Футболнинг энг катта сюрпризлари
Спорт
−
16 Июнь 4991 9 дақиқа
Футбол тарихида Жаҳон чемпионати нафақат чемпионларни аниқлайдиган мусобақа, балки миллионлаб мухлисларни ҳайратга соладиган сенсациялар саҳнаси сифатида ҳам ёдда қолган. Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган бу турнирда фаворитлар кутилмаган мағлубиятларга учраган, камтарона жамоалар эса футбол гигантларини тиз чўктириб, тарих саҳифаларига ўз номини муҳрлаган каби ҳолатларни ҳеч бўлмаса бир марта кузатамиз. Бунга ёрқин мисол Кабо-Верде. Ўзбекистон сингари Жаҳон чемпионати дебютантлари илк ўйинда Европа чемпионлари Испаниядан очко олишга эришди.
Футбол тарихида эса, бундай ҳолатлар деярли ҳар галги турнирда содир бўлади. Фақат айрим ҳолатларда бу натижалар тасодиф деб баҳоланган бўлса, бошқалари бутун бошли авлодлар хотирасида ўчмас из қолдириш сифатида баҳоланади. Англиянинг ҳаваскор футболчилардан тузилган гуруҳи АҚШ жамоасига ютқазиши, Ференц Пушкаш бошчилигидаги қудратли Венгриянинг финалда мағлуб бўлиши, Аргентина ва Германия каби жаҳон чемпионларининг кутилмаган қулаши ёки Саудия Арабистонининг Лионель Месси етакчилигидаги Аргентина устидан қозонган ғалабаси шулар жумласидандир.
Ҳозир эса, Жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик сенсацияларга назар ташлаймиз. Уларнинг айримлари футболнинг энг машҳур эртакларига айланган бўлса, баъзилари бутун мамлакатлар учун миллий фожиа сифатида қабул қилинган. Бироқ уларнинг барчасини бир жиҳат бирлаштириб туради – Жаҳон чемпионатида ҳеч нарса олдиндан ҳал бўлмайди.
АҚШ – Англия 1:0 (1950)
1950 йилги Жаҳон чемпионатидаги АҚШ ва Англия ўртасидаги учрашув футбол тарихидаги энг катта сенсациялардан бири сифатида эътироф этилади. Урушдан кейинги даврда Англия терма жамоаси турнирнинг асосий фаворитларидан бири саналган. Жамоа таркибида Том Финни, Билли Райт ва Альф Рэмзи каби юлдузлар бор эди. АҚШ терма жамоаси эса профессионал футболчилардан эмас, балки оддий касб эгалари – ўқитувчи, хат ташувчи ва ҳатто идиш ювувчилардан ташкил топган жамоа сифатида турнирга келганди. Кўпчилик бу баҳсни Англия учун осон сайр деб ҳисоблаган. Бироқ ўйин кутилмаган сценарий бўйича ривожланган. 38-дақиқада Жо Гаетженс бош билан гол уриб, америкаликларни олдинга олиб чиқди. Қолган вақт давомида англияликлар кетма-кет ҳужум қилди, аммо АҚШ дарвозабони Франк Борги фантастик ўйин намойиш этиб, рақибнинг барча уринишларини бартараф этган. Якунда АҚШ 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг машҳур мўъжизалардан бирига муаллифлик қилган.
Ғарбий Германия – Венгрия 3:2 (1954)
1954 йилги Жаҳон чемпионати финали тарихга “Берн мўъжизаси” номи билан кирган. Венгрия ўша пайтда дунё футболининг мутлақ ҳукмдори эди. Ференц Пушкаш бошчилигидаги “Қудратли мажарлар” кетма-кет ғалабалар серияси билан турнирнинг асосий фаворити ҳисобланган. Гуруҳ босқичида венгерлар Ғарбий Германияни 8:3 ҳисобида мағлуб этган, шунингдек Жанубий Корея дарвозасига 9 та жавобсиз гол урган эди. Финалда ҳам Венгрия илк саккиз дақиқа ичида икки гол уриб, навбатдаги йирик ғалабага яқин турганди... Бироқ немислар таслим бўлишмаган. Улар тез орада ҳисобни тенглаштирди ва баҳс охиригача курашни давом эттирган. 84-дақиқада Хельмут Ран ҳал қилувчи голни киритиб, Ғарбий Германияга тарихдаги илк жаҳон чемпионлигини тақдим этади. Бу натижа футбол тарихидаги энг ҳайратланарли финаллардан бири сифатида ҳанузгача эсланади.
Шимолий Корея – Италия 1:0 (1966)
1966 йилги Жаҳон чемпионатида Шимолий Кореянинг иштирокининг ўзиёқ кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлган. Бироқ осиёликлар турнир тарихидаги энг катта сенсациялардан бирига муаллифлик қилишларини ҳеч ким тасаввур қилмаган.
Италия ўша пайтда икки карра жаҳон чемпиони сифатида майдонга тушган бўлса, Шимолий Корея дебютант ҳисобланарди. Учрашув давомида италиялик ярим ҳимоячи Жакомо Булгарелли жароҳат олиши ва ўша даврда алмаштиришларга рухсат берилмагани сабабли жамоа ўн киши бўлиб қолди.
Учрашувнинг 43-дақиқасида Пак Ду Ик Шимолий Кореяликларнинг тарихий голини киритади. Италия иккинчи бўлимда қанча уринмасин, ҳисобни ўзгартира олмади. Натижада Шимолий Корея 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Италияни мусобақадан чиқариб юборди. Бу натижа ҳозиргача Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг катта сенсациялардан бири сифатида тилга олинади.
Жазоир – Ғарбий Германия 2:1 (1982)
1982 йилги Жаҳон чемпионатида Жазоир футбол тарихидаги энг ёрқин сенсациялардан бирини содир этди. Ғарбий Германия амалдаги Европа чемпиони сифатида турнирнинг асосий фаворитлари қаторида этироф этиларди. Таркибда Карл-Ҳайнц Румменигге, Лотар Маттеус ва Ҳанс Петер Бригель каби юлдузлари бор. Африкаликлар эса биринчи марта Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган жамоалардан бири сифатида кўрилган.
54-дақиқада Рабоҳ Мажер ҳисобни очиб, немисларни шок ҳолатига туширади. Румменигге ҳисобни тенглаштирганидан кейин ҳам Жазоир чекинмади. Орадан кўп ўтмай Лахдар Беллуми ҳал қилувчи голни киритди. 2:1 ҳисобидаги ғалаба нафақат Африка футболи, балки бутун Жаҳон чемпионатлари тарихи учун унутилмас воқеага айланди.
Камерун – Аргентина 1:0 (1990)
1990 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина Камерунга қарши майдонга тушди. Диего Марадона бошчилигидаги аргентиналиклар нафақат баҳснинг, балки бутун турнирнинг асосий фаворитларидан бири сифатида қаралар эди. Камерун эса, Африкадан келган камтарона жамоа сифатида баҳоланар, кўпчилик уларнинг имкониятини паст баҳоларди. Учрашув Миландаги афсонавий “Сан-Сиро” стадионида бўлиб ўтди.
Аргентина ўйинни фаол бошлаган, аммо вақт ўтган сайин камерунликлар ўз кучига ишона бошлаган ва 67-дақиқада Франсуа Оман-Бийик боши билан зарба бериб, ҳисобни очади. Амалдаги чемпион Аргентина эса, ўйин якунига қадар бу голга жавоб беролмайди. Камерун 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнирнинг илк кунларидаёқ бутун футбол оламини ҳайратда қолдирди. Кейинчалик африкаликлар чорак финалгача етиб бориб, ўша пайтда қитъа футболининг энг яхши натижасини қайд этади.
Сенегал – Франция 1:0 (2002)
2002 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш баҳсида амалдаги жаҳон ва Европа чемпиони Франция дебютант Сенегалга қарши майдонга тушди. Французлар таркиби юлдузларга тўла бўлиб, яна чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланарди. Сенегал эса ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган терма жамоа эди.
Сенегал футболчилари юқори тезлик ва жисмоний тайёргарлик ҳисобига рақибни қийнаб қўяди. Учрашувнинг 30-дақиқасида Папа Буба Диоп ҳисобни очади ва бу гол ўйин тақдирини ҳал қилади. Франция қанча уринмасин, ҳисобни тенглаштира олмайди. Натижада Сенегал тарихий ғалабага эришади. Кейинчалик африкаликлар чорак финалгача етиб бориб, Камерундан кейин бу босқичга чиққан иккинчи Африка жамоасига айланди.
Германия – Бразилия 7:1 (2014)
2014 йилги Жаҳон чемпионатининг мезбони бўлган Бразилия учун турнир чемпионлиги катта орзу эди. Миллионлаб мухлислар ўз юртида олтинчи чемпионлик нишонланишини интиқлик билан кутаётганди ва бунга яқин ҳам эди, мамлакат терма жамоаси мусобақанинг ярим финалига қадар етиб келди. Бироқ Германияга қарши баҳс футбол тарихидаги энг шов-шувли натижалардан бирига айланди. Жароҳат олган Неймар ва дисквалификация қилинган Тиаго Силвасиз қолган бразилияликлар ўйинни жуда оғир бошлади. 11-дақиқада Германия ҳисобни очди. Кейин эса, ҳақиқий ҳалокат бошланди. 23 ва 29-дақиқалар оралиғида немислар тўрт марта гол урди. Натижада ярим соат ҳам ўтмай ҳисоб 5:0 кўринишига келди.
Иккинчи бўлимда ҳам Германия яна икки бор гол урди. Бразилия эса, фақат баҳс охирида битта жавоб голини киритишга муваффақ бўлди. 7:1 ҳисоби Бразилия футболи тарихидаги энг оғир мағлубиятлардан бири бўлиб қолди. Бу учрашув мамлакатда “Минейрау фожиаси” номи билан машҳур бўлди.
Нидерландия – Испания 5:1 (2014)
2014 йилги Жаҳон чемпионатининг яна бир катта сенсацияси Ван Гал бошчилигидаги Нидерландиянинг амалдаги жаҳон чемпиони Испанияни йирик ҳисобда мағлуб этиши бўлди.
2010 йилги финал иштирокчилари бу гал гуруҳ босқичида яна бир бор ўзаро тўқнаш келди. Учрашув бошида ҳаммаси Испания режаси бўйича кетаётгандек кўринди. Хаби Алонсо пенальтидан ҳисобни очди.
Бироқ биринчи бўлим охирида Робин ван Перси футбол тарихидаги энг гўзал голлардан бирини киритди. У жарима майдони ташқарисидан боши билан дарвоза тўрини ишғол қилди. Бу гол кейинчалик турнирнинг рамзларидан бирига айланди.
Иккинчи бўлимда голландлар рақибни бутунлай тор-мор этди. Арьен Роббен ва унинг ҳамкасблари яна 4 та гол уриб, Испанияни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу амалдаги жаҳон чемпионларининг мундиаллардаги энг оғир мағлубиятларидан бири бўлиб қолди.
Жанубий Корея – Германия 2:0 (2018)
2018 йилги Жаҳон чемпионатида амалдаги чемпион Германия гуруҳ босқичида муаммоларга дуч келди. Сўнгги тур олдидан немисларга плей-оффга чиқиш учун Жанубий Кореяни мағлуб этиш кифоя эди. Кореяликлар эса икки мағлубиятдан сўнг деярли барча имкониятларини йўқотган ҳолда майдонга тушди. Учрашув узоқ вақт давомида голсиз кечди ва кўпчилик Германия барибир ғалаба голини киритади деб охиригача ишонди. Бироқ қўшимча вақтда сенсация рўй берди. 92-дақиқада Ким Ён Гвон ҳисобни очди. Германия бор кучини ҳужумга ташлади, ҳатто дарвозабон Мануэль Нойер ҳам рақиб ярм майдонига ўтиб кетди.
Орадан кўп ўтмай Сон Хин Мин бўш қолган дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Бу натижа Германияни мусобақадан чиқариб юборди. Немислар 1938 йилдан бери биринчи марта Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидан ўта олмади.
Саудия Арабистони – Аргентина 2:1 (2022)
2022 йилги Қатар мундиалидаги энг катта сенсация Саудия Арабистонининг Аргентина устидан қозонган ғалабаси бўлди. Лионель Месси бошчилигидаги аргентиналиклар турнирга 36 ўйинлик мағлубиятсиз серия билан келган ва чемпионлик учун асосий фаворитлардан бири саналганди.
Ўйин кутилганидек бошланди. 10-дақиқада Месси пенальтидан ҳисобни очди ва ҳаммаси Аргентина учун осон кечаётгандек кўринди. Бироқ иккинчи бўлим бошланиши билан ўйин бутунлай ўзгарди. 48-дақиқада Солеҳ аш-Шеҳри ҳисобни тенглаштирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб эса, Салем ад-Давсари ажойиб гол уриб, Саудия Арабистонини олдинга олиб чиқди.
Қолган вақтда саудияликлар қаҳрамонона ҳимояланиб, тарихий ғалабани сақлаб қолишди. Гарчи Аргентина кейинчалик чемпионликни қўлга киритган бўлса-да, бу баҳс мундиаллар тарихидаги энг йирик сенсациялардан бири сифатида муҳрланди.
Юқорида эслаб ўтилган воқеалар шуни кўрсатадики, футболда номлар, рейтинглар ва юлдузлар таркиби ҳар доим ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Мундиаль саҳнасида баъзан бир гол, бир хатолик, бир қаҳрамонлик ёки бир жасур жамоа бутун дунё кутган сценарийни ўзгартириб юбориши мумкин. Шунинг учун ҳам Жаҳон чемпионати нафақат энг нуфузли футбол мусобақаси, балки энг кутилмаган натижалар кузатиладиган турнир сифатида қадрланади.
Айниқса, кичик деб ҳисобланган терма жамоаларнинг катта фаворитларга қарши жасорат билан ҳаракат қилиши Жаҳон чемпионатининг бетакрор жозибасини яратади. Чунки бу турнирда баъзан бир мамлакатнинг бутун футбол тарихи битта ўйин ичида ўзгариб кетиши мумкин. Сенсациялар нафақат натижа, балки янги қаҳрамонлар, янги авлодлар ва янги орзуларни ҳам туғдиради.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ана шундай орзулар билан ўз тарихидаги илк Жаҳон чемпионатидаги илк учрашуви олдида турибди. Фаворитлар қаторида бўлмаслиги мумкин, аммо Мундиал тарихи шундан далолат берадики, катта натижа қайд этиш учун ҳар доим ҳам энг кучли жамоа бўлиш шарт эмас. Тарихдаги энг машҳур сенсацияларнинг аксарияти ҳам айнан ҳеч ким ишонмаган пайтда содир бўлган.
Шу боис, Ўзбекистоннинг илк Жаҳон чемпионати нафақат иштирок этиш, балки ўз саҳифасини ёзиш имкониятидир. Балки йиллар ўтиб, бугунги мусобақа ҳақида гап кетганда, дунё футбол мухлислари энг ёрқин сенсациялар қаторида ўзбек футболи ҳақида ҳам сўз юритар.
Live
Барчаси