FIFA Эрондаги воқеалар фонида Жаҳон чемпионатининг тақдири ҳақида баёнот берди
Спорт
−
02 Март 3415 2 дақиқа
FIFA бош котиби Маттиас Графстрем ташкилот 2026 йилги Жаҳон чемпионати доирасида Эрон, Исроил ва Қўшма Штатлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ESPN нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Финал турнирига қуръа ташлаш маросими Вашингтонда бўлиб ўтди, унда барча жамоалар иштирок этди. Энди бизнинг асосий вазифамиз – барча терма жамоалар қатнашадиган Жаҳон чемпионатини хавфсиз ва юқори савияда ўтказишни таъминлаш”, дейди Маттиас Графстрем.
Жорий йилнинг 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати мусобақанинг 23-турнири бўлади. Финал босқичи 2026 йил июнь-июль ойларида АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. Ҳал қилувчи учрашув 19 июлга режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу воқеалардан сўнг Эрон Футбол федерацияси президенти Меҳди Тож Эрон терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини маълум қилганди.
Live
Барчаси