Тезкор! Фарғонада ҳоким ўринбосари экология инспекторига куч ишлатди (видео)
3-саҳифа
−
25 Ноябрь 15388 2 дақиқа
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Ахроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, Миллий гвардия ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Кушербоевнинг билдиришича, аҳоли мурожаатига асосан ҳолат жойига тезкор етиб борган Экология қўмитаси инспектори ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган.
“Бироқ унинг қонуний ҳаракатига зўравонлик йўли билан қаршилик қилинмоқда. Экология миллий қўмитаси ҳоким ўринбосари ва бошқа масъул шахсларнинг бу ҳаракатини кескин қоралайди ва уларнинг қонуний жавобгарликка тортилиши чораларини кўради”, дейди у.
Ушбу ҳолат бўйича вилоят Экология бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳудудда экологик назорат ўрнатилган бўлиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ва назорат ишлари олиб борилмоқда.
“Ўрганишлар натижасига кўра, ушбу ҳолат бўйича қўшимча якуний маълумот берилиши маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Ушбу ҳолатда ҳоким ўринбосарининг зўрлик ишлатишига Ички ишлар ходими томошабин бўлиб тургани етмагандек, экологни ёқасидан тутганча олиб кетганини қандай тушуниш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади, деб ёзилган. Фармон имзоланганидан бир ҳафта ўтгани ва мамлакатда экология масаласи кун тартибида турганига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари экологларни менсимай, уларга куч ишлатиши, фаолиятига тўсқинлик қилиши давом этмоқда. Ё улар Президент имзолаган фармонни ўқимайди, ё ўқиса ҳам парво қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Расул Кушербоев шунга ўхшаш ҳолат ҳақида гапирган эди. Ўшанда у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда, ўша пайтдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини очиқлаганди.
Live
Барчаси