Дунёнинг энг қиммат университетлари ўнталиги
Бу қизиқ
−
26 Июль 14225 7 дақиқа
Дунёда нафақат нуфузи ва академик имкониятлари, балки тўлов нархлари бўйича ҳам юқори рейтингларда турувчи университетлар мавжуд. Мазкур олийгоҳлар талабалари қиммат тўловлар бундай таълим ва имкониятларга арзийди, деб ҳисоблайди. Ушбу мақолада дунёдаги энг қиммат университетлар, уларнинг имкониятлари ва машҳур битирувчилари ҳақида сўз боради.
1. Колумбия университети – йиллик тўлов 65 минг АҚШ доллари

1754 йили ташкил топган Нью-Йорк шаҳридаги энг қадимий олий таълим муассасаси 1896 йилда қайноқ шаҳар ҳаётидан чарчаб, четроққа кўчиб ўтган ва Колумбия университети деб номлана бошлаган. Яшил ўрмон ичидаги бу университетда талаба бўлиш нафақат катта пул, балки чуқур билим ҳам талаб қилади. АҚШда биринчи бўлиб тиббиёт дипломи берган мазкур университетда, шунингдек, журналистика, ҳуқуқ ва иқтисод каби йўналишларда ҳам таҳсил олиш мумкин.

АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ва АҚШ Олий судининг собиқ судьяси Рут Бейдер Гинзбург каби машҳур сиёсатчилар Колумбия университети битирувчилари ҳисобланади.
2. Калифорния технология институти (Caltech) – йиллик тўлов 64,8 минг АҚШ доллари

Дунёдаги энг қиммат университетлардан бири бўлган Caltech АҚШнинг Калифорния штатидаги қуёшли Пасадина шаҳрида жойлашган ақлли одамлар масканидир. Олтита турли академик бўлимга эга ушбу университет талабалари қора туйнуклардан фалсафагача бўлган ҳамма нарсани ўрганади. Бу ерда бор-йўғи 2 мингга яқин асосан магистратура даражасидаги талаба коинот сирларини ўрганади. Intel, Compaq ва Hotmail каби йирик компаниялар муаллифлари ҳам шу ерда ўқиган. Бундан ташқари, Калифорниядан Гавайигача ўрнатилган телескоплар университетни юлдуз кузатувчилар учун ҳақиқий жаннатга айлантиради.

Магистрантлар асосан аэрокосмик муҳандислик, физика, компьютер фанлари каби йўналишларда таҳсил олади. Нобель мукофоти совриндори, кимёгар Лайнус Полинг ва Нобель мукофоти совриндори, физик Кип Торн каби олимлар ҳам мазкур олийгоҳ битирувчилари саналади.
3. Чикаго университети – йиллик тўлов 63,7 минг АҚШ доллари

1890 йилда асос солинган ушбу илмий маскан Чикагонинг Ҳайд-парк туманида жойлашган. 125 йилдан ортиқ вақт давомида илмий изланиш ва интеллектуал эркинликни тарғиб қилиб келаётган ушбу университет битирувчиларининг нақд 98 таси Нобель мукофоти совриндорларига айланган.

7 мингдан ортиқ талабалар иқтисодиёт, сиёсатшунослик ва бизнес йўналишларида таҳсил олади.
4. Ҳарви Мадд коллежи – йиллик тўлов 63 минг АҚШ доллари

1955 йилда ташкил топган мазкур олийгоҳ ҳозирги даражага келгунича етарлича қийинчиликларга дуч келганки, ҳатто очилганига икки йилдан ошган пайтда 7 нафар ўқитувчи бор йўғи 48 талабага дарс берар эди. Бугун эса у дунёдаги энг қиммат билим даргоҳларидан бири ва ақл эгалари майдонига айланган. Ҳарви Мадд ўқитиш услуби мураккаб бўлиб, амалий илмий тадқиқотларга асосланади. Битирувчиларга фақат билим эмас, балки иқтисодий устуворлик ҳам кафолатланади. Шу сабабли у дунёдаги энг қиммат университетлардан бирига айланган.

Университетда асосан компьютер фанлари, математика ва физика йўналишларида билим берилади.
5. Калифорния санъат коллежи (CCA) – йиллик тўлов 57 минг АҚШ доллари

1907 йилда Беркли шаҳрида асос солиниб, кейинчалик Оклендга кўчирилган Калифорния санъат коллежи 2022 йилда Сан-Франсиско кампуси билан бирлашиб ижодий билим марказига айланган. 1 минг 619 талабага эга бўлган CCA санъат, архитектура, дизайн ва хаттотликда назария ва амалиётни уйғунлаштиради. Маскан маданият ва жамиятни шакллантиришга урғу бериб, ижодкорлик, хилма-хиллик, барқарорлик ва ижтимоий масъулият каби қадриятларни тарғиб қилади.

Бошқа қиммат олийгоҳлардан фарқли ўлароқ қабул шартлари жуда қатъий эмас. Номдор нуфузи туфайли ушбу олийгоҳ битирувчилари карьерасининг дастлабки даврларидаёқ ўртача 29 минг доллар маош билан арзирли даромадга эриша олади. Бундан ташқари, анимация, видео графикаси, саноат ва маҳсулот дизайни ҳамда компьютер графикаси каби замонавий касблар ҳам ўргатилади.
6. Парсонс дизайн мактаби – йиллик тўлов 55 минг АҚШ доллари

Нью-Йорк шаҳрининг Гринвич Виллаж ҳудудида жойлашган ва 1896 йилдан буён фаолият юритаётган Парсонс хусусий санъат ва дизайн маскани анъанавий санъат таълим даргоҳларидан безганлар учун айни муддао. Кенг қамровли таълим муассасаси ҳисобланган Парсонснинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати бу – реал ҳаётга асосланган ўқитиш ёндашувидир. Шу сабабли у АҚШдаги энг яхши дизайн мактаби саналади ва дунё бўйича энг кучли учликка киради. Шунинг учун дунёдаги энг қиммат университетлардан бири сифатида тан олинади.

У ерда талабаларга мода дизайни, интерьер дизайнерлиги ва фотография йўналишларида билим берилади. Кийим, сумка ва пойабзал бренди DKNY асосчиси, мода дизайнери Донна Каран ва машҳур мода дизайнери Марк Жейкобс кабилар ушбу санъат олийгоҳи битирувчилари ҳисобланади.
7. Мельбурн университети – йиллик тўлов маҳаллий талабалар учун 9,7 минг; халқаро талабалар учун 33 мингдан 45 минг АҚШ долларигача

Мельбурн шаҳри юрагида жойлашган бу университет Австралиянинг энг нуфузли олийгоҳларидандир. У бугунги рўйхатдаги энг қиммат университетлардан бири ҳам ҳисобланади. 1853 йилда ташкил этилган Мельбурн Австралиядаги иккинчи энг қадимий университетдир. 52 мингдан ортиқ талаба таҳсил оладиган ушбу университет кампуслари бутун Виктория штатида жойлашган бўлса-да, асосий кампус Мельбурннинг марказий Парквилле ҳудудида. Австралиядаги энг қиммат бу университет 100 дан ортиқ илмий-тадқиқот марказлари билан атроф-муҳитни сақлаш, иқтисодиётни барқарорлаштириш каби катта муаммоларга қарши курашишга бел боғлаган.

Мельбурнда асосан ҳуқуқ, тиббиёт ва психология йўналишларида таълим берилади. Австралия собиқ бош вазири Жулия Гиллард ва Нобель мукофоти совриндори, иммунолог Питер Дохерти кабилар айнан ушбу олийгоҳ битирувчилари саналади.
8. Оксфорд университети – йиллик тўлов маҳаллий талабалар учун 9,2 минг; халқаро талабалар учун 30 мингдан 40 минг фунт стерлинггача

Англиянинг Оксфорд шаҳрида жойлашган Оксфорд университети нафақат дунёдаги энг қиммат, балки энг қадимий ва машҳур олийгоҳлардандир. 39 та коллеж ва 5 та катта залдан иборат мазкур университет ҳудудини саргузаштлар шаҳарчаси деб атаса ҳам бўлади.

Оксфорд асосий эътиборни илмий тадқиқотларга қаратади: 70 та илмий бўлим ва жуда кўп сонли лойиҳа ва дастурлар мавжуд. Европа илмий тадқиқотлар университетлари лигаси ва Халқаро илмий университетлар иттифоқи аъзоси ҳисобланган мазкур олийгоҳ ўзига талаба танлашда яхшигина талаб ва шартларга эга. У ерда асосан, математика, ҳуқуқ ва тиббиёт йўналишларида билим берилади.
Буюк Британия собиқ бош вазири Тереза Мэй ва АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон каби машҳур сиёсатчилар мазкур университет битирувчилари саналади.
9. Лондон империал коллежи – йиллик тўлов маҳаллий талабалар учун 31 минг; халқаро талабалар учун 39 минг фунт стерлинг

Лондон империал коллежи глобал миқёсда танилган ва кучли ўнликдаги университетлардан бири ҳисобланади. Бу университет фақат машҳур эмас, балки ҳар доим дунёдаги энг яхши университетлар қаторида бўлади. У илм-фан, муҳандислик, тиббиёт ва бизнес соҳаларида етакчилик қилади.

Университет аёлларнинг фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларидаги фаолиятини қўллаб-қувватловчи STEM мукофотига эга. Тўрт академик бўлим орқали муҳандисликдан тортиб бизнесгача бўлган йўналишларни қамраб олган Лондон империал коллежида ўқув йили уч семестрдан иборат.
10. Кембриж университети – йиллик тўлов маҳаллий талабалар учун 9,2 минг; халқаро талабалар учун 35 минг фунт стерлинг

1209 йилда асос солинган Кембриж университети – Буюк Британия юрагида жойлашган илмий марварид. 145 та мамлакатдан келган 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган ва 31 та алоҳида коллеждан ташкил топган бу жойда дўстона рақобат ҳукмрон.
Бугунга келиб Кембриж битирувчиларининг 121 таси Нобель мукофотига эгалик қилади. Бу уни энг қиммат университетлардан бирига айлантиради. Университет битирувчилари орасида олим, шоир, рассом, сиёсатчи ва қироллик оиласи аъзолари бор.
Талабаларга асосан, математика, иқтисодиёт ва ҳуқуқ йўналишларида дарс берилади.
Бутун олам тортишиш қонунини кашф қилган олим Исаак Ньютон, “атом бомбасининг отаси” деб номланган Роберт Оппенгеймер ва бошқа кўплаб машҳур шахслар ҳам мазкур университет битирувчилари ҳисобланади.
Олий таълим олиш анча қимматга тушиши мумкин, лекин бунинг учун турли стипендия ва таълим кредити каби кўплаб молиявий ёрдам вариантлари мавжуд.
Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия ва Канада каби кўпгина давлатларда халқаро талабалар учун ярим кун ишлашга рухсат этилади. Бу барча харажатларни қопламаслиги мумкин, лекин қўшимча даромад ва тажриба беради.
Мақола сўнггидаги хулоса шундай: агар таълим беш юлдузли меҳмонхона бўлганида, бу университетлар самовий манзарали пентхаус бўлган бўларди.
Live
Барчаси