Шакар кўп еяпмиз – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
18 Апрель 5985 17 дақиқа
Бу ҳафта ахборот майдони яна қайнади: бир томонда баҳсли баёнотлар, иккинчи томонда халқаро қидирувлар ва жиноий ишлар, яна бир ёқда эса фожиа ва сирли ўлимлар жамоатчилик эътиборини тортди. Шу билан бирга, сиёсат, иқтисод ва ижтимоий соҳадаги муҳим янгиликлар ҳам кун тартибини белгилади. Асал ва шакар мавзуси эса алоҳида бир мавзу. Ҳафта давомида энг кўп муҳокама қилинган воқеаларни бир жойга жамладик.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси Актам Хаитовнинг трендга чиққан ва ҳамон тушмаётган “биз кўп гўшт еяпмиз” деган гапидан бир неча йил ўтиб, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг тонналаб шакар еяпмиз деган гапи Хаитовнинг тренддаги иқтибосига даъвогарлик қилмоқда.
“Кеча олимларни олиб келиб шакарнинг зарарини ўргаттирдим. Ҳамма тонналаб шакар еб ётибди. Бизлар ҳозир Сурхондарёда 1000 тонна [шакар] импортини қисқартирсак, шакарни бозорда нархи арзон бўлади. Оёғимизнинг тагида 3000 тонна асал ишлаб чиқар эканмиз, нимага асал емаяпмиз”, дейди вилоят ҳокими.
Қосимовнинг бу гаплари ортидан тармоқ портлади. Шакар нархини асал қийматига тенглаштириш бошланди, 1 кг асл асал пулига камида 15 кг шакар бериши муҳокама қилиняпти.
“Равшан золотой” халқаро қидирувга берилди
Спорт ҳомийси деб айтиладиган Ғофурбойни танийсиз-а? Унинг “Равшан золотой” номи билан танилган жияни бор. Равшан Муҳитдинов. Ўзбекистонда биринчи маъмурият даврида 2007 йил қидирувга берилиб, сўнг оқланган Равшан Муҳитдинов тугаётган ҳафтада яна Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. 1988 йилда туғилган Муҳитдинов Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда.
Аввалроқ, Тошкент шаҳрида “Малика” маиший техникалар бозорида ишлайдиган бўлажак куёв алдов йўли билан унаштирилган қизининг ота ҳовлисини сотиб юборган ҳақида масала шов-шувларга сабаб бўлганди. Иш бориб “Real Sanjik” номи билан танилган тадбиркор Санжар Каримовга бориб тақалди. Қизнинг даъво қилишича, Санжар Каримов куёв бўлмиш билан ўзаро тил бириктириб, оиланинг уйига осон эга чиққан. Ушбу воқеа ортидан Каримов ҳибсланди. У Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Ўтган ҳафта, 10 апрелдан унинг иши бўйича суд бошланди.
Бу воқеалар эсланганига сабаб – Санжар Каримов Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Равшан Муҳитдиновнинг божаси.
Муҳитдинов 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган.
2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.
Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Оммавий ахборот воситаларида Муҳитдинов МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада экани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ, Муҳитдиновнинг ўзи бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини айтиб келади.
18 ёшида Интерпол орқали қидирувга берилган Равшан Муҳитдинов 2009 йил сентябрь ойида Истанбулда ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг, у 3 йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
2013 йил октябрда Бирлашган Араб Амирликларида такроран ҳибсга олинган “Равшан Золотой” ўша йилнинг декабрига қадар Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган ва яна Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
2019 йилнинг 11 июлида “Равшан Золотой” Ўзбекистонга қайтди. Унинг Тошкентга қайтиши арафасида Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан Муҳитдиновнинг исм шарифи олиб ташланган. Қайтганидан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 24 июль куни яна мамлакатни тарк этди. Охирги вақтлар у Ўзбекистонда спорт ҳомийларидан бири сифатида кўрилмоқда. Муҳитдинов Париж олимпиадасида Ўзбекистон расмийлари ва спортчилар билан ҳам кўриниш берган.
Интерполнинг навбатдаги нишони
Интерпол орқали қидирувга берилганлардан яна бири – Дилшод Аҳмедов. У 2024 йил октябрдан 2025 йил августгача “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ раҳбари лавозимида ишлаган ва Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбланмоқда.
“Ўзметкомбинат”ни 2025 йил 14 августдан таниқли тадбиркор Баҳодир Абдуллаев бошқармоқда. У собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаевнинг акаси. Бекмурод Абдуллаев эса 2025 йилнинг ноябрь ойида эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 2026 йилнинг январь ойида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани бўйича жиноий жавобгарликка тортилгани ва ҳибсга олингани маълум бўлганди. Кўп ўтмай, тўғрироғи шу ҳафтада унинг озодликка чиққани, давлатга етказилган зарар қоплаб берилгани маълум бўлди. Узунқулоқ гапларга қараганда, зарарни унинг акаси Бекмурод Абдуллаев қоплаб берган. Бу ҳақда расмий идоралар изоҳ бергани йўқ.
“Зарарни қоплагани муносабати билан озод қилинган раҳбарларга қўлланилган эҳтиёт чораси 60 дан ортиқ бошқа айбланувчиларда ҳақли норозиликка сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз ва расмийлардан икки энлик изоҳ кутамиз”, дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Икки муҳожир икки давлатда вафот этди
Ўзбекистонлик 22 ёшли талаба Муҳаммадюсуф Фахриддинов АҚШда вафот этди. У Стоуни Брук (АҚШ) университетида компьютер технологиялари ва информатика йўналиши бўйича бакалавриатнинг 4-босқичида таҳсил олаётган эди.
Марҳум 2004 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2022 йилдан буён АҚШда таҳсил олаётганди. Унинг уйқуга кетиб уйғонмагани, ўлими юрак фаолияти билан боғлиқ экани айтилмоқда. Бироқ, расмий идоралар аниқ маълумот тақдим этгани йўқ.
17 апрель куни эса Россиянинг Владикавказ шаҳрида чиқинди контейнерларида портлаш содир бўлиши оқибатида ҳудудни тозалаш ишларини олиб бораётган коммунал хизмат ходими – ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлди. Унинг шахси QALAMPIR.UZ’га маълум эмас, марҳумнинг 5 фарзанди бўлган.
Ҳолат ортидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми (эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва консулликлари ҳолат бўйича маълумот бермади.
Блогернинг отасини ким ўлдирди?
Блогер, сиёсий-ижтимоий шарҳлар билан танилган Темур Маликнинг отаси сирли тарзда ғойиб бўлиб, руҳий хасталар шифохонасидан топилди ва орадан кўп ўтмай вафот этди. Блогер отаси Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари томонидан руҳий касалликлар шифохонасига олиб бориб қўйилгани, оила аъзоларига хабар берилмагани ва шифохонада қилинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари сабаб ҳалок бўлганини даъво қилмоқда.
Унинг қайд этишича, 70 яшар отаси II гуруҳ ногирони бўлган ва 14 апрель куни бир сутка давомида уйда ҳушсиз ётганидан кейин вафот этган. Марҳум сўнгги пайтларда альцгеймер касаллиги билан курашган.
“Бундан бир ҳафта олдин, 10 апрель куни отам сирли равишда ғойиб бўлди. Бир сутка давомида қилган қидирув ишларимиз натижасида, уни Самарқанд шаҳар ИИБ Самарқанд тумани руҳий хасталар шифохонасига олиб бориб қўйганини аниқладик. Кейинчалик, бундан жаҳлимиз чиқиб, ўша куннинг ўзидаёқ отамни уйга олиб келтирмоқчи эдик, бироқ иш кунлари тугагани сабабли (шанба куни эди), у ердаги врачлар бизга беморни фақатгина душанба куни бошлиқнинг рухсати билан қўйиб юборишини айтиб, беришмади. Душанба куни эрта саҳар олиб келдик.
Аммо, унинг аҳволи ўша пайтда ўта оғир эди. Шифохонадаги “қассоб” шифокорлар отам қонига ўта кучли таъсир қилувчи препаратларни юборган ва у уйига қайтганидан кейин бир сутка давомида ўзига келмай ётиб, охири 14 апрель, сешанба куни ҳалок бўлди”, деб ёзган Темур Малик.
Билдирилишича, айни вақтда Самарқанд вилоят прокуратурасига ҳолат бўйича тегишли суриштирув ишларини олиб боришни сўраб, расмий ариза киритилган. Тегишли тартибда суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган, айни вақтда унинг натижалари кутилмоқда.
“Отам қандай қилиб руҳий шифохонага тушиб қолди? Уни ким уёққа олиб борди ва нима учун оила аъзоларини бундан хабардор қилмади? Отамни ким ва қандай препаратлар билан унинг ўлимига олиб келувчи уколлар қилдирди? Экспертиза жавоблари чиққунча ҳолат кейинчалик ёпди-ёпди бўлиб кетмаслигига кафолатлар керак.
Қайсидир бир кичик ходим арзимас жазо олиб, воқеа бости-бости бўлиб кетишига йўл қўймаслик керак. Самарқанд туманидаги руҳий хасталар шифохонаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши ва ундаги иш жараёни ҳамда ходимлар малакасига тегишли ҳуқуқий ва профессионал баҳо берилиши лозим. Агар биздан олдин ҳам кимдир шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келган бўлса, менга мурожаат қилишларини сўраб қоламан”, дейди блогер.
Ҳолат бўйича Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий баёнот бериб, ушбу иш бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Талаба ўз уйидан ўлик ҳолда топилди
Жаҳонгир Мирзо тахаллуси билан ижод қилувчи ёш шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Жаҳонгир Номозов ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, у ўз жонига қасд қилган.
Ҳодиса 15 апрель куни Наманган вилояти Поп туманида содир бўлган. Номозов руҳиятидаги ўзгаришлар сабабли ўз ҳаракатларининг моҳиятини англай олмасдан, яшаш хонадонидаги ҳаммомнинг тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, бўйин соҳасидан ўзини-ўзи осиб, воқеа жойида вафот этган.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Поп туман бўлинмасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Жаҳонгир Номозовнинг ўлими – бўйин аъзоларини сиртмоқда қисилиши оқибатида юзага келган механик асфиксиядан келиб чиққанлиги, бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмагани кўрсатилган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.
4 ҳоким “қора рўйхат”дан жой олди
2025 йил Очиқлик индексида энг паст натижани Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қайд этди. Шунингдек, рўйхатда Тошкент ва Сирдарё вилояти ҳокимликлари ҳам бор. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили, хусусан, Очиқлик индексининг якуний натижалари айрим идораларнинг ошкоралик борасидаги асл юзини очиб ташлади.
Энг паст натижани қайд этганлар орасида банклардан “Алоқабанк” АТБ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, Судьялар олий кенгаши, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам бор. Улар ва мен номларини санаган ҳокимликлар индекснинг “қизил” тоифасига киритилган.
“Қизил” тоифада баҳоланганлар, хусусан Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов интизомий жазога тортилиши мумкин.
Яъни, “қизил” тоифага киритилганларга қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Гап шундаки, 2025 йил якунлари асосида ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинган. Баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилган. Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи “яшил”, 22 таси “сариқ” ва 9 таси “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” АЖлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилган.
Бир оиланинг 4 аъзоси портлашда ҳалок бўлди
Тугаётган ҳафтада Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги хонадонда портлаш содир бўлди ва оқибатда бир оиланинг 4 аъзоси – 29 ёшли ота ҳамда унинг фарзандлари – 6 ёшли ўғли, 3 ва 2 ёшли қизлари воқеа жойида ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, ушбу уйда яшовчи болаларнинг онаси ва бувиси ёнғиндан қочиш мақсадида хонадон деразасидан ташқарига отилган. Улар турли тан жароҳатлари билан Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасига юборилган.
Қолаверса, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Ўрта Чирчиқ туман бўлими ва “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали Ўртачирчиқ туман бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳам хизмат текшируви тайинланган.
Россиядан газ олиш кўпаяди
13 апрель куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Россияга бориб, мавқедоши Михаил Мишустин билан учрашди ва икки мамлакат Ҳукуматларининг Қўшма комиссия йиғилишида иштирок этди.
2025 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш 13 миллиард доллардан ошди. Йилнинг дастлабки 2 ойи давомида савдо ҳажми яна 30 фоизга ўсган.
Ўзбекистон Бош вазирига кўра, 2030 йилгача қўшма товар айланмасини 30 миллиард долларга етказиш вазифасини бажариш мақсадида Ўзбекистон ва Россия ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини, энг аввало, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш ҳисобига сезиларли даражада кенгайтирмоқда.
Мишустин энергетика соҳасини ҳамкорликни кучайтириш учун асосий йўналиш сифатида кўриб чиқилаётганини айтган. У Россия лойиҳаси асосида Ўзбекистонда интеграциялашган АЭС қурилиши бошланганини эслатиб ўтган.
“Россия нефти ва табиий газини етказиб беришни давом эттириш ва уларнинг ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди. Россиялик мутахассислар иштирокида Ўзбекистон ҳудудида янги қудуқларни бурғилаш, қайта ишлаш тизими ва газ транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда”, дейди Россия Бош вазири.
Россия ҳамон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда. Охирги йилларда мамлакат Россия газига ҳар қачонгидан жиддийроқ боғланган.
2025 йилда Россия “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали Ўзбекистонга етказиб беришни кўпайтиришда давом этди, бунинг натижасида ушбу йўналишдаги умумий экспорт ҳажми тахминан 30 фоизга ўсиб, 2025 йилда 7 миллиард куб метрдан ошди.
2023 йилда Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия табиий газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали транзитига старт берган. Ўшанда ушбу қувур орқали Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олиши белгиланганди. Ҳозирда бу ҳажм 7,7 миллиард куб метрни ташкил этмоқда. Бироқ, газни қанчадан сотиб олинаётгани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас.
2023-2024 йиллардаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Россия газини 1000 куб метри учун тахминан 160 доллар атрофида харид қилган. 2025 йил учун ҳам нархлар шу даражада ёки бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, бир оз фарқли бўлиши мумкин. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Туркманистон ва Россиядан газ импорти учун жами харажатлари 1,6 миллиард долларни ташкил этган.
Абдулла Ариповнинг Россияга ташрифи ортидан Путин Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко Тошкентга келди ва Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. У Мирзиёевга Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш доирасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистонда биринчи интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишга, шунингдек, тинч атом соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган.
Россиянинг “Росатом” корпорацияси Ўзбекистонда бир эмас, балки икки хил турдаги атом электр станциясини қуриш бўйича келишувларга эга. 2024 йил май ойида кичик қувватли АЭС қуриш бўйича расмий шартнома имзоланди ва 2026 йил мартида Жиззах вилояти Фориш туманида қурилиш ишлари бошланди. “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвга кўра, Ўзбекистондаги АЭС қурилиш майдончасида фақатгина битта кичик блокнинг барпо этилиши Россия корхоналарини тахминан 24,7 млрд долларгача бўлган буюртмалар ва тахминан мингта иш ўрни билан таъминлайди.
Шаҳноза Мирзиёева аёллар колониясига борди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева тугаётган ҳафтада Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Аёллар ахлоқ тузатиш колониясига бориб, у ердаги шароит билан танишди.
Мақсад – маҳкума аёлларнинг оналик ҳуқуқини таъминлаш. Яъни, ҳозирда ушбу колонияда 48 нафар гўдак ҳам оналари билан бирга сақланмоқда. Колонияда алоҳида она ва бола марказини ташкил этиш, маҳкума аёллар фарзандларини парваришлаши учун шароит яратиш мақсад қилинган.
“Асосий вазифамиз бу-болаларга шароит қилиб берайлик. Қарайлик, боқайлик, эртага булар жамиятга қўшилиши керак. Болларни ўқитайлик тарбиячилар олиб келайлик, чиройли муҳит қилиб берайлик. Булар ҳам бизнинг фарзандларимиз”, дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари.
Мирзиёеванинг айтишича, ушбу муассасада ҳар йили 20-30 нафар чақалоқ дунёга келади. Марказ очилиши натижасида болалар тажрибали мутахассислар ва ва тарбиячиларнинг доимий назорати билан таъминланади. Оналар эса колониянинг умумий тартибига риоя қилган ҳолда, бошқа маҳкумалар билан тенг шароитда яшаш ва меҳнат қилиш имконига эга бўлади.
Жавоҳир Синдоров икки рекордни янгилади
Шу ҳафта, шу ой туғилган янги чақалоқлар орасида Жавоҳир исмлилар кўпайса, ажабмас. Бу ҳафта илмнинг қадри ошди, таълим ва тарбия яна трендга чиқди, Жавоҳир, Жавоҳирлар номи дунёни тутди. Кипрда ўтган Номзодлар турнирида мағлубиятсиз қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон номини ўчмас қилиб ёзди.
Синдоров Кипрнинг Пафос шаҳрида жаҳон тожи учун курашишга йўлланма берадиган нуфузли Номзодлар турнирида Жаҳон кубоги соҳиби ўлароқ иштирок этди. Синдоров жами 2 давра ва 14 тур давом этган мусобақа давомида бирор марта мағлубиятга учрамади – у 6 марта ғалаба қозониб, 14 очколик имкониятдан ўнтасини ўзиники қилди. У бирйўла иккита рекордни янгилаб қўйди – у Номзодлар турнирида мағлубиятсиз иштирок этган илк шахматчи бўлди, шу қаторда очко жамғариш планкасини ҳам яримтага кўтариб қўйди.
Турнир 15 апрель куни якунланди. 16 апрель куни бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида олий совринни боши узра кўтарган Синдоров 17 апрель куни Ўзбекистонда тантана билан кутиб олинди. У тарихий натижани қайд этган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёевдан телефон орқали табрик қабул қилиб олган эди.
Ўзбекистонга қайтганда эса шахсан мамлакат етакчисининг ўзи унинг кўксига “Меҳнат шуҳрати” орденини қадаб қўйди.
Омад кулгани, илмнинг қадрлангани, ёшларга йўл очилгани шу бўлса керак. Синдиров сўнгги беш ой ичида иккинчи марта Президент томонидан юксак мукофот билан тақдирланмоқда. Унга 2025 йилнинг 28 ноябрь куни шахсан Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи унвонини топширган эди.
Дарвоқе, шу кунларда 20 яшар Жавоҳирнинг блиц йўналишида уч карра жаҳон чемпиони қозоғистонлик Бибисора Ассаубаева билан тушган суратлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бироқ, ёшларнинг ўзи ҳали гап-сўзларга изоҳ берганича йўқ.
Фаррух Зокиров 80 ёшда!
Нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам бир неча авлод афсонавий “Ялла” гуруҳи, Фаррух Зокировнинг қўшиқлари билан улғайди. Ҳамон улғайяпти. Чарчатмайди, эскирмайди, шовқиндан йироқ, агрессияси йўқ бу қўшиқлар қайси мамлакатда жаранг сочмасин, Ўзбекистоннинг иссиқ тафтини ҳис эттиради. Ўша қўшиқларнинг муаллифи – асл санъаткор, маданият борасида ўрнак ижодкор, шов-шув, трендлар, шоу-бизнес найранглари ва пиарлари, керак бўлса, андишасизлигу шаллақиликдан йироқ мэтр Фаррух Зокиров 80 ёшни қаршилади.
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда, Фаррух Зокиров нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё, Ҳамдўстлик мамлакатлари ва туркий элларнинг севимли санъаткори экани таъкидланган. Унинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти деган фахрий унвонлар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлгани унинг ижодига берилган катта баҳо сифатида қайд этилган.
Маросимда ўзбек миллий санъати ва маданиятини ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фаррух Зокировга “Буюк хизматлари учун” ордени топширилди.
Ўша куни Президент “Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади, “Ялла” номидаги болалар ансамбли фаолият йўлга қўйилади, ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари ташкил этилади.
Фаррух Зокировнинг юбилейи нафақат Ўзбекистонда, балки Қозоғистонда ҳам алоҳида воқелик сифатида эътироф этилди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон халқ артисти Фаррух Зокировни 80 ёшлик юбилейи билан табриклади.
“Табиий истеъдодингиз, туганмас ҳаётий қувватингиз ва ноёб меҳнатсеварлигингиз туфайли сиз бутун дунё бўйлаб миллионлаб ижодингиз мухлисларининг самимий меҳрини қозондингиз. Сизнинг санъатингиз кўп йиллардан буён турли авлод ва миллат вакилларини бирлаштириб келмоқда. Қозоғистонда сизни такрорланмас овозингиз ва бутун бир даврнинг маданий феноменига айланган афсонавий “Ялла” ансамбли ижросидаги машҳур қўшиқларингиз учун қадрлашади”, дейилади телеграммада.
Маданият ва мусиқа санъатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлагани учун Қосим-Жомарт Тўқаев Фаррух Зокировни II даражали “Достық” (Дўстлик) ордени билан тақдирлади.
Live
Барчаси