Франция Европага ядровий қалқон таклиф қилмоқда

Олам

image

Франция АҚШ Европадан қўшинларини олиб чиққан тақдирда, Германияга ядро қуролига эга қирувчи самолётларни жойлаштириши мумкин. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 февраль куни Германияда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган ва бўлажак канцлер Фридрих Мерц Британия ва Францияни Европага ядровий ҳимоя кўрсатишга чақирган. У Европанинг АҚШдан мустақиллигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон Германия канцлери Фридрих Мерц билан гаплашиб, сўнг Оқ уйга йўл олган. У ерда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Европанинг хавфсизлиги ва Украина мудофааси масаласини муҳокама қилган.

“Франция Европани ҳимоя қилиш учун ўз ядровий қалқонидан фойдаланишга тайёр... У АҚШнинг қитъадан ўз қўшинларини олиб чиқиш таҳдиди фонида Германияга ядро қуролига эга қирувчи самолётларни юбориши мумкин”, дейилади хабарда.

Исми ошкор этилмаган француз амалдори бундай қадам Россияга “сигнал” бўлишини айтмоқда. Берлиндаги дипломатлар эса бу Британияни Франциядан ўрнак олишга мажбур қилишини таъкидлаган.

Ҳозирда Франциянинг ядровий тийиб туриши НАТОга боғлиқ эмас, Британия эса альянс мудофаа стратегиясининг асосий қисмидир. Тахминларга кўра, Париж арсеналида денгиз ва ҳаводан учириш имкониятига эга 300 га яқин ядро қуроли мавжуд.

Бироқ агар америкаликлар Германиядан ядровий тийиб туриш воситаларини олиб чиқмаса, бу содир бўлмайди. Вашингтон Европа хавфсизлигини 100 га яқин ядровий ракета арсенали билан кафолатлайди, уларнинг аксарияти АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базасига жойлаштирилган.

Маълумот учун, АҚШ ўз ядровий ҳимояси доирасида Европада 100 га яқин ядровий ракеталар жойлаштирган, уларнинг аксарияти Германияда жойлашган. Франциянинг ядровий қуроллари НАТО таркибига кирмайди, Британиянинг Тридент ядровий дастури эса альянснинг муҳим қисмини ташкил қилади.

Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, Франция ва Британия Германияга ядровий ҳимоя таклиф қилиш бўйича музокаралар ўтказиши керак. Унинг фикрича, Трампнинг сиёсати Европанинг тақдирига бефарқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШ Украинага ёрдам учун Европа давлатларига қараганда кўпроқ маблағ сарфлаётганини таъкидлаганди. Бунга жавобан Макрон Трампни тўхтатиб, Европанинг Украинага ёрдами борасидаги “ҳақиқатни” эслатган. Киль Жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари Украинага ҳарбий, молиявий ва гуманитар ёрдам сифатида АҚШдан кўра анча кўпроқ маблағ ажратган – 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, Европа 258 миллиард доллар, АҚШ эса 124 миллиард доллар ажратган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Европа ядровий қалқон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг