Чинозда ноёб лочинларни сақлаган шахс 620 млн сўм жаримага тортилди (видео)
3-саҳифа
−
23 Сентябрь 4936 2 дақиқа
Тошкент вилоятида ноёб лочинларни ноқонуний сақлаб турган шахс 620 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Экология вазирлиги, Экологик назорат инспекцияси, Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ҳамда Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув ходимлари томонидан навбатдаги тезкор рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида Тошкент вилояти, Чиноз тумани “Янги Обод” МФЙ, Самарқанд кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. томонидан ёввойи қушлар сақланаётгани аниқланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи қушлар турига мансуб бир дона “Сапсан” лочини ҳамда бир дона “Жиғолтой” лочини ноқонуний равишда ушланиб, панжарали қафасда тутқунликда сақланаётгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан қонуний тартибда гувоҳлар иштирокида тегишли расмийлаштириш ишлари олиб борилган ва қушлар ҳуқуқбузардан олиб қўйилиб, вақтинча сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар бузилган. Оқибатда ҳайвонот дунёсига 620 миллион 884 минг сўм зарар етказилган.
Иш юзасидан йиғилган барча ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани “Зилҳа” МФЙ ҳамда Бувайда туманининг “Бостон буво” МФЙ ҳудудларидаги қум барханларида фуқаролар томонидан типратикан ҳамда илон ноқонуний сақланиб, шўрва тайёрлаб сотилаётгани аниқланганди.