Экология вазирлиги қўмитага айлантирилди

Жамият

image

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.

Фармонга кўра, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги эса Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.

Ҳужжатда белгиланишича, Экология қўмитаси қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади:

  • чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд” умуммиллий лойиҳаси;
  • атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси;
  • 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси;
  • аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси;
  • биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган “Био мерос” умуммиллий лойиҳаси.

Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади, бунда:

  • молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
  • бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
  • ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.

Мақола муаллифи

Теглар

Экология Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг