Фитна қилишга уринган гуруҳ шаклланганди – Жапаров февраль воқеалари ҳақида 

Олам

image
“75 кишининг мурожаати”га кўпроқ одам алоқадор бўлиши мумкин – Жапаров north_east

“75 кишининг мурожаати”га кўпроқ одам алоқадор бўлиши мумкин – Жапаров

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда жорий йилнинг февралидаги сиёсий воқеалар ва “муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш” ортида ким тургани бўйича саволларга жавоб берди. Бу ҳақда у “Kaktus” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Жапаровнинг маълум қилишича, тизим ичида бўлаётган ҳодисалар ҳақида турли манбалардан турли маълумотлар олиб туради.

“Мамлакатда “75 кишининг мурожаати” деб аталган ҳаракатлар бошланганда, бу ҳақда маълумот менда аллақачон бор эди. Мен бу мурожаатнинг Жогорку Кенешга келиб тушишини, унинг Спикергача ва тегишли қўмиталар раисларигача бўлган ҳаракатини кузатиб борганман”, дейди Жапаров.

Унинг айтишича, шу даврда ҳужжатнинг қандай юраётгани, жараёнга алоқадор шахсларнинг ҳаракатлари, ким ким билан учрашаётгани ҳақида маълумот олиб турган.

“Мазкур масала парламентнинг ялпи мажлисига олиб чиқилиши арафасида мен тез ва қатъий чоралар кўрдим. Вазият бошидан назорат остида бўлган”, дейди у.

Маълум бўлишича, бу ишда Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси ходимлари ҳам иштирок этган. Жапаров мазкур махсус хизмат ҳаракатларидан хабардор бўлган.

“Президент ва бош қўмондон сифатида мен куч тузилмалари раҳбарларининг ҳаракатларидан хабардорман. Яъни, ким нима қиляпти ва қаердалигини умумий тарзда биламан. Албатта, ҳамма нарса 100 фоиз менинг назоратимда дея олмайман, мен билмаган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин”, дейди Қирғизистон раҳбари.

Шунингдек, у бир нечта депутат айнан шу воқеалар сабаб мандатларини топширгани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берган.

“Депутатларнинг мандат топширишига келсак, Жогорку Кенешда сиёсий фитна қилишга уринган маълум бир гуруҳ шаклланган эди. Уларнинг режалари амалга ошмагач, жараёнга алоқадор айрим депутатлар ўз айбларини англаган бўлиши мумкин ва шу сабабли мандатларини топширган. Якуний хулосалар тергов тугагандан кейин чиқарилади. Умуман олганда, депутатларни сиёсий ўйинлардан узоқ туришга, халқ манфаатига хизмат қиладиган қонун ижодкорлиги ва қонунлар ижросини назорат қилишга чақираман”, дейди Жапаров.

Жапаров дўсти Қамчибек Ташиевнинг бу ишга алоқадорлиги бор ёки йўқлиги ҳақида ҳам айтиб ўтиб, ҳозир тергов давом этаётганини таъкидлаган.

“Унинг алоқадорлиги бор ёки йўқлигини тергов ва суд белгилайди. Ҳозир тергов якунланмаган. Тергов тугагач, иш судга оширилади. Ким айбдор ёки айбсиз эканини фақат суд ҳал қилади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев Ички ишлар вазирлигининг Бош тергов бошқармасида иккита жиноят иши бўйича сўроқ қилинганди. Тахминан беш соат давом этган сўроқдан сўнг Қамчибек Ташиевдан тергов ҳаракатларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат олинган

 


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон тўнтариш Садир Жапаров Қамчибек Ташиев февраль воқеалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг