Германияда Иккинчи жаҳон урушидаги бомбалар топилди

Олам

image

Германиянинг Кёльн шаҳридан Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган учта бомба топилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Маълум қилинишича, шаҳарда ушбу бомбаларни зарарсизлантириш бўйича операция бошланган. Бу операция уруш тугаганидан бери ўтказилган энг йирик чоралардан бири ҳисобланади. Ишларни амалга ошириш учун қарийб 20 минг киши эвакуация қилинган.

Билдирилишича, йўллар, бугун, 4 июнь куни эрталабдан ёпилган. Бомбаларни зарарсизлантириш эса кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган.

Зарарсизлантириш ишлари Рейн дарёсининг учта кўприги ва муҳим транспорт йўлларига, жумладан Кёльн марказий вокзали билан жанубий темирйўл алоқаларига таъсир қилган. Эвакуация зонаси ичига Рейн дарёсининг ўзи, Кёльн тарихий маркази, бир нечта мактаб ва боғчалар, корхоналар ва маданий муассасалар киритилган.

“Ушбу эвакуация Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда ўтказилган энг йирик чора ҳисобланади. Барча иштирокчилар бомбаларни зарарсизлантириш бугуннинг ўзида якунланишига умид қилмоқда. Операциянинг қанча давом этиши ҳозирча номаълум. Эвакуация ҳудудини дастлабки текширишнинг ўзи бир неча соат давом этиши мумкин, чунки бу иш кўплаб ноаниқликлар билан боғлиқ”, дейилади шаҳар ҳокимиятининг баёнотида.

Ҳудуддаги ҳокимият вакиллари эвакуация зонасидаги барча хонадонлар бўшатилганига ишонч ҳосил қилган, аммо бомбаларни зарарсизлантириш ишлари қанча вақт олиши номаълумлигича қолмоқда.

“Барчаси эвакуациянинг қай даражада муваффақиятли кечишига боғлиқ – аҳоли кўрсатмаларга амал қиладими, эвакуация зонасини тўлиқ тарк этадими? Бу борада тўлиқ ишонч ҳосил қилингандан кейин ходимларимиз ишга киришади”, дейилади бомбани зарарсизлантириш гуруҳ вакилларидан бири.

У шунингдек, ҳар йили Шимолий Рейн ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши давридан қолган 1500 дан 2000 тагача бомба топилиши, улардан тахминан 200 таси йирик калибрли бўлишини қўшимча қилган.

Кёльн шаҳридаги Жамоат тартиби бошқармаси раҳбари Ральф Мейер эса шундай эвакуация ҳудудига шифохоналар ҳам кирганини айтган.

“Кёльн маркази Европадаги энг зич аҳоли яшайдиган шаҳарлардан бири. Эвакуация ҳудудига шифохона, иккита қариялар уйи ва парваришлаш муассасалари, кўплаб музейлар ва RTL телекомпанияси ҳам киради”, деган у.

Хабарга кўра, бомбаларни зарарсизлантириш операцияси бошланиши билан Гогенцоллернбрюкке кўприги тўлиқ ёпилади. Бу пайтдан бошлаб Дойц туманидан Кёльн марказий вокзалига темирйўл қатнови тўхтатилади. Рейн дарёсидаги кема ҳаракати ҳам вақтинча тўхтатилади. Операция вақтида ушбу ҳудуд устидаги ҳаво макони ҳам қисқа муддатга ёпилади.

Маълумот учун, икки дона 2 минг килограммли бомба ва битта минг килограммли бомба 2 июнь куни ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ишлари пайтида топилган. Уларнинг барчаси АҚШда ишлаб чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 апрель куни ҳам Германиянинг Кёльн шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидан қолган бомба топилганди. Бомбани қурувчилар иш олиб бораётган пайтда топиб олган. Хавфли топилма жамоат транспорти ва айрим муассасалар ишини тўхтатиб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши бомба Кёльн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг