“Фунг-вонг” тайфуни Тайванга кўчди. Минглаб аҳоли эвакуация қилинди

Олам

image

Бугун, 12 ноябрь куни Тайванда “Фунг-вонг” тайфуни оқибатида тошқинлар кузатилди. Тайфун шарқий қирғоқларга рекорд даражадаги ёғингарчилик келтирганидан сўнг 8 300 нафардан ортиқ киши эвакуация қилинган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, оролнинг жанубий қисмидаги кўплаб ҳудудларда мактаб ва корхоналар ёпилган, 51 киши жароҳат олган. Ҳарбийлар одамларни қутқариш ишларини олиб бормоқда.

Суао порт шаҳрида мингдан ортиқ уйлар сув остида қолган. У ерда атиги бир кунда 648 мм ёғингарчилик кузатилган. Бу эса ноябрь ойидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

“Сув жуда тез кириб келди, шунчалик кўп ва тез ёғдики, дренаж тизими буни кўтара олмади,” дейди балиқчи Хун Чун-йи. 

У кечани уйнинг биринчи қавати 60 см баландликдаги сув остида қолганидан сўнг лойни тозалаш билан ўтказган. Суао шаҳридаги бошқа аҳоли ҳам сув босган уйлардан лойни тозалашда давом этяпти, бироқ ҳозирча ёмғир тинган.

Ёнғинлар бошқармаси маълумотига кўра, 8 300 га яқин фуқаро, асосан Йилан ва унга яқин Ҳуалиэн ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчирилган. Бу ерда шимолдан келган муссон ёмғирлар тайфун билан бирлашиб, ёғингарчиликни янада кучайтирган.

“Тайфуннинг кеч келиши ёзнинг чўзилиб бораётганидан далолат беради”, дейди Тайван Марказий гидрометеорология хизмати синоптиги Хуанд Эн-хун. 

Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши келажакда кескин об-ҳаво ҳодисаларини тез-тез келтириб чиқариши мумкин, лекин аниқ хулоса учун ҳали қўшимча тадқиқотлар керак.

Прогнозларга кўра, “Фунг-вонг” бугун, 12 ноябрь куни кечга бориб Тайваннинг жанубий қисмидан ўтиб, Тинч океан томон йўл олади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппинга “Фунг-Вонг” супер тўфони ёпирилган ва оқибатда камида олти киши ҳалок бўлган эди. “Фунг-Вонг” супер тўфони тошқин ва кўчкиларни олиб келган. Тўфон оқибатида бутун вилоятлар бўйлаб электр энергияси узилган.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тайфун Тайван Фунг-Вонг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг