Денов судининг собиқ раиси 5 йилга қамалди
3-саҳифа
−
30 Июнь 8704 2 дақиқа
Сурхондарё вилояти Денов туман судининг раиси бўлиб ишлаган К.М. маст ҳолатда машина бошқариб, ЙТҲ содир қилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Собиқ суд раиси ўтган йилнинг 9 март куни адвокат таниши билан ЙТҲга учраган. Бунинг оқибатида адвокат оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Унинг иши Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра, К.М. Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
Олий суднинг қўшимча қилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Маълумот учун, К.М. 2021 йилнинг апрель ойида 5 йил муддатга Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суд раиси лавозимига тайинланган ва 2024 йил 15 майга қадар ушбу лавозимда ишлаган. Унинг ваколатлари ўтказилган хизмат текшируви натижалари бўйича муддатидан олдин тугатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди судьяси маст ҳолда автомашинани олиб қочгани ҳақида хабар берилганди. Бироз вақт ўтиб эса ушбу судья лавозимидан озод қилинди ҳамда унинг судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилди.
Live
Барчаси