Эррол Маскнинг оиласи уни жинсий зўравонликда айблади – NYT
Олам
−
23 Сентябрь 2025 7297 2 дақиқа
Америкалик миллиардер ва тадбиркор Илон Маскнинг отаси Эррол ўгай ҳамда ўз фарзандларига нисбатан жинсий зўравонликда гумонланмоқда. Бу ҳақда полиция ва суд протоколлари ҳамда Эррол Маскнинг қариндошларига таяниб, “The New York Times” (NYT) хабар берди.
“Илон Маскнинг отаси билан алоқасининг узилишига олиб келган муҳим омиллардан бири Эррол Маскка қўйилган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик айбловлари бўлди. Бу айбловлар Илон Маскнинг ҳаётига ҳам бир неча бор таъсир кўрсатган, чунки қариндошлари ундан ёрдам сўраб мурожаат қилган ва у баъзида уларни ҳимоя қилишга уринган. Буни шахсий хатлар тасдиқлайди”, деб ёзади нашр ўз суриштируви асосида.
Полиция ва суд протоколлари, шахсий ёзишмалар, ижтимоий ходимларнинг гувоҳликлари ҳамда оила аъзолари билан интервьюларга кўра, Эррол Маскка қўйилган айбловлар унинг беш фарзанди ва ўгай фарзандларига тааллуқли.
Энг дасталбки айблов 1993 йилда қўйилган бўлиб, ўшанда тўрт ёшли ўгай қизи қариндошларига Эрролнинг унга қўл теккизганини айтган. Баъзи оила аъзолари Эррол Маскни ўзининг икки қизи ва ўгай ўғлига нисбатан ҳам зўравонликда айблаган.
“Уч марта алоҳида суриштирув ўтказилган. Улардан иккитаси якунланган, учинчисининг тафсилотлари ҳозирча номаълум. 79 ёшли Эррол Маск ҳеч қайси жиноят бўйича судланмаган”, дейилади мақолада.
Айтилишича, зўравонлик айбловлари Масклар оиласида низога сабаб бўлган ва баъзи қариндошлари ёрдам сўраб Илонга мурожаат қилган.
“Бизга бу масалаларда сенинг маслаҳатинг, ёрдаминг ва раҳбарлигинг жуда керак, чунки биз бу болаларнинг ҳар куни азоб чекаётганини кўриб турибмиз”, деб ёзилган Илонга юборилган хатлардан бирида.
NYT маълумотига кўра, Илон Маск ўзининг собиқ ўгай онаси ва икки ўгай синглисига молиявий ёрдам кўрсатган ҳамда собиқ ўгай синглисига ойма-ой пул юбориб турган.
“У ўгай оиласи ва ўгай ака-укаларини Калифорнияда ушлаб қолишга ҳаракат қилган”, деб ёзади нашр.
Илон Маск ва унинг адвокати бу маълумотларни нашрга изоҳлашдан бош тортган.