Доллар курси кескин тушиб кетиши мумкин
Олам
−
28 Январь 29272 2 дақиқа
Молиявий бозорларда иштирок этаётган трейдерлар АҚШ долларининг қадрсизланишига рекорд даражада ставкалар қўймоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, доллар курсининг пасайишидан фойда келтирадиган молиявий воситаларга бўлган талаб тарихий даражага етган.
Қисқа муддатли опционлар бўйича тўланадиган мукофот 2011 йилдан бери энг юқори нуқтага чиққан. Инвесторлар нафақат яқин истиқболда, балки узоқ муддатда ҳам доллар келажагига нисбатан жуда пессимистик кайфиятда.
Мутахассислар АҚШда ўтган йилнинг апрелида божлар жорий этилганидан бери доллар энг кескин пасайишни бошдан кечираётганини таъкидлаб, унинг сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага тушиб кетиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Danske Bank катта таҳлилчиси Еспер Фярстедтнинг айтишича, АҚШнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган сиёсати доллар позицияларига салбий босим кўрсатмоқда.
Corpay компаниясининг бош бозор стратегияси бўйича мутахассиси Карл Шамотта эса АҚШнинг протекционизмга юз тутиши ва хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятларини қисқартириши бошқа давлатларни мудофаа харажатларини оширишга мажбур қилаётганини қайд этган. Бу ҳолат илгари доллар фойдасига ишлаган иқтисодий ўсиш ва фоиз ставкалари фарқини камайтирмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати давомида доллар қиймати қарийб 3 фоизга тушган. Трампнинг ўзи эса заиф доллар АҚШ экспортини оширишга хизмат қилишини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 28 январь куни амалда бўладиган қийматини белгилаганди. Унга кўра, долларнинг расмий курси 12 128,02 сўмни ташкил қилган.
Live
Барчаси