Чехияда блэкаут содир бўлди
Олам
−
05 Июль 4088 2 дақиқа
Кеча, 4 июль куни Чехияда йирик миқёсдаги электр таъминоти узилиши – блэкаут содир бўлди. Бу ҳақда “Novinky” хабар берди.
Нашрга кўра, муаммо мамлакат бўйлаб электр энергиясини подстанцияларга етказиб берувчи ČEPS компаниясининг ўта юқори кучланишли линияларида юзага келган. Полиция назоратни кучайтирган. Поездлар ҳаракати тўхтатилган, баъзи ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги хизмати лифтларда қолиб кетган одамларга ёрдам кўрсатган. Шифохоналар захира қувват манбаларида ишламоқда. Блэкаут метро фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган, бироқ кейинчалик метро ҳаракати одатий режимда тикланган.
ČEPS маълумотига кўра, узилиш бешта вилоят ва пойтахт Праганинг айрим қисмларини қамраб олган. Полиция ҳозирча бу ҳолат ортида киберҳужум ёки террористик ҳаракатлар тургани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. PRE электр тарқатиш компанияси берган маълумотга кўра, Прагада электр таъминоти маҳаллий вақт билан соат 14:00 дан бошлаб тикланишни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида ҳам Испанияда катта кўламли электр узилиши содир бўлган эди. Ўшанда электр тармоғидаги носозликлар жамоат транспорти, светофорлар ва телефон алоқаси ишини издан чиқарган, поездлар ҳаракати деярли тўхтаб қолган. Ҳозирда Испания миллий суди блэкаут юзасидан тергов ўтказмоқда. Терговнинг асосий версияларидан бири техник ва ташкилий камчиликлар. Тергов тафсилотлари ҳозирча сир тутилмоқда.
Live
Барчаси