Эрон терма жамоаси АҚШ визаларини олди
Спорт
−
11:30 718 2 дақиқа
Эрон миллий терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун АҚШ визаларини олди. Бу ҳақда Эроннинг Анқарадаги элчиси Муҳаммад-Ҳасан Ҳабиболлозода маълум қилди.
“Эрон терма жамоаси футболчилари учун визалар 48 соат ичида расмийлаштирилди. Бу эса ўйинчиларнинг Мексика элчихонасига шахсан бориши ва бармоқ изларини топшириши заруратини бартараф этди”, дейди Ҳабиболлозода.
Аввалроқ, Эрон терма жамоасининг йиғин базаси АҚШнинг Аризона штатида жойлашиши режалаштирилган эди. Бироқ АҚШ билан юзага келган ҳарбий зиддият ва хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабаб Эрон томони FIFAдан йиғин базасини Мексикага кўчиришга рухсат беришини сўраган.
Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож жорий йилнинг 24 май куни мазкур сўров қаноатлантирилганини маълум қилган эди.
Тақвимга кўра, Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида жорий йилнинг 15 июнь куни Янги Зеландия, 21 июнь куни Бельгия ва 26 июнь куни Миср терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Учрашувлар Инглвуд ва Сиэтл шаҳарларида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилади. Шунингдек, мусобақа биринчи марта бир вақтнинг ўзида уч давлат — АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида бўлиб ўтади. Турнир 11 июндан 19 июлгача давом этади.
Live
Барчаси