ДХХ кубоги: финалда Сирдарё ва Қашқадарё ёшлари “жанг қилди” (фоторепортаж)
Спорт
−
24 Август 11352 2 дақиқа
Бугун, 23 август куни Тошкент шаҳридаги “ЖАР” стадионида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг мини-футбол ва футбол баҳслари финал ўйинлари бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ футбол бўйича финал учрашувидан фоторепортаж тайёрлади.



“ЖАР” стадионидаги ҳал қилувчи баҳсда Сирдарё вилоятиининг “Жомий” маҳалласи ёшлари Қашқадарё вилоятининг “Қоратепа” маҳалласи ёшларини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ДХХ кубоги соҳибига айланди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида жамоалар тенг кураш олиб борди. Бироқ бўлим ўрталаридан бошлаб сирдарёлик ёшлар устунликни қўлга олди. Кетма-кет ташкил қилинган ҳужумларга қарамай биринчи бўлим нурсиз дуранг билан якунланди.


Иккинчи бўлим ҳам “Жомий” маҳалласи ёшларининг устунлиги билан бошланди. Ўйиннинг 37-дақиқасида бу устунлик таблога кўчди ва сирдарёликлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ушбу голдан сўнг қашқадарёликлар ҳам жонланиб, кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Бироқ ўйин якунигача ҳисоб бошқа ўзгармади ва финал ғолиби аниқланди.


Маълумот учун, 3-ўрин учун баҳсда Тошкент шаҳри жамоаси Фарғона вилояти жамоасидан устун келди. Мини-футбол бўйича ғолиблар қуйидагича:
Қизлар ўртасида:
- Навоий вилояти – 1-ўрин;
- Тошкент шаҳри –2-ўрин;
- Самарқанд вилояти — 3-ўрин.
Ўғил болалар ўртасида:
- Тошкент шаҳри –1-ўрин;
- Самарқанд вилояти –2-ўрин;
- Қашқадарё вилояти – 3-ўрин.
Қайд этиш жоиз, республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, 2-ўринни эгаллаган жамоалар учун универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), 3-ўринни эгаллаган жамоалар маҳалласига стритбол (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдони қуриб берилади. Қизлар ўртасидаги мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган жамоалар эса пул мукофоти билан тақдирланади.
Live
Барчаси