Энди аҳоли пунктларидаги бўш ерни шунчаки олиб қўйишга тақиқ қўйилади
Жамият
−
19 Ноябрь 6994 2 дақиқа
2026 йил 1 апрелдан бошлаб ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 19 ноябрь куни имзоланган “Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз борган.
Янги тартибга кўра, фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.
Бунда дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйилади.
Кадастр агентлиги тегишли ер майдони хусусий мулк ҳисобланмаслиги ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганиб, ижобий ҳолларда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.
Бундан буён Экология қўмитаси тизимидаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумдавлат аҳамиятига эга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади ва уларга нисбатан қуйидаги тартиб жорий этилади:
• Табиий ҳудудлар бошқаруви ва бўйсунуви бевосита Экология қўмитасида бўлади;
• янги табиий ҳудудларни ташкил этиш ва мавжуд табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш қонуности ҳужжатлари билан амалга оширилиши мумкин;
• табиий ҳудудларнинг фаолиятини тугатиш ёки улар ҳудудини қисқартириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари билан амалга оширилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан маҳаллий аҳамиятга эга табиат боғлари, буюртма қўриқхоналари, курорт табиий ҳудудлар ва ботаника боғлари ташкил этилиши мумкин ва уларга нисбатан қуйидаги тартиб жорий этилади:
• Бошқаруви ва бўйсунуви туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;
• уларнинг фаолиятини тугатиш ёки улар ҳудудини қисқартириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорлари билан амалга оширилади.
Live
Барчаси