Эрон араб давлатларидан ҳам товон талаб қилмоқда

Олам

image

Эрон ҳукумати АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операциясидаги роли учун беш араб давлатидан компенсация талаб қилди. Бу ҳақда Эрон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат йўллаган.

Мурожаат БМТга юборилган бўлиб, уни Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Ираваний БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик кенгаши раисига йўллаган.

Ҳужжатда Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания жавобгарликка тортилиши кераклиги айтилган. Эрон уларнинг барчасидан мамлакатга етказилган моддий ва маънавий зарар учун тўлиқ компенсация тўлашни талаб қилмоқда.

Теҳроннинг таъкидлашича, ушбу давлатлар ўз ҳудудларини Эронга қарши ҳужумлар учун тақдим этган, айрим ҳолларда эса бевосита “ноқонуний қуролли зарбаларда”, жумладан фуқаролик объектларига қаратилган ҳужумларда иштирок этган. Шу сабабли Эрон бу ҳаракатларни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан “агрессия” деб баҳоламоқда.

Бироқ Форс кўрфази мамлакатлари ва Иордания бу айбловларни рад этиб, АҚШ ва Исроилнинг Эрон қарши операциясида иштирок этмаганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроилни “тажовузкорлар” деб атаб, Теҳрон улардан етказилган зарар учун албатта товон пули талаб қилишини билдирганди. Унинг айтишича, Эрон ҳеч қачон ҳужум қилганларни тинч қўймайди ва компенсация ундириш масаласини охиригача олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Саудия Арабистони компенсация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг