Электр энергиясининг нархи паст даражада оширилди – Жамшид Қўчқоров (видео)

Жамият

image

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда электр энергияси паст даражада оширилганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 3 июнь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисидаги Давлат бюджети ижроси муҳокамасида сўз очди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 7,6 миллионта электр энергияси истеъмолчилари бор. Шундан 70 фоизи ойига 300 кВт/соатгача ток ишлатади.

Қўчқоровнинг таъкидлашича, тарифлар кам миқдорда ошганига қарамай, ижтимоий ҳимоя масалаларига эътибор қаратилган. Масалан, кам таъминланган оиланинг ойлик даромади жон бошига 1 миллиондан кам бўлса, 200 кВтгача ишлатилган электр энергияси тўлови базавий меъёр доирасида бўлади.

“Тарифлар оширилишида ҳеч қандай жиддий масала йўқ. Агар бир оила ойига 300 кВт/соат ток истеъмол қилса, тўлов миқдори аввалгидан 20 минг сўмга ошади, яъни 180 сўмдан 200 минг сўмга. Республикада мобил алоқа хизмати учун битта абонент камида 35 минг сўм тўлайди. Бир оилада учта телефон бор. Энергия тарифлари паст миқдорда оширилган бўлишига қарамай, ижтимоий ёрдам масалалари ҳам кўзда тутиляпти”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, 500 кВт/соат электр истеъмол қилганлар аввал қанча тўлаган бўлса, ҳозир ҳам худди шу нархни тўлайди.

“200 кВт/соатгача бўлган электр энергияси тарифи 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. Бунда истеъмолчи аввалгидан 30 минг сўм кўпроқ тўлайди. Аммо 201 кВтдан 500 кВтгача бўлган нарх 900 сўмдан 800 сўмга пасайтирилди. Ўртача оила ойига 500 кВт/соат электр истеъмол қилди дейлик. Нарх пасайгани ҳисобига унинг ойлик харажати ўзгармайди. Яъни у олдин 500 кВт учун 360 минг сўм тўлаган бўлса, ҳозир ҳам шунча тўлайди”, деган вазирлик раҳбари.

 

Маълумот учун, энергия ресурсларининг тарифлари жорий йилнинг 1 май кунидан оширилиши бўйича қарор қабул қилинган эди. Электр энергияси бўйича базавий тариф ставкаси 200 кВт соатгача электр энергияси ишлатилганда 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. 201 кВтдан 500 кВт соатгача бўлса, тариф 900 сўмдан 800 сўмга камайтирилди. 501-1000 кВтгача бўлса, 900 сўмдан 1000 сўмга оширилди.  

Эслатиб ўтамиз, бугунги чиқишида Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласига ҳам алоҳида тўхталган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ички инфратузилмани ташкил этиш ва сақлаш, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун иқтисодий таъминот зарур ва шунинг учун ташқи қарз жалб қилинади ҳамда бунинг уятли жойи йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Жамшид Қўчқоров электр энергияси Қонунчилик палатаси Иқтисодиёт ва молия вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг