Жапаров ва Ташиев тандеми тугади!
Таҳлил
−
11 Февраль 3756 8 дақиқа
Қирғизистонда Президент Садир Жапаров рақобатдан қўрққани учун ўз дўстини “чопди”. 2020 йилдан жорий йилнинг 10 февралига қадар Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бошқарган ва навбатдаги президент бўлиши мумкинлиги айтиб келинган Қамчибек Ташиев лавозимидан озод этилгач, шу каби хабарлар кўпайиб кетди. Хўш, Ташиев нима учун “хавфли” рақибга айланди? Фуқаролар уни потенциал президент деб ишонишларига нималар сабаб бўлган? Мамлакат тарихида энг яхши тандем сифатида баҳоланган икки амалдор ўртасида ростдан ҳам рақобат бормиди? Ташиев нега ишдан бўшатилиши ҳақида, ҳатто огоҳлантирилмаган?
Ташиев – потенциал хавф ва “Иккинчи қуёш”
Қирғизистоннинг замонавий тарихида Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев каби бир-бирига яқин ва айни пайтда бир-бирини мувозанатда ушлаб турган дуэт деярли бўлмаган. Бироқ, сиёсатнинг қаттиқ қонунлари шуни кўрсатадики, “икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамайди” ёки бир оз бошқача қилиб айтганда, бир осмонга иккита қуёш кўплик қилади. Ташиевнинг ишдан олиниши ёки унинг атрофидаги босимлар шунчаки кадрлар алмашинуви эмас, балки тизимли стратегиянинг маҳсулидир дейиш мумкин.
Ташиевнинг ишдан олиниши ҳақидаги фаразларнинг бошида унинг ҳаддан ташқари “кучайиб” кетгани туради. Бунда куч ишлатиш тузилмалари устидан назорат ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин. Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари сифатида нафақат разведка, балки коррупцияга қарши кураш, чегара масалалари ва ҳатто иқтисодий жараёнларга ҳам таъсир ўтказа бошлаганди.
Қолаверса, Ташиевнинг халқ ичидаги чиқишлари, ўзини “миллат ҳимоячиси” сифатида кўрсатиши, айниқса, Тожикистон билан чегара можароларидаги роли уни Жапаровнинг шунчаки ёрдамчиси эмас, балки унга тенг кучли, муқобил номзодга айлантирди. Ички сиёсий элитада: “Президент ким – Жапаровми ёки Ташиев?”, деган саволнинг тез-тез янграши президент маъмурияти учун жиддий сигнал бўлгандир эҳтимол.
Жорий йил, февраль ойи бошида бир гуруҳ таниқли давлат ва жамоат арбоблари президент Садир Жапаровга муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш ташаббуси билан мурожаат қилганди. Баъзи экспертлар Ташиев олий лавозим учун бўлажак курашга киришиши мумкин, деб фикр билдирганида, Қамчибек Ташиев бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Ташиевнинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги фармон имзоланиши юзасидан берилган расмий баёнотда ҳам сўзма-сўз биз айтган гаплар бўлмаса-да, мазмунан шуларга яқин жумлалар бор. Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов “президентнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида” қабул қилинганини айтди.
Қизиқарли томони, Ташиев ишдан бўшатилганини Германиядаги шифохонада даволанётган пайтида билган. Бу қарор ўзи учун кутилмаган бўлганини айтди. Жорий йил, 11 февраль куни унинг баёноти эълон қилинди. Таъкидланишича, Ташиев соғлиғидаги муаммо сабабли Президент рухсати билан Олмонияга борган.
“Қандай бўлмасин, биз Президент қарорига бўйсунамиз. Мен давлатимизга, халқимизга ва Президентимизга шараф билан хизмат қилдим ва бундан фахрланаман. Шахсий таркиб билан хайрлашиш имконияти берилмагани мени бир оз хафа қилди”, деган собиқ раҳбар.
Шунингдек, Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларига миннатдорлик билдириб, уларнинг кейинги фаолиятига муваффақият тилаган. У мамлакатда тинчлик ва барқарорлик сақланиши зарурлигини таъкидлаб, барча ҳаракатлар қонун доирасида бўлиши кераклигини қайд этган. Маълумот ўрнида Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Ташиевнинг обрўси: нима учун халқ уни “Президент” сифатида кўрди?
Ташиевнинг халқ ичидаги обрўси унинг бир неча кескин ва популистик қадамлари эвазига ўсди. Улардан бири чегара масаласи. Тожикистон билан содир бўлган қуролли тўқнашувларда шахсан ўзи фронт чизиғида бўлиши ва “бир қарич ерни ҳам бермаймиз” қабилидаги риторикаси уни миллий қаҳрамон даражасига кўтарди.
2022 йилнинг 17 сентябрида Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик можаро содир бўлган эди. Ўшанда иккала томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган ва ҳалок бўлган. Қуролли тўқнашув туфайли Қирғизистон 136 мингдан ортиқ фуқаросини эвакуация қилди, 87 киши жабрлангани айтилди. Тожикистон эса қирғиз томони жанговар вертолётлар ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида ҳужум қилаётганини билдирган эди. Хавотирли ва қонли бу жараёнда катта санҳага Ташиев чиқди, отишма пайтида ҳам айнан манзилда бўлиши орқали, кейинчалик эса можарони тинчитишда ҳам у катта роль ўйнади.
Ҳозир собиқ деб айтилаётган амалдорнинг яна бир халқ томонидан олқишланган иши “кўча”га қарши чиқиши бўлди. Уюшган жиноий гуруҳлар ва коррупционерлар билан курашда “қўлларини кесамиз” каби кескин баёнотлари қатъийатни соғинган халққа маъқул келди. Айниқса, 2023 йилнинг 4 октябрида қирғизистонлик криминал авторитет “Коля қирғиз”, яъни Қамчибек Кўлбоевнинг Бишкекда ўлдирилиши “қора кучлар”га нисбатан бошланган тозалаш анча кескинлигини исботлади. Бу эса кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, Қамчибек Ташиев хайрия ишлари орқали ҳам ўз имижини яхши томондан танита олган. Унинг ёрдамчилари ва ўзи томонидан амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар, спортчиларни қўллаб-қувватлаши Ташиевнинг шахсий брендини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси доирасидан анча ташқарига олиб чиқди.
Жапаровнинг қўрқуви: ёрдамчиларнинг тозаланиши
Сиёсий таҳлилчилар Ташиев ва унинг яқин одамлари ҳамда ёрдамчиларининг лавозимидан четлатилишини “шохларни қирқиш” операцияси деб баҳолашмоқда. Мақсад Ташиевни молиявий ва маъмурий ресурслардан маҳрум қилиш. Мантиқан олганда, бу фикрларда ҳам жон бор. Жапаров 2020-йилдаги воқеаларни яхши эслайди. Ҳокимият кўчада ва куч билан алмашуви мумкин бўлган давлатда, энг яқин дўст энг хавфли душманга айланиши, ҳеч гап эмас. Агар Ташиевнинг атрофида садоқатли “гвардия” шаклланган бўлса, бу амалдаги президент учун тўғридан тўғри таҳдид деб баҳоланиши аниқ!
Эҳтимол, шу сабаб Ташиевнинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ҳам ишдан олинди.
Дўстликдан рақобатгача. Тарихий хроника
Жапаров ва Ташиев муносабатлари 20 йилдан ортиқ тарихга эга. Уларнинг иттифоқи бир неча муҳим босқичлардан ўтган. Уларнинг илк танишуви 2005 йилга тўғри келади. Иккаласи ҳам парламентга депутат бўлиб келган ўша пайтда.
2010 йилда эса улар биргаликда “Ата-Журт” партияси таркибида сайловларда ғалаба қозонишган.
2012 йилдаги “Кумтор” бўйича митинг воқеаларидан кейин иккаласи ҳам қамоққа олинди. Бу эса уларни энди “тақдирдош” қилди.
2020 йилда уларнинг ҳаётидаги янги саҳифа очилди. Октябрь ойида ҳокимият алмашинуви содир бўлди. Ташиев Жапаровни қамоқдан чиқаришда ва президентликка олиб келишда асосий роль ўйнагани айтилади. Ўзи эса МХДҚ раҳбари этиб тайинланган ва кучишлатар блокининг асосий таянчига айланган.
2021-2025 йилларни эса “Тандем даври” номи билан аташ мумкин. Мана шу оралиқда Ташиев “Садир Нургофоевич – менинг биродарим, унга хиёнат қилмайман”, деб бир неча бор таъкидлаган бўлса, Жапаров уни “Менинг энг ишончли таянчим”, деб атарди.
Қамчибек Ташиев ўз интервьюларидан бирида: “Садир иккимиз бир тану, бир жонмиз. Бизни ҳеч ким айира олмайди”, – деган эди. Ҳозир нима бўлаётганини эса кўриб турибсиз.
Жамоатчилик муносабати
Қирғиз жамияти бу масалада икки қутбга бўлинган. Ташиев тарафдорлари унинг ишдан олинишини Жапаровнинг хиёнати деб ҳисоблаяпти ва президент энди ҳокимиятни ёлғиз ушлаб тура олмайди дейишмоқда.
Барқарорлик тарафдорлари эса давлатда икки ҳокимиятчилик бўлмаслиги кераклигини, барча тизимлар фақат бир шахсга – Президентга бўйсуниши шартлигини таъкидлаяпти.
Ташиевнинг сиёсий саҳнадан четлатилиши – Қирғизистонда авторитаризмнинг кучайиши ва “ягона раҳбар” тизимига ўтилаётганидан далолат беради, деб айта оламиз. Бу Жапаров учун ўз курсини мустаҳкамлаш бўлса, давлат барқарорлиги учун янги хавфлар – норози жанубий элита ва МХДҚ ичидаги эҳтимолий бўлинишни келтириб чиқариши мумкин.
Аммо, Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ўртасидаги бу “ихтилоф” ёки лавозимдан кетиш масаласи, аслида, катта сиёсий спектаклнинг бир қисми бўлиши мумкин. Бу версияни бир нечта тахминлар билан кўриб чиқамиз.
Сиёсатда шунчаки бугунги кун билан яшаш эмас, балки ўн қадам олдинни ҳисобга олиб ҳаракат қилиш жуда муҳим. Шу сабаб бу воқелик “панага олиш” ёки “ҳимоя қилиш” бўлиши мумкин. Ташиев ҳозиргача энг оғир ва зиддиятли масалалар: чегара, коррупция, ички тозалаш билан шуғулланаётганди. Осондан осон пул топаётган жиноий тўдаларга ҳам, ичкаридаги амал эгаларига ҳам ёмон кўринаётган у эди. Ташиевни вақтинча “пана”га олиш – унинг сиёсий имижини кутилмаган зарбалардан асраш ва “чарчаган раҳбар” образидан чиқариб, халқ соғинган “нажоткор” сифатида қайтариш учун қилинган стратегик пауза бўлиши мумкинмасми сизнингча?
Яна бир версия, бу ворисликка тайёргарлик. Жапаров ўзидан кейин тизимни ишончли қўлларда қолишини истайди. Ташиевнинг бугун “жабрланувчи” ёки “истеъфодаги қаҳрамон” сифатида четга чиқиши, эртага уни президентлик сайловларида энг кучли ва мустақил номзод сифатида кўрсатиш учун замин яратади.
Навбатдаги эҳтимолий мақсад рақибларни алдаш бўлиши мумкин. Ушбу “саҳналаштирилган ажралиш” ички ва ташқи сиёсий мухолифатчиларни чалғитишга хизмат қилади. Икки дўст гўёки бир-бири билан келишолмаётгандек кўринса-да, аслида барча иплар ҳали ҳам бир нуқтада бирлашади.
Хулоса қилиб айтганда, бу чекиниш – мағлубият эмас, балки кейинги буюк сакраш учун бир қадам орқага ташлаш бўлиши мумкин. Жапаров ва Ташиев тандемини йиллар синаган ва бундай катта режани фақат улар каби бир-бирига тиш-тирноғи билан боғланган дўстларгина амалга ошира олади.
Хўш, сиз бу масалада қандай фикрдасиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг!
Live
Барчаси