Чирчиқда зарарли дастурларни сотган йигит қўлга олинди
3-саҳифа
−
29 Апрель 1978 1 дақиқа
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўзи яратган зарарли APK дастурларни Telegram орқали сотиш билан шуғулланган 21 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у ушбу дастурларни 100-300 минг сўм эвазига Telegram орқали 10 га яқин аккаунт фойдаланувчиларига сотган. Шунингдек, зарарли дастурларни сотиб олган мижозларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга фойдаланиш жараёнида юзага келган муаммолар бўйича маслаҳатлар берган.
Билдирилишича, ушбу APK дастурлар ёрдамида ўзгаларнинг Telegram мессенжерларидаги аккаунтларига рухсатсиз уланиш, телефонларидаги SMS-хабарларни ўқиш ҳамда тўлов тизимларидаги пул маблағларини ўзлаштириб олиш мумкин.
Мазкур шахс Telegram мессенжеридаги 5 дан ортиқ гуруҳ ва каналларнинг администратори бўлган. Шунингдек, у каналларда доимий равишда зарарли APK дастурларининг имкониятлари тўғрисида постлар жойлаштириб келган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчидан 1 дона Asus ExpertBook русумли ноутбук, 1 дона Redmi Note 10 Pro русумли телефон, 1 дона қаттиқ диск ва 2 дона банк пластик картаси ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида APK файллар тарқатиб, одамларнинг 2 млрд пулини ўмарган шахс ушланган эди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
Барчаси