Эронда 50 нафардан ортиқ монархия тарафдори ҳибсга олинди
Олам
−
14 Март 2360 1 дақиқа
Эронда тартибсизликлар уюштиришни режалаштирган 50 нафардан ортиқ монархия тарафдори қўлга олинди. Бу ҳақда “Fars” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги уч кун давомида хавфсизлик кучлари ижтимоий тартибсизликларни қўзғатишни режалаштирган 54 кишини ҳибсга олган. Расмийлар уларнинг айримлари январь ойида мамлакатда юз берган норозилик намойишларида фаол қатнашганини билдирган.
Хабарда айтилишича, 11 нафар гумонланувчидан учта ўқотар қурол, 76 та совуқ қурол ҳамда граната мусодара қилинган.
Шунингдек, икки киши Исроилнинг “Моссад” разведка хизматига маълумот узатганликда айбланиб қўлга олинган. Улар муҳим объектларнинг геолокациясини юбориш, ракета зарбалари тушган жойларни суратга олиш ва материалларни Эронга қарши оммавий ахборот воситаларига жўнатиш билан шуғулланганликда гумон қилинмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудидаги бир қатор биноларга зарбалар берганди. Эрон эса бунга жавобан Исроил ҳудуди ҳамда Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳужумлар уюштиришни бошлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Эрон Ислом Республикаси раҳбарияти ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига алоқадор юқори мартабали расмийлар ҳақида маълумот берган шахсга 10 миллион АҚШ доллари мукофот таклиф қилганди.
Live
Барчаси