Франция Гренландияда НАТО машғулотларини ўтказишни таклиф қилди
Олам
−
21 Январь 1279 2 дақиқа
Франция Даниянинг автоном ҳудуди бўлган Гренландияда НАТО ҳарбий машғулотларини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 21 январь куни СNN хабар берди.
Келтирилишича, Франция АҚШ ҳукуматининг Даниянинг автоном ҳудудини аннексия қилиш истаги ҳақидаги баёнотлари фонида Гренландияда НАТО машғулотларини ўтказишни таклиф қилди. Ушбу таклиф АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Швейцариянинг Давос шаҳрига Жаҳон иқтисодий форумига (WЕF) боришидан бир неча соат олдин пайдо бўлди. Чунки у ерда Америка раҳбари орол аҳолиси, Дания ва бошқа Европа мамлакатларининг қаршилигига қарамай, Гренландияни сотиб олиш масаласини яна бир бор кўтариши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, кеча, 20 январь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Жаҳон иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, Европа АҚШнинг босим ва қўрқитишларига бўйсунмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, “энг кучлилар қонунини пассив тарзда қабул қилиш” Европанинг “вассаллашувига” (заифлашишига) олиб келади.
Январь ойи бошида Германия, Норвегия, Швеция ва Буюк Британия каби бир қатор Европа давлатлари Дания ташаббуси билан ўтказилган “Арктика чидамлилиги” ҳарбий машғулотлари доирасида ўз қўшинларини Гренландияга юборган. Хусусан, Германия Данияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятларини баҳолаш мақсадида Гренландияга Бундесвер разведка гуруҳини жўнатган.
Мазкур можаро фонида жорий йилнинг 16 январь куни АҚШ Президенти Гренландияга қўшин юборган давлатларга 1 февралдан бошлаб 10 фоизлик бож тарифлари жорий этилиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Орадан бир кун ўтиб, Бундесвернинг 15 нафар ҳарбийсидан иборат гуруҳи оролни тарк этди. Германия Мудофаа вазирлиги эса миссия муддатидан олдин тўхтатилмаганини маълум қилди.
Live
Барчаси