Эронга қарши урушда қанча АҚШ аскари ҳалок бўлгани айтилди
Олам
−
14 Март 8410 1 дақиқа
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси бошланганидан бери Яқин Шарқда камида 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда америкалик мулозимга таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўн нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланган. Яна 200 га яқини енгил жароҳат олган бўлиб, улардан 170 нафари аллақачон хизматга қайтган.
Бунгача Франция Президенти Эммануэль Макрон Ироқ Курдистонининг Эрбил шаҳри яқинидаги ҳарбий базага Эрон томонидан уюштирилган ҳужум пайтида бир нафар француз ҳарбийси ҳалок бўлганини ҳам маълум қилган.
Шунингдек, 8 март куни Исроил ҳам Ливан жанубида икки нафар аскари ҳалок бўлганини хабар қилди. Исроил Мудофаа кучлари маълумотларига кўра, булар “Ҳизбуллоҳ” билан жанговар ҳаракатлар қайта тикланганидан бери ҳарбийлар орасидаги илк қурбонлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари оқибатида 400 нафардан ортиқ аёл ва 18 ёшга тўлмаган шахслар қурбон бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравонийнинг сўзларига кўра, ҳужум қурбонларининг умумий сони 1300 кишидан ошган, бироқ бу маълумотлар 7 мартдан бери янгиланмаган. 10 март ҳолатига кўра, Эронда жароҳатланганлар сони 15 минг кишидан ортиқни ташкил этган.
Live
Барчаси