Дунёда янги ядровий қуролланиш пойгаси бошланмоқда

Олам

image

Дунё янги ядровий қуролланиш палласига кирмоқда. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) эълон қилган йиллик ҳисоботда сўз боради.

SIPRI’га кўра, ядровий қуролга эга давлатлар ўз атом арсеналларини кенгайтирмоқда ва қуролларни назорат қилиш бўйича битимлардан чиқмоқда. Бу ҳолат совуқ уруш тугаганидан кейин давом этган ядро қуролсизланиши даврининг ниҳоясига етганини англатади.

2025 йил январь ҳолатига кўра, дунёда жами 12 241 та ядровий жанговар каллак мавжуд бўлиб, уларнинг тахминан 9 614 таси ҳарбий омборларда жойлашган ва қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатда сақланмоқда.

Шунингдек, тахминан 2 100 та каллак юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида баллистик ракеталарга жойлаштирилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси АҚШ ёки Россияга тегишли.

SIPRI таҳлилчиларининг таъкидлашича, халқаро кескинлик ортиб бораётган бир вақтда дунёдаги тўққизта ядровий давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил ўз захираларини янада ошириш ниятида.

“1980 йиллардан бери давом этган ядро қуролларини қисқартириш даври якунига етмоқда. Аксинча, ҳозир биз ядровий арсеналнинг кўпайиши, ядро таҳдиди риторикасининг кескинлашуви ва қурол назорати бўйича битимлардан воз кечиш тенденциясини кузатмоқдамиз”, дейилади SIPRI баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлигининг Хитой ҳарбий қудрати тўғрисидаги йиллик ҳисоботида 2030 йилга бориб Хитой 1 мингдан ортиқ ядро каллакларини жойлаштириш имкониятига эга бўлиши айтилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

SIPRI ядровий қуролланиш пойгаси жанговар каллак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг