Фарғонадаги цехда 6 ойлик ҳомила кўмиб кетилди
3-саҳифа
−
29 Ноябрь 7178 2 дақиқа
Кеча, 28 ноябрь куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида жойлашган 12-сонли ишлаб чиқариш цехининг ер майдонига тахминан 3-6 ойлик бўлган ҳомила кўмиб кетилгани аниқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига асосан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 10:25 да Фарғона шаҳар “Киргули” МФЙ Саноат кўчаси 240-уйда жойлашган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги 12-сонли ишлаб чиқариш цехининг ер майдонига тахминан 3-6 ойлик бўлган ҳомила кўмиб кетилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса содир бўлган жойга шаҳар прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи чиқиб, ҳодиса жойи ва ўлик ҳомила кўздан кечирилган ҳамда воқеа жойи, яъни ҳомила кўмиб кетилган ердан қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил тариқасида олинган.
Аниқланишича, кеча, 28 ноябрь куни соат 10:00 да завод ҳудудидаги 12-цехнинг автомобиль тўхташ жойидаги ер майдонида дайди ит томонидан ер ковланган ҳамда ҳомила аниқланиб, ер устига чиқиб қолган. Буни кўриб қолган цех ишчилари эса тегишли тартибда бу ҳақда хабар берган.
Завод ҳудудидан топилган ўлик ҳомиланинг ўлими сабаби ва тан жароҳатларини аниқлаш учун ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида, “она қорнидаги ўлик ҳомила, ҳомила ичи инфекцияси, ҳомила ичи гипокцияси, ўғил бола жинсига мансуб 3-4 ойлик ҳомила экани” қайд этилган.
Ўлик ҳомиланинг генетик материаллари ҳақидаги маълумотларини олиш ва сақлаш, базадаги мавжуд генетик материаллар билан солиштириб, унинг ота-онасини аниқлаш учун одамнинг генетик материаллари суд-биологик экспертизаси тайинланган.
Билдирилишича, ҳозирда ўлик ҳомиланинг онасини топиш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “оборт” ёки ҳомилани сунъий туширишдан кейин тиббий ёрдамга мурожаат қилган аёллар ҳамда завод ходимларини аниқлаш мақсадида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шаҳар ИИБга алоҳида топшириқлар юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, текширув устидан назорат ўрнатилган.
Live
Барчаси