Германия фуқаролигини олган хорижликлар сони рекорд даражага етди
Олам
−
04 Июнь 773 2 дақиқа
2025 йилда Германия фуқаролигини олган хорижликлар сони сўнгги 25 йил ичидаги энг юқори даражага етди. Бу ҳақда Германия Федерал статистика идораси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда жами 332 500 нафар хорижий фуқаро Германия паспортини олган. Бу ўтган йилга нисбатан 14 фоиз кўп бўлиб, 2000 йилдан бери юритилаётган статистикада энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Энг кўп фуқаролик олганлар орасида Сурия фуқаролари етакчилик қилган — 65 600 нафар. Кейинги ўринларда Туркия ва Россия фуқаролари туради. Туркия фуқароларидан 34 100 киши, Россия фуқароларидан эса 19 700 киши Германия фуқаролигини олган.
Бошқа давлатлар бўйича ҳам ўсиш қайд этилган. Босния ва Герцеговина фуқаролари орасида фуқаролик олиш 126 фоизга ошиб, тахминан 8 800 кишини ташкил қилган. АҚШ фуқаролари 100 фоизга ошиб 6 600 кишига, Албания фуқаролари эса 97 фоизга ошиб 6 100 кишига етган.
Фуқаролик беришнинг асосий қисми — 91 фоизи стандарт тартиб асосида амалга оширилган. Бу тартиб Германияда камида 5 йил яшашни талаб қилади, шунингдек, турмуш ўртоқлари ва фарзандлар учун ҳам махсус қоидалар мавжуд.
Ўртача ҳисобда Сурия фуқаролари Германия фуқаролигини олишдан олдин мамлакатда тахминан 7 йил яшаган. Туркия фуқаролари учун бу кўрсаткич 24 йилни, Россия фуқаролари учун эса 14 йилни ташкил этган.
Мутахассислар фуқароликлар сони ошишини Германия фуқаролик қонунчилигидаги енгиллаштиришлар билан изоҳламоқда. 2024 йил июнидан бошлаб хорижликлар Германия паспортини олаётганда ўз ватани фуқаролигидан воз кечмаслик ҳуқуқига эга бўлган. Шунингдек, доимий яшаш учун минимал муддат 8 йилдан 5 йилга қисқартирилган.
2024 йил июнида жорий этилган, 3 йил яшашдан кейин тезлаштирилган фуқаролик бериш тартиби эса 2025 йил октябрида бекор қилинган ва умумий натижаларга деярли таъсир қилмаган — жами фуқароликларнинг атиги 1 фоизи шу тартибга тўғри келган.
Шу билан бирга, Германияга миграция оқими камайган. 2025 йилда мамлакатга 1,48 миллион киши кўчиб келган (13 фоиз кам), 1,25 миллион киши эса мамлакатни тарк этган. Оқибатда соф миграция тахминан 230 минг кишини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 45 фоизга камайган.
Энг катта камайиш Сурия, Афғонистон ва Украина каби давлатлардан келган мигрантлар сонида кузатилган. Шу билан бирга, Германиядан кетаётганлар асосан Швейцария, Австрия ва Испанияга йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, Евроиттифоқ 2011 йилдан бери музлатилган ҳолатда қолаётган Сурия билан шериклик келишувини блокдан чиқарган эди. Ушбу келишув 2011 йилда ағдарилган президент Башар Асад давридаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сабаб тўхтатиб қўйилган бўлиб, Евроиттифоқ Сурияда фуқаролар уруши пайтида Асаддан ҳокимиятни “янги демократик маъмурият”га топширишни талаб қилган.
Live
Барчаси