Ғазода 40 мингдан ортиқ бола эмланади
Олам
−
21 Ноябрь 1036 2 дақиқа
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ғазо секторида сулҳ давридан фойдаланиб, 40 мингдан зиёд болани турли касалликларга қарши эмлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилот хабар берди.
Қайд этилишича, ЖССТ ва унинг ҳамкорлари 9 ноябрь куни бошланган вакцинациянинг дастлабки 8 кунида аллақачон уч ёшгача бўлган 10 мингдан ортиқ болани эмлаган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг сўзларига кўра, 22 ноябрга қадар болалар қизамиқ, тепки, қизилча, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, гепатит Б, сил, полиомиелит, ротавирус ва зотилжам (пневмония) каби касалликларга қарши эмланади.
UNICEF, БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (UNRWA) ва Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кампаниянинг иккинчи ва учинчи босқичлари декабрь ва январь ойларига режалаштирилган.
ЖССТ раҳбари сулҳнинг давом этаётгани халқаро ташкилотларга Ғазода муҳим соғлиқни сақлаш хизматларини кучайтиришга, шунингдек, вайрон бўлган соғлиқни сақлаш тизимини қайта жиҳозлаш ва тиклашга ёрдам бераётганидан мамнунлигини билдирган.
Маълумот ўрнида, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 17 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо борасидаги режасини маъқуллаб, резолюция қабул қилган эди. Ушбу режа Исроил ва ҲАМАС ўртасида 10 октябрда Ғазо секторида оташкесим ўрнатилишига ёрдам берганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ғазо учун 2 йиллик халқаро куч мандатини талаб қилмоқчи экани хабар қилинганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь