Фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кира оладиган давлатлар рўйхати кенгаяди

Жамият

image

Ўзбекистон ҳудудига кириш учун визасиз режим жорий этиладиган давлатлар рўйхати кенгайтирилади. Бунга янгидан ташкил этилган Туризм қўмитаси масъул бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 20 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз борган.

Қолаверса, Қўмита Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон ҳудудига кириш ва унинг ҳудудида бўлиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштиришга ҳам масъул бўлади. 

Жумладан: 

•    Республиканинг туризм-транспорт логистикасини ривожлантириш бўйича пухта ишлаб чиқилган таклифларни;

•    Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам Қўмита зиммасига юкланган.

Қўмита Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 апрелга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи 2030 йилгача мўлжалланган туристик хизматлар бозорларида маркетинг стратегияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим: 

•    Миллий туристик маҳсулотларни фаол саёҳат қилувчи аҳолига эга хорижий давлатларда оммалаштириш;

•    туризм соҳасида таргетланган реклама тизимини кенг жорий этиш.

Қарорга Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Маданий мерос агентлиги, Қўмита билан биргаликда туристларни жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш мақсадида 2026-2028 йилларда қуйидаги лойиҳа ва чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланган:

•    Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича “Самарқанднинг мерос йўли” лойиҳасини;

•    аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда, Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва “ақлли” музей-шаҳарга айлантириш;

Тошкент шаҳри бўйича:

•    Модернизм ёдгорликларини UNESCO’нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тақдим этиш;

•    энг кўп мозаикалар бор шаҳар сифатида жаҳон миқёсида эътироф этилишига эришиш.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қўмита ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда қуйидаги тартибда жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларини савдо-кўнгилочар мажмуаларга жалб қилиш ҳамда шаҳарлар четларида (атрофларида) миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет марказларни ташкил этиш чораларини кўриши лозим:

•    Биринчи босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида;

•    иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.


Мақола муаллифи

Теглар

виза туризм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг