“Чўқинтирган ота” фильми юлдузи вафот этди
Маданият-санъат
−
17 Февраль 10505 3 дақиқа
“Оскар” мукофоти соҳиби, “Чўқинтирган ота” фильми юлдузи Роберт Дюваль жорий йилнинг 15 февраль куни 96 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Лусиана Дюваль ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
“Кеча биз севимли турмуш ўртоғим, азиз дўстим ва замонамизнинг энг буюк актёрларидан бири билан хайрлашдик. Боб ўз уйида, меҳр ва ғамхўрлик қуршовида оламдан ўтди. Бутун дунё учун у “Оскар” мукофоти совриндори, актёр, режиссёр ва ҳикоянавис эди. Мен учун эса у ҳамма нарса эди”, деб ёзган Лусиана Дюваль.
Дювалнинг қўпол, табиийликка яқин актёрлик услуби бутун бир авлод санъаткорлари ижодига таъсир кўрсатган – бу авлод вакиллари қаторига Роберт Де Ниро, Дастин Хоффман ва Жин Хэкмен киради. Роберт Дюваль Сан-Диегода АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари контр-адмирали оиласида туғилган. У Принсипи коллежини тамомлаган ва армияда хизмат қилган. Ҳарбий хизматдан сўнг Нью-Йоркдаги Neighborhood Playhouse театр мактабига ўқишга кирган.
Дювалнинг катта экрандаги дебюти 1962 йилда суратга олинган “Масхарабозни ўлдириш” фильмида қўрқинчли Страшила Рэдли ролини ижро этиш билан бошланган. Бироқ, унинг актёрлик фаолияти дарҳол юксалиб кетмаган: 1960 йилларда у асосан иккинчи даражали роллар билан чекланган. 1969 йилда Дюваль Фрэнсис Форд Копполанинг “Ёмғир одамлари” фильмида суратга тушган. Бир йил ўтиб, у “Ҳарбий-дала госпитали” картинасида Френк Бёрнс ролини ижро этган.
Дюваль фаолиятидаги ҳақиқий бурилиш 1972 йилда экранларга чиққан “Чўқинтирган ота” фильмидан сўнг юз берган. Унда у маслаҳатчи Том Хаген ролини ўйнаган ва бу роль унга илк бор “Оскар” мукофотига номинация олиб келган. Кейинчалик у “Чўқинтирган ота 2” фильмида ҳам Хаген образига қайтган.
1976 йилда у “Тармоқ” фильмида продюсер ролини ижро этган, уч йил ўтиб эса “Қиёмат бугун” картинасида полковник Килгор образини яратган. Кичик, аммо ёдда қоларли ушбу роль унга иккинчи бор “Оскар” номинациясини олиб келган.
Шундан сўнг у “Буюк Сантини”, Роберт Де Ниро билан бирга суратга олинган “Иқрорнома сирлари” ва “Нафис меҳр” фильмларида бош ролларни ижро этган. Сўнгги фильм учун у яна “Оскар” мукофотига сазовор бўлган.
2003 йилда у “Қотилона танго” картинасига режиссёрлик ва сценарийнавислик қилган, 2014 йилда эса кичик Роберт Дауни билан бирга “Судья” фильмида бош ролни ижро этган. Бу роль Дювалга еттинчи бор “Оскар” номинациясини тақдим этган.
Унинг сўнгги ишларидан бири Netflix’нинг мистик триллери – “Барча нарсани кўрувчи кўз” фильмидаги роли бўлди. Картинада Кристиан Бэйл ва Гарри Меллинг ҳам суратга тушган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбек телетомошабинларига “Аччиқ ёлғон” сериалидаги Хайрия va “Қашқирлар макони”даги Семра Аймар роллари билан танилган актриса Невин Эфе 78 ёшида вафот этганди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль