Германияда роботлар овқат пиширадиган ошхона ишга тушди (фото)

Технология

image

Германиянинг Дюссельдорф шаҳридаги REWE супермаркетида дунёдаги биринчи тўлиқ автоном ошхона тизими ишга тушди. Бу ҳақда “Interesting Engineering” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, роботнинг номи CA-1 Series 4 бўлиб, у Мюнхендаги Circus SE компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Тизим шиша корпусли, тўлиқ автоматлаштирилган ошхона бўлиб, таомларни инсон аралашувисиз мустақил тарзда тайёрлай олади.

Янги тизим иккита роботлаштирилган манипулятор, иситиш функциясига эга индукцион плита ва идиш ювиш машинаси билан жиҳозланган. Роботлар таом тайёрлашнинг барча босқичларини мустақил бажаради: улар омборхонадан керакли масалликларни олади, уларни пиширади, тайёр таомни ликопчалaрга жойлаштиради ва буюртмалар орасида идишларни ювишгача бўлган жараённи ҳам ўз зиммасига олади. Қурилма соатига 120 та таом тайёрлай олади. Ҳар бир овқатнинг нархи 6 евродан бошланади, пишириш вақти эса атиги бир неча дақиқани олади.

CA-1'нинг тўртинчи авлоди аввалги версияларга қараганда 450 килограммга енгилроқ. Мухандислар модуль типидаги магнит тутқичларни қўшиб, индукцион қиздириш тизимини ҳам такомиллаштирган. Эндиликда ўрнатилган датчиклар реал вақт режимида масалликларнинг ҳолатини кузатиб боради, аралаштириш тезлиги эса тайёрланаётган таомнинг турига қараб автоматик тарзда бошқарилади.

Харидорлар буюртмаларини сенсорли экран ёки овозли интерфейс орқали бериши мумкин. Сунъий интеллект асосидаги алгоритмлар ҳар бир талабни таҳлил қилиб, керакли миқдорда масалликларни ҳисоблайди, бу эса озиқ-овқат чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиради. Қурилманинг шаффоф деворлари орқали тайёрлаш жараёнини кузатиш имкони мавжуд.

REWE Region West компанияси бундай роботлаштирилган ошхоналарни синов тариқасида яна икки жойда ишга туширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Circus SE компанияси технологияни шифохоналар, университетлар ва йирик саноат корхоналарининг ошхоналарида ҳам синовдан ўтказмоқда.

Алоҳида йўналиш сифатида эса компания Украина BRAVE1 дастури билан ҳамкорликда ҳарбий хизматчилар учун дала шароитида иссиқ овқат тайёрлашни автоматлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Noetix Robotics стартапи инсон шаклидаги робот “Буми”ни тақдим этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия робот ошхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг