Эрон Дубайнинг кулини кўкка совуряпти

Таҳлил

Тинчлик ва барқарорлик рамзи сифатида кўриладиган жаннатмакон Дубай шаҳри энди мушакбозликдан эмас балки, ҳақиқий ракета ва дронлари ҳужумидан осмони чақнамоқда. Яқин Шарқдаги можаро янги босқичга чиқди. Энди гап фақат уч давлат ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида эмас – бутун Форс кўрфази минтақасидаги дронлар ва ракета зарбалари ҳақида бормоқда. Эроннинг зарбалари нафақат Исроил, балки Форс кўрфази давлатлари – Баҳрайн, Қатар ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудларига ҳам қаратилгани вазиятни кескинлаштирди. Энг катта резонанс эса айнан Дубай атрофидаги портлашлар ва стратегик объектларга етказилган зарар билан боғлиқ бўлди. Яқин дақиқалар ичида Теҳрон ва Дубай ўртасидаги ўзаро ҳужумлар ва уларнинг асл сабаблари ҳақида маълумот берамиз.

Можаронинг илдизи: Эрон–Исроил–АҚШ учбурчаги

Жорий йилнинг 28 февраль кунги Эрон–Исроил–АҚШ иштирокидаги уруш оммавий тус олди. Бир томондан Канада, Буюк Британия Германия АҚШ ва Исроилни қўллаб-қувватлаётган бўлса, Эрон деярли якка ҳолда АҚШ ҳарбий базалари жойлашган мамлакатларга Тель-Авив билан параллел равишда ҳужум бошлади. Эроннинг тарих кўрмаган зарбалари Дубайни ҳам четлаб ўтмади. Эрон Баҳрайндаги АҚШнинг 5-флоти жойлашган ҳудудларга, Қатардаги “Ал-Удеид” авиабазасига, БААдаги Абу-Даби ва Дубай шаҳларига, Қувайт аэропорт инфратузилмасига ҳамда Ироқ Курдистонидаги Эрбиль Америка базасига ҳужум қилди. Қатар расмийлари кўплаб Эрон ракеталарини уриб туширилганини маълум қилди. Саудия Арабистони Эронни минтақавий тажовузда айблади.

Шунингдек, Дубай осмони Эрон дронларининг ҳаракат майдонига айланди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади – нега айнан Дубай? Чунки Американинг ҳарбий базалари БААда жойлашган. Биринчи база – Абу-Дабида жойлашган “Al Dhafra Air Base” авиабазаси. У ерда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари жойлашган бўлиб, қирувчи самолётлар, разведка учоқлари ва учувчисиз аппаратлардан фойдаланилади. Бу база Яқин Шарқ минтақасидаги операциялар учун муҳим стратегик нуқта ҳисобланади.

Шунингдек, Дубайдаги “Jebel Ali Port” порти ҳам АҚШ учун катта аҳамиятга эга. У расман Америка ҳарбий-денгиз базаси эмас, аммо АҚШ ҳарбий кемалари ушбу портга мунтазам равишда кириб, логистика ва таъминот ишларини амалга оширади. Шу боисдан ҳам Эрон бу икки туристик араб шаҳарларига ҳужум қилмоқда.

Бундан ташқари, Дубай – Яқин Шарқнинг молиявий юраги ҳисобланади. Бу ерда дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири Дубай халқаро аэропорти, туризм рамзи “Бурж Ҳалифа” жойлашган бўлиб, Теҳрон айнан шу объектларни ҳам нишонга олди. Аэропорт ҳудудида портлаш ва эвакуация жараёнлари кузатилди. “Jebel Ali Port” портида ёнғинлар қайд этилди. “Burj Al Arab”, “Fairmont The Palm”, “Atlantis The Palm” меҳмонхоналари ҳам дрон ҳужумларидан зарар кўрган. 

Дубайда бункерлар мавжуд эмаслиги сабабли аҳоли ва сайёҳлар ерости автотураргоҳларига яширинишга мажбур бўлди. Бунинг ортидан Бирлашган Араб Амирликлари Эрон билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилди. Мамлакат ҳукумати Эрон томонидан БАА ҳудудига йўналтирилган ҳужумлардан сўнг Теҳрондаги элчихонасини ёпиш, шунингдек, Эрон Ислом Республикасидаги элчиси ва дипломатик миссия ходимларини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.

Шунингдек, БААнинг Шаржа шаҳридаги савдо марказларидан бирига дрон орқали зарба берилди. Ҳодиса оқибатида бинода ёнғин келиб чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар бўлиши мумкин, шунингдек, айрим одамлар ёнғин ичида қолиб кетган бўлиши эҳтимоли мавжуд. Шу билан бирга, Дубайда озиқ-овқат дўконларида танқислик кузатилаётгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар бўшаб қолган расталар акс этган видеоларни тарқатди. 

Бундан ташқари, Абу-Дабидаги Зайд портига ҳам Эрон томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабарлар бор. Бир сўз билан айтганда, туристлар учун тинчлик ва завқ шаҳрига айланган мамлакат бугун хавф остида қолди. Сайёҳлар оқими тўхтагани учун мамлакатда меҳмонхоналар нархи кескин қулади. 1700 долларлик беш юлдузли меҳмонхоналар 700 долларгача пастлади.

Яқин Шарқдаги кескинлик сабаб мамлакатда қолиб кетган сайёҳларга нисбатан эса махсус чоралар кўрилмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати аэропортлар ёпилиши ортидан чиқиб кета олмаётган сайёҳлар ва йўловчиларнинг меҳмонхона ҳамда овқатланиш харажатлари давлат ҳисобидан қопланишини маълум қилди. Шунингдек, ҳукумат аҳолидан уйдан кўчага чиқмасликни сўради.

Абу-Даби Маданият ва туризм департаменти эса сайёҳлар вақтинча тураржой ва озиқ-овқат билан таъминланаётгани, шунингдек, авиарейсларни қайта брон қилиш жараёни ҳам амалга оширилаётганини билдирди. Ҳозирга қадар 20 минг 200 нафардан ортиқ йўловчи ушбу хизматлардан фойдаланган. Қатор хусусий компаниялар ҳам бепул тураржой ажратиш орқали ёрдам кўрсатаётгани таъкидланган. 

Эрон-БАА зиддияти

Эрон–БАА ўртасидаги иқтисодий парадокс юзага келади. Дубай Яқин Шарқнинг молиявий ва логистика маркази. Шаҳардаги энг йирик инфратузилма объектлари атрофида портлашлар ва ёнғинлар қайд этилгани вазиятни янада жиддийлаштирди.

Эрон учун Дубай оддий шаҳар эмас. У ўнлаб йиллар давомида Эрон бизнеси учун “иқтисодий нафас йўли” вазифасини бажарган. АҚШ санкциялари шароитида кўплаб эронлик тадбиркорлар Дубай орқали савдо операцияларини амалга ошириб келган. Дубай банклари ва эркин иқтисодий зоналари Эрон капитали учун муҳим транзит майдони бўлган. Шу сабабли, Теҳрон ўзига билвосита фойда келтириб турган логистика марказини нишонга олмоқда. Бу эса икки хил талқинга сабаб бўлади. Биринчиси, ҳарбий сигнал – БААни АҚШ билан яқин ҳамкорлик учун жазолаш. Иккинчиси, сиёсий босим – Форс кўрфази давлатларини бетарафликка мажбур қилиш.

БАА ва Эрон ўртасидаги муносабатлар тарихан мураккаб. Форс кўрфазидаги Абу Муса ва Кичик ҳамда Катта Тунб ороллари бўйича ҳудудий тортишувлар йиллар давомида сақланиб келмоқда. Сўнгги йилларда БАА Исроил билан алоқаларни мустаҳкамлагани, хусусан, Иброҳим келишувига қўшилганини Эрон томонидан кескин қабул қилинди. Шу боис, Дубайга берилган зарбалар фақат ҳарбий объектлар билан боғлиқ эмас, балки сиёсий огоҳлантириш характерига ҳам эга бўлиши мумкин.

Трампга тегишли мулклар: ҳақиқат ва миш-миш

Можаро фонида ижтимоий тармоқларда кўплаб тасдиқланмаган видеолар ва хабарлар тарқалмоқда. Трамп миноралари, МРБ қароргоҳи ёки бошқа объектларга зарба берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Хусусан, “Трампга тегишли Дубайдаги миноралар зарба олди” деган иддаолар пайдо бўлди. Аммо бу қанчалик тўғри? Фактларга таянадиган бўлсак, Дональд Трамп бренди остида “Trump International Golf Club Dubai” , “Trump Estates” тураржой мажмуаси ҳамда “Trump Tower Dubai” лойиҳаси жойлашган. Бироқ очиқ манбаларга кўра, ушбу объектларга тўғридан тўғри зарба берилмаган. Шунга қарамай, шаҳарда дрон ҳужуми оқибатида зарар кўрган “Palm Jumeirah” мажмуаси Трамп оиласининг асосий инвестиция маркази сифатида қайд этилган.

Маълумотларга кўра, Эрон томонидан Дубай ва бошқа шаҳарларга ҳужум қилишда Баллистик ракеталар, қанотли ракеталар, “Shahed-136” дронларидан фойдаланган. “Shahed” типидаги дронлар узоқ масофага паст баландликда учиш имконига эга бўлиб, ҳаво мудофаа тизимлари учун мураккаб нишон ҳисобланади. Қатар ва БАА Patriot тизимлари кўплаб зарбаларни уриб туширгани айтилмоқда.

Эроннинг Форс кўрфази мамлакатларига, жумладан, Дубайга қилган зарбалари ҳарбий сигнал бўлиши мумкин. Шунингдек, минтақада геосиёсий босим ва иқтисодий таҳдидларни оширади. Агар дипломатик каналлар ишламаса, Яқин Шарқ тарихидаги энг катта эскалациялардан бири юз бериши мумкин.

Дубайдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Бирлашган Араб Амирликлари, хусусан, Дубай шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди. Қайд этилишича, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БААдаги дипломатик ваколатхоналар фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда.

Ҳаво маконидан фойдаланишдаги вақтинчалик чекловлар туфайли авиақатновлар тўхтатилган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан, маҳаллий қонун-қоидалар ва расмий идоралар кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлиш ҳамда фақат расмий ахборот манбаларига таяниш  сўралади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Дубай ўзбекистонликлар Эрон–Исроил–АҚШ Эрон-БАА зиддияти Яқин Шарқдаги можаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг