Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтаси режимига ўтказилди
Жамият
−
02 Апрель 6708 2 дақиқа
Кеча, 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилди. Бу ҳақда Президентнинг 2025 йил 9 ноябрдаги “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Бунда шифо масканлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида кеча, 1 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Давлат тиббиёт муассасаларида беш кунлик иш ҳафтасини ташкил этишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланган.
Унга кўра, жорий йил 1 апрелдан:
- тиббиёт ходимлари учун ҳафталик иш вақти 36 соатдан ошмайди;
- зарарли ва хавфли шароитларда ишловчилар учун қисқартирилган иш вақти қўлланилади;
- юқори руҳий ва ақлий зўриқишли ишлар учун ҳам 36 соатдан ошмайди;
- тиббиёт ходимлари бўлмаганлар учун иш вақти 40 соатни ташкил этади.
Поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида иш вақти:
- душанба–жума: 08:00–20:00;
- шанба: 08:00–14:00 (навбатчилик).
Соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган ҳудудларда:
- асосий иш вақти: 08:00–16:00;
- қўшимча навбатчилик: 16:00–20:00.
Навбатчилик вазирликнинг 254-сон буйруғи асосида амалга оширилади. Иш ҳақи сақланади, камайтирилмайди. Ички ҳужжатлар ва меҳнат шартномалари қайта расмийлаштирилади.
Стационарларда навбатчилик доимий ташкил этилади. Смена ва навбатчилик адолатли тақсимланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан эътиборан амалга ошадиган ўзгаришлар жамланмасини эълон қилган эди.
Live
Барчаси