Эстония Россия биқинида бункерлар қуришни бошлади

Олам

image

Эстония мамлакатнинг жануби-шарқида Россия билан чегара бўйлаб илк бетон бункерларни ўрнатишни бошлади. Бу ҳақда “Defense News” хабар берди.

Эстония Мудофаа инвестициялари маркази вакили Крисмар Розиннинг тушунтиришича, жорий ҳафта ҳолатига кўра еттита бошпана ўрнатишга тайёр ҳолга келтирилган. Йил охиригача расмийлар жами 28 та бункер жойлаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу иншоотлар Европа Иттифоқи ва НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш мақсадида яратилаётган 600 та бошпанадан иборат тармоқнинг биринчи линиясини ташкил этади.

Майдони тахминан 35 квадрат метр бўлган бошпаналар 152 миллиметрлик артиллерия снарядлари зарбасига бардош бера олиши лозим. Улар Россиянинг эҳтимолий босқинини олдини олишга қаратилган кўп босқичли мудофаа тизимининг бир қисми ҳисобланади. Розиннинг сўзларига кўра, аллақачон тиканли симлар ва “аждаҳо тишлари” туридаги тўсиқлар захираси шакллантирилган бўлиб, зарурат туғилганда ўрнатиш учун олдиндан тайёрланган майдонларда сақланмоқда.

Розиннинг айтишича, бункерлар қурилишининг якуний муддати ҳозирча аниқ эмас. Иншоотлар Сетомаа муниципалитетида ва Эстониянинг жануби-шарқий ҳудудларида жойлаштирилади. Улардан 27 таси давлат ёки муниципал ерда, биттаси эса хусусий ҳудудда қурилади.

“Ҳозирда бункерлар жойлаштириш жараёнида, бироқ ҳали тўлиқ тайёр эмас”, дейилади Марказнинг электрон хатида.

Эстонияда мудофаа бошпаналари тармоғи Болтиқ мудофаа линияси доирасида барпо этилмоқда. Ушбу ташаббусга Литва ва Латвия ҳам қўшилган. Таллин ўз лойиҳасини амалга ошириш учун 60 миллион евро ажратган бўлиб, ҳозирга қадар шундан қарийб 30 миллиони сарфланган. Қолган 572 та бункер қурилиши бўйича тендерни йил охиригача ўтказиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония-Россия чегарасида мудофаа иншоотларини қуриш бошлагани, хусусан, 40 километрли танкка қарши хандақ қазилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эстония бункер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг