг 26 нафари украиналик мухбирлардир. Исроил иккинчи ўринда, у ерда 20 нафар фаластинлик журналист ҳибсда.

Дунё бўйлаб яна 135 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари бедарак йўқолганлар рўйхатида, баъзилари ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери йўқолган. Бундай ҳолатлар 100 дан ортиқ мамлакатларда қайд этилган, аммо уларнинг аксарияти Яқин Шарқ ва Лотин Америкасида. RSF маълумотларига кўра, Сурияда журналистларнинг ғойиб бўлиш ҳолатлари айниқса юқори даражада қайд этилган. Россияга қочган собиқ президент Башар Асад даврида ғойиб бўлган кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари бугунги кунгача бедарак йўқолган.

“Ўлдирилган журналистлар сонининг кўплиги даҳшатли. Бу армиялар, ҳарбийлаштирилган гуруҳлар ва жиноий тармоқлар томонидан амалга оширилаётган тизимли зўравонликларнинг оқибатидир”, дейди RSF расмийси Аня Остерхаус.

Унинг қўшимча қилишича, ўлдирилган ёки қамоққа олинган ҳар бир журналист ҳатто Германияда ҳам огоҳлантириш вазифасини ўтайди.

“Журналистларга ҳужум қилганлар бизни эркин маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда”, дейди у.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бутун дунё ҳукуматларини журналистларни ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирди.

“Воқеалар ҳақида танқидий хабар берганлар ўз эркинликлари ёки ҳатто ҳаётини бағишлашига тўғри келганда, демократия бутун дунё бўйлаб хавф остида”, дея қўшимча қилди у.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти маълумотларига кўра, 2023-2025 йиллар оралиғида дунё бўйича камида 1163 журналист ҳибсга олинган, уларнинг 568 нафари 48 та мамлакатда ҳануз қамоқда сақланмоқда. Журналистларнинг деярли ярми беш давлат – Беларусь, Хитой, Исроил, Мьянма ва Россия Федерациясида қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бутун дунёда 2023 йилнинг августидан жорий йилнинг май ойигача неча журналист ўлдирилганини очиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Антониу Гутерриш Чегара билмас мухбирлар ўлдирилган журналистлар Аня Остерхаус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг