Жиноят ва жазо – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
25 Апрель 3742 21 дақиқа
Якунланаётган ҳафта шов-шувли воқеаларга бой бўлди. Болалар орасида менингит ҳолатлари кўпайди, Кореяда ўзбекистонлик аёлнинг ўлими катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ички сиёсатда эса, пора билан ушланган амалдорлар, қимматбаҳо соат таққан мансабдор шахслар ва янги солиқ жазолари диққат марказида бўлди. Шу билан бирга, Гулнора Каримова ва "Real Sanjik" ишларида янги тафсилотлар очиқланди. QALAMPIR.UZ анъанага мувофиқ ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини жамлади.
Чорва моллари ўртасида “яшур” касаллиги кўпайди
Жорий йилнинг 18 апрелидан 18 майига қадар Ўзбекистонда “Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена” ойлиги эълон қилинди. Қайд этилишича, хорижий давлатларда чорва моллари ўртасида оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи кенгаймоқда. Ушбу касаллик Ўзбекистонга етиб келганми ёки йўқ, бу ҳақда аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Аммо касалликнинг янги тури дастлаб Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор тумани ва Гансу провинциясида, шунингдек, Россиянинг Сибирь ва Волгабўйи ҳудудларида аниқланган.
Жаҳон ҳайвонлар соғлиғи ташкилоти маълумотига кўра, 2025-2026 йилларда 48 та давлатда ушбу касалликнинг янги типлари қайд этилган бўлиб, амалда қўлланилаётган вакциналар бу типларга қарши тўлиқ ҳимоя қилмайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ветеринария-санитария тартибларига риоя қилиш, дезинфекция воситаларини ташкил этиш, бегона шахслар ва транспорт воситаларининг киришини чеклаш, ҳайвонларни сақлашда зоогигиеник талабларга амал қилиш, уларни сифатли озуқа ва тоза сув билан таъминлаш, ҳудудни доимий тозаликда сақлаш ҳамда зарарли жониворларга қарши курашиш борасида огоҳлантирмоқда. Агар ҳайвонларда касалликка шубҳа туғилса, уларни дарҳол бошқалардан ажратиш, ветеринар келгунига қадар изоляция қилиш ва ҳеч қандай дори воситаларини мустақил қўлламаслик юзасидан тавсия берилмоқда.
Ҳайвонларда юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғи ва туёқларида яралар, елинда шикастланишлар кузатилганда, зудлик билан ветеринария врачига мурожаат қилиш шарт. Бундай ҳолатларда биноларни дезинфекция қилиш, ҳайвон маҳсулотларини ҳудуддан ташқарига чиқармаслик ва сутни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик лозим.
Қозоғистонда ҳам чорва молларига “қирғин” келди
Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Қорақиён туманида ёппасига 550 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлди. Улар орасида 134 бош от, 154 бош қўй, эчки ҳамда туялар бор. Ҳайвонларнинг нобуд бўлишига 20-21 апрель кунлари кузатилган кучли ёғингарчилик, яйловлар ботқоққа айлангани ва ҳайвонлар лойга ботиб қолгани бирламчи сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Аммо, ҳали расман тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, ҳайвонлар орасида номаълум касаллик тарқалган. Маҳаллий ҳокимият ҳисоб-китоб ва утилизация ишларини олиб бормоқда, фермерларга етказилган зарарни қоплаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Кореядаги ўзбек аёлининг сирли ўлими
Ўзбекистонликларнинг, хусусан аёлларнинг хорижий мамлакатлардан ўлиги келиши билан боғлиқ ҳолатлар борган сари кўпаймоқда. Йил бошидан буён бир неча шов-шувли хабарлар, қотилликлар, айниқса, Туркиядаги ўзбекистонликларнинг ўлими жамоатчиликни ларзага келтирди. Ана шу ўлимлар орасида куни кеча Кореяда содир бўлган ва бироз эътибордан четда қолган яна бир ҳолат бор.
Гап шундаки, Жанубий Кореяга ишлаш мақсадида кетган ўзбекистонлик 26 ёшли аёл уйидан ўлик ҳолда топилди. Унинг ўлими атрофидаги гап-сўзларга қулоқ тутсангиз, аёл жиноят қурбони бўлган, ўлдирилишидан олдин унга нисбатан куч ишлатилган, ва қотиллик яширилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масалага аниқлик киритиб, барча саволларга жавоб берди.
“Мазкур ҳолат мамлакатимиз элчихонаси томонидан назоратга олинган бўлиб, дипломатик ваколатхона марҳуманинг вафотига ойдинлик киритиш бўйича Корея полицияси билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Шу ўринда, элчихона фуқароларимиздан марҳума ватандошимизнинг хотирасини ҳурмат қилишга, турли тасдиқланмаган, нотўғри ва асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақириб қолади”, дейилади вазирлик хабарида.
Корея ҳуқуқ-тартибот органларининг маълум қилишича, фуқаро Нозима Кимнинг ўлими юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ва экспертиза натижаларига кўра, марҳуманинг вафотида қотиллик аломатлари аниқланмаган.
Пхёнтхэк шаҳридаги Корея Миллий суд-тиббиёт экспертизаси томонидан амалга оширилган чуқурлаштирилган экспертиза натижаларига кўра, фуқаро Нозима Кимда ўз жонига қасд қилиш ташхиси асосида ўлим ҳолати қайд этилган.
Шунингдек, ДНК, қон, бармоқ изи таҳлил қилингани, унинг танасидан заҳарли ва дори моддалар ёки ички ҳамда ташқи тана қисмларида қаттиқ зарба таъсирида юзага келган кўкариш ҳолатлари аниқланмаган.
Корея полицияси ходимлари ижтимоий тармоқларда тарқалаётган марҳума Нозима Кимга тегишли турли суратлар тергов жараёнида олинмагани ва уларни тарқатиш Корея қонунчилиги бўйича тақиқланишини билдирган. Пхёнтхэк шаҳар полициясига кўра, ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда, натижаси бўйича маълумот марҳуманинг яқинларига тақдим этилади.
Болалар орасида менингит кўпайди
Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён менингит – менингококк инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган. Инфекция билан боғлиқ 174 та ҳолатнинг 168 таси 14 ёшгача бўлган болаларда кузатилган. Касаллик динамикасига кўра, апрель ойида март ойига нисбатан беморлар 14 фоизга камайган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг маълум қилишича, болалар орасида ушбу инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида беморлар билан мулоқотда бўлган 4862 нафар фуқаро эмланган. Вакцина билан эмлашга тиббий монелиги бўлган беморлар билан мулоқотда фуқаролар учун шифокорлар назоратида кимёвий профилактика тадбирлари амалга оширилмоқда.
Қўмита ўз вақтида эмланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш, жамоат жойларида эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этмоқда.
Ҳаж ва Умра сафарларига боришдан аввал менингококк инфекциясига қарши эмланиш, зиёратдан келгандан сўнг эса, оммавий тадбирлардан чекланиш ҳақида огоҳлантириш берилди.
Менингит жуда хавфли касаллик бўлиб, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ўлим кўрсаткичи юқори ҳисобланади. Айниқса, бактериал менингитда вазият соат сайин ёмонлашиши мумкин. Бактериал менингит билан касалланган ҳар 10 бемордан 1 нафари (10%), баъзан эса ҳар 6 нафардан бири вафот этиши мумкин.
Қўмита касаллик Ўзбекистоннинг айнан қайси ҳудудларида кўпроқ тарқалаётгани ва ўлим ҳолатлар кузатилгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.
Наманган ҳокимининг суди бошқа вилоятга ўтказилди
Ёдингизда бўлса, 2025 йилнинг сентябрида Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар пора олаётганда қўлга тушган эди. Жорий йилнинг 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида Отахўжаев устидан суд бошланди.
Собиқ ҳокимнинг ҳимоя томони суднинг Наманган вилояти ҳудудида ўтказилишига раддия берган. Шу боис суд Фарғонада ўтказилмоқда.
Отахўжаев пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари, яъни шериги билан тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган тураржой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.
ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган.
Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ўша вақтнинг ўзида “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.
Яна бир андижонлик мансабдор пора билан ушланди
Аввалроқ, апрель ойи бошида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг асли ички ишлардан чиққан ўринбосари Исомиддин Исманов 50 минг АҚШ доллари пора билан ўз уйида қўлга олингани катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Бу воқеани ҳазм қилиб улгурмасимиздан Андижонда яна бир мансабдор Исманов олган пулдан сал камроқ пора билан ушланди. Бу сафар миқдор 40 минг АҚШ доллари порани олган шахс – банкир.
Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, банклардан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари кредит таъминоти учун гаровга қўйилган, Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 млрд сўмлик хусусий даволаш марказининг 4 қаватли биноси аукцион савдо платформасида сотувдан қайтганлигидан фойдаланиб, унинг нархини 12 млрд сўмга туширган ҳолда, банк ташкилоти ҳисобига олиб, маҳаллий тадбиркорга аукцион савдоларисиз 7 йил муддатга фоизсиз кредит ҳисобидан олиб бериш эвазига 90 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мансабдор шахс 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хизматчисининг 50 минг долларлик соати
Ўзбекистонликлар бу ҳафта бошини, душанба тонгини Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг раиси Шерзод Қудбиевнинг билагидаги нархи 50 минг доллар турадиган соат овозаси билан оттирди.
Қудбиев Breguet Marine Chronographe 5527 русумли соатни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган Қурилиш соҳаси тадбиркорлари, лойиҳачилар ва кадастр муҳандислари иштирокидаги очиқ мулоқотда тақиб, кўриниш берган.
Ижтимоий тармоқда Қудбиев ва соат сурати тарқалиб, жамоатчилик бу соатни Қудбиев қаердан олганини муҳокама қилишга тушди. Гап бориб, Ўзбекистонда амалдорларнинг мол-мулкини декларация қилишга оид қонун қабул қилинмай, пайсалга солиб келинаётганига тақалди. Қудбиевнинг ўзи эса, бу соат ҳақида шундай тушунтириш берди.
“Танқидлар ўринли. Давлат хизматчиси камтар бўлиши керак. Менга шахсан катта хулоса бўлди”, дейди Қудбиев.
Вазир соат нимаси билан қадрли экани ва уни қаердан олганига аниқлик киритмаган. Бироқ, унинг видеомурожаати жамоатчилик орасидаги эътирозларни бостиришга етиб ортди, одамлар ҳаммасини унутди, яна кундалик ташвишларига ўралашишда давом этди.
Солиқ тўламаганларга жазо кучайтирилди
Энди Ўзбекистонда солиқ тўлашдан қочганлар озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда сўз борган.
Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасдан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш такроран ва кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш келтирилган.
Қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Агар биринчи марта жиноят содир этган шахс солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини терговга кадар текширув, тергов ва биринчи инстанция суди босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига кадар тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.
Хўш, солиқлар ёки йиғимларнинг анча миқдори ўзи қанча? Қонунда бу ҳам белгиланган. Анча – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 600 бараваригача, кўп – базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваридан 1000 бараваригача, жуда кўп – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор ҳисобланади. Ушбу қонун 2026 йил июль ойида кучга киради.
Нақдсиз савдо бўйича янги талаблар юмшатилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга кирди.
Унга кўра, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, транспортларга ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар, қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бироқ, ушбу тизим ишга тушган илк кунларданоқ аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Одамлар нақд пулга бензин ололмаётгани, нақд пулни картага тушириш вақтни ўғирлаётгани ёки банкоматларнинг фоиз олиб қолиши оқибатида пул йўқотилаётганидан нолиётган бўлса, тадбиркорлар, айниқса, рестораторлар ва хўрандалар кафеларда алкоголь учун нақд пул қабул қилинмаслиги оқибатида ноқулайликларга дуч келаётганидан ёзғирмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов янги тизим ортидан келиб чиқаётган бундай муаммоларни тан олди ва тез орада ечим беришини айтди.
“Бу бизнинг айбимиз, эътиборсизлигимиз, яқин кунларда ечим тақдим этамиз”, деди Пўлатов.
Тадбиркор Тимур Мусин нега “хонавайрон” бўлди?
“Caravan Group” тармоғи асосчиси Тимур Мусин Тошкент шаҳридаги “Палов музейи”, “Caravan” номли ресторанлари ва Бўстонлиқ туманидаги Cinara’s мажмуасини сотувга қўйди. Таниқли тадбиркорнинг бу қарорини айни дамда мамлакатдаги мавжуд муҳит хусусий инвестицияларни ноқонуний тажовузлар ва рейдерликдан ҳимоя қилишга тайёр эмаслиги билан боғлаган.
Тадбиркорни ўз бизнесининг бир қисмини сотишга суд жараёнлари ва инвестицияларни йўқотиш хавфи мажбур қилган. Унинг сўзларига кўра, катта миқдорда ресурс сарфланган кенг кўламли этнографик лойиҳа тизимли тўсиқларга дуч келган.
Хусусан, Тимур Мусин YouTube’да Cinara’s меҳмонхонаси ва аквапаркига эга этнографик қишлоқ қуриш лойиҳаси “мураккаб инвестиция муҳити ва чексиз маъмурий тўсиқлар туфайли номаълум муддатга” тўхтатилгани ҳақида видеомурожаат қолдирган.
“Муҳандислар, архитекторлар, конструкторлар, ландшафт дизайнерларининг батафсил ишлаб чиққан лойиҳаларига, шунингдек, халқаро меҳмонхона бошқарувчилари жамоасининг ажойиб меҳнатига қарамай, бир неча миллион маблағ ва вақт бой берилди. Тегишли тузилмалар томонидан муносиб қўллаб-қувватловнинг йўқлиги лойиҳани ҳозирги шароитда амалга оширишни имконсиз қилиб қўйди. Жамиятга фойда келтиришга қодир бўлган кенг кўламли ташаббус мамлакатдаги “яширин тўсиқлар” ва адлия тизимига урилиб, чил-чил бўлмоқда. Афсуски, айни дамда мавжуд муҳит хусусий инвестицияларни ноқонуний тажовузлар ва рейдерликдан ҳимоя қилишга тайёр эмаслиги маълум бўлди!” дейди тадбиркор.
Маълумотларга кўра, низо Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чирчиқ — Ғазалкент — Чорвоқ” автомобиль йўлини реконструкция қилиш учун 0,7 гектар ернинг олиб қўйилиши билан боғлиқ. 2023 йил ёзида суд туман ҳокимлиги зиммасига компанияга 12,5 млрд сўм миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган. Бироқ, бу қарор турли даражадаги инстанциялар томонидан бир неча бор бекор қилинган ва 2025 йил август ойида иш қайта кўриб чиқиш учун юборилган.
Бундан ташқари, аввалроқ қурувчидан 4 гектар ҳудуд олиб қўйилиб, эвазига рельефи мураккаб бўлган участка берилган. 2025 йил охирида маъмурий суд прокуратуранинг компанияга 2010 йилда берилган кадастр ҳужжатларини бекор қилиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирган. 2026 йил бошида Бизнес омбудсман 15 йилдан кейин ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш йўл қўйилмас эканлиги ва мулк ҳуқуқи бузилганини асос қилиб, ушбу қарор устидан шикоят қилган.
Объектларнинг ҳуқуқий мақоми ноаниқлиги сабабли, компания икки хорижий ҳамкор билан ҳамкорликни тўхтатган, банк ҳисоб рақамларида эса қарийб 10 млн доллар миқдоридаги инвестициялар музлатилган ҳолатда қолган. Тадбиркор қурилган бинолар билан бирга қарийб 15 гектар ернинг олиб қўйилишини тижорат қиймати бўйича 50 млн долларга баҳоламоқда. Ҳозирда суд жараёнлари иқтисодий ва маъмурий судларда параллель равишда давом этмоқда.
Аравасини торта олмаётган бўлса бўшасин – Мирзиёев
Тугаётган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши билан эсда қолди. Унда давлат раҳбари бир қанча туманлар ҳокимларини огоҳлантириб, аравасини торта олмаётган бўлса, лавозимга лойиқлиги қайта кўриб чиқилишини айтди.
Гап шундаки, йиғилишда айрим раҳбарлар тадбиркорнинг масаласини ҳал қилиши ўрнига ўзини четга олаётгани, муаммо республика даражасига чиқса, айбини беркитиш учун ўзини оқлаб юргани танқид қилинди.
Масалан, Нурафшон шаҳар ҳокими бюрократия сабабли икки йилдан бери қурилишни бошлай олмаган тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига, қаердан бу маълумот Президент даражасигача етиб борганини қидириш билан оворалиги айтилди. Шу билан бир қаторда Ғузор, Нарпай, Урганч, Янгийўл, Чиноз туманлари ҳокимлари тадбиркорлик инфратузилмаси учун берилган тайёр пулга ҳалигача лойиҳа бошламагани кўрсатиб ўтилди.
Тегишли вилоятлар ҳокимларига номи айтилган туман ҳокимлари “аравасини торта олмаётган бўлса”, бугуннинг ўзида лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Умуман, бугунги шароитда барча раҳбарлар хатарларни 2-3 хил сценарий бўйича олдиндан баҳолаб, асосий режаларига қўшимча захира режаларини ҳам тайёрлаб қўйиши шартлиги қайд этилди.
Вилоят, туман ҳокимлари ишни мутлақо янгича ташкил қилиши: уч кунда ёнига “ақл маркази”, олийгоҳ профессорлари, стартапчи ёшларни олиб, меҳнат унумдорлиги, таннарх, энергия самарадорлиги, иш ўрни, аҳоли даромади бўйича янги ечимлар устида қаттиқ изланиши, бир ҳафтада бу йил қандай ностандарт ўзгариш қилишини оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка етказиши белгиланди.
Давлат раҳбари бозордаги вазият, глобал майдондаги ҳодисаларнинг оддий ўзбекистонликлар ҳаётига таъсирига тўхталаркан, энг аввало ишлаб чиқаришни кўпайтириш, танлов имкониятини кенгайтириш ва инфляциянинг ошиб кетишига йўл қўймасликка тўхталди.
“Қанча ҳаракат қилиб, иқтисодиётни ўстирмайлик, агар инфляция ҳам ошиб бораверса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмайди. Чунки товар, иш ва хизматлар нархининг ошиши кўпайган даромадни қадрсизлантиради”, дейди Президент.
Картошкачилик қониқарсиз баҳоланди
Шавкат Мирзиёев видеоселекторда йил бошидан дунёда нефть нархи 40 фоизга ошгани, рўй бераётган зиддиятлар оқибатида қулай логистика коридорларини ўзгартиришга тўғри келаётгани, бу маҳаллий маҳсулотларнинг экспортида ҳам, асосий истеъмол товарларининг импортида ҳам ташиш харажатларини 25-30 фоизга оширганига тўхталди. Унинг билдиришича, инфляция импорти ички нарх-навога 1 фоизгача қўшимча босимни юзага келтирмоқда.
Шундай бўлса-да, ташқи босимни баҳона қилиб, инфляция бўйича ишларни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддилар ва ҳокимларга жорий йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш учун маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириб, нархини арзонлаштириш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбиркорлар учун муқобил транспорт коридорларини ҳам кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу орқали, иккинчи чоракда 45 минг тонна, йил якунигача жами 130 минг тонна гўшт импортини таъминлаш зарурлиги айтилди.
Картошкага бўлган талабни қоплаш учун бу йилга режа қилинган 180 минг гектардан 118 минг гектарига уруғлик экилди. Лекин Қашқадарёда бор-йўғи 41 фоиз, Сурхондарёда 44 фоиз майдонда картошка экилган. Март ойининг ўзида картошка Сурхондарёда 12,4 фоизга, Қашқадарёда 9 фоизга қимматлаган.
Картошкачиликка ихтисослашган Хўжаобод, Андижон, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон, Тошлоқ, Фарғона туманларида ҳам ишлар қониқарсиз. Сусткашликка йўл қўйган вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари ва туман ҳокимларининг масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш топширилди.
Йиғилишда саноат ва экспорт масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қамаши, Қарши, Миришкор, Арнасой, Шароф Рашидов, Янгиобод, Навбаҳор, Косонсой, Қумқўрғон, Фурқат, Шовот, Шайхонтоҳур, Сергели туманлари саноат режасига чиқа олмагани танқид қилинди. Ушбу 13 та туман ҳокимига режага қанча етмаганига қараб, интизомий жазо чорасини кўриш айтилди.
Ички бозорда мис таклифи кўпайтирилган бўлса-да, қайта ишлаш ойига 6 минг тоннадан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда биринчи чоракда электротехника соҳасида саноат ўсиши прогноздаги 11,2 фоиз ўрнига 7,8 фоизга, экспорт режаси бор-йўғи 57 фоизга бажарилди.
Электротехника экспорти учун 100 миллион доллар ресурс бериб, айланма маблағга гаровсиз кредит ажратиш имконияти яратилди. Лекин бирорта банк ушбу шартларда кредит ажратмаганига эътироз билдирилди.
Гулнора Каримованинг суди қачон бўлиши очиқланди
Келаси ҳафта Швейцария судида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага оид пул ювиш ва бошқа жиноятларга оид суд иши бошланади.
Бу воқеа қарийб йигирма йил аввал бошланган. Швейцария Бош прокуратурасининг даъвосига кўра, у Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган телекоммуникация компанияларидан пора ундириш билан шуғулланувчи “офис” деб номланган кенг тармоқли тармоқ тузганликда айбланмоқда. Ушбу тармоқ кўп йиллар давомида фаолият юритгани айтилади.
2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси Каримова ва унинг бизнес шеригига нисбатан жиноий иш очган. Улар коррупция, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювишда айбланмоқда.
2015 йилда Женевадаги Lombard Odier хусусий банкининг собиқ ходими тергов остига олинган. У 2008–2012 йиллар давомида “офис”га алоқадор шахслар учун банк ҳисоблари очиш ва бошқариш орқали маблағларнинг келиб чиқишини яширишга ёрдам берганликда айбланмоқда.
Lombard Odier банкининг ўзи пул ювишда бевосита айбланмаяпти. Асосий масала – банк ўз ходимининг эҳтимолий жиноий ҳаракатларини олдини олиш учун барча зарур ташкилий чораларни кўрган-кўрмаганлигида. Банкнинг ўзи 2012 йилда бу ҳолат ҳақида пул ювиш бўйича ҳисобот бериш идорасига (MROS) хабар берган ва тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилган.
Нима учун иш бунчалик узоқ давом этмоқда?
Асосий фактлар мураккаб бўлгани каби, жараённинг бориши ҳам ғайритабиий бўлган. Айниқса, ишнинг давомийлиги ҳайратланарли: асосий воқеалар 2008 йилга бориб тақалади.
Швейцария жиноий адлия тарихида биринчи марта Федерал жиноят суди сўроқ ўтказиш учун хорижга сафар қилган.
Йиллар давомида ишнинг икки йўналиши турли прокурорлар томонидан алоҳида олиб борилган. Фақат 2025 йил май ойида – тергов бошланганидан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтгач – Швейцария Федерал жиноят суди Бош прокуратуранинг позициясига зид равишда, икки ишни бирлаштиришга қарор қилган, чунки улар бир хил фактларга асосланган.
Асосий айбланувчиларнинг судда иштирок этиши сўроқ остида. Зангиотадаги қамоқхонада сақланаётган Гулнора Каримованинг шахсан келиши эҳтимоли паст. Иккинчи айбланувчининг қаердалиги эса номаълум. Бу эса, суд олдида “сиртқи суд” (trial in absentia) ўтказиш ёки ишни қайта алоҳида бўлакларга бўлиш каби фундаментал процессуал саволларни қўяди.
“Real Sanjik”– гиёҳвандлик моддалари отамдан мерос
Тугаётган ҳафтада яна Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида “Real Sanjik” номи билан танилган Санжар Каримовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бўлиб ўтди.
Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ҳамда 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Каримов, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқиб, бўлажак куёв оиласига тегишли уйни алдов йўли билан тортиб олганини айтган Жамила Алимбаевага уйни қайтаришга рози бўлди. Бироқ, Алимбоевлар уйни шунчаки қабул қилмаса, уни 1 сўмга сотишини айтди.
Раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларнинг сўзини тинглаб, келгусида бошқа эҳтимоли мавжуд бўлган хавфларни олдини олиш мақсадида, кейинги суд мажлисида нотариусни суд мажлисига чақирган ҳолда, ушбу уйни собиқ эгаларига олди-сотди жараёни амалга оширилиши мумкин бўлишини билдирди.
Шунингдек, Санжар Каримов суд мажлисида гиёҳванд моддалар истеъмол қилганини тан олган. Гап шундаки, 2025 йил 27 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан унинг уйи ва офисида тинтув ўтказилган, унда Каримовнинг офис столи тортмасидан “Parliament” тамаки маҳсулоти қутиси ичида полиэтилен пакетга ўралган қўнғир рангли, ўткир ҳидли мумсимон модда, турли купюраларга ўралган яшил рангли ўтсимон моддалар, чекиш учун мўлжалланган 0,5 литрли "баклажка" идиши ҳамда хонадон ертўласидаги кийим жавонидан пальто ички чўнтагидаги гугурт қутиси ичида сақланган яшил рангли ўтсимон моддалар топилган.
Айбланувчи Санжар Каримов ушбу моддалар марҳум отасига тегишли бўлганини билдирди. Унинг айтишича, отаси АҚШ фуқароси бўлган ва умрининг сўнгги икки йилини Ўзбекистонда оиласи ҳамда ўғли билан бирга ўтказган. Шунингдек, у отаси билан биргаликда мазкур офисни бошқаргани, туташ хонадонда отаси яшаганини ҳам қайд этди. Каримовнинг сўзларига кўра, отаси саломатлиги ёмонлашгани сабабли ушбу моддаларни истеъмол қилган.
Санжар Каримов отасининг вафотидан кейин руҳий тушкунлик ҳолатида "баклажка" орқали икки марта гиёҳвандлик моддасини якка ўзи истеъмол қилганини, бироқ ушбу моддаларни сотиш ёки тарқатиш мақсадида сақламаганини, бу шунчаки отасидан қолган мерос эканини айтди.
Хабарингиз бор, ўтган ҳафта Санжар Каримовнинг божаси – Ғофур Раҳимовнинг жияни Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. У Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда. Бироқ, Муҳитдинов қандай жиноятни содир этгани, унинг қидирувга берилиши Санжик иши билан боғлиқми ёки йўқ, бу ҳақида аниқ маълумотлар берилмаяпти. QALAMPIR.UZ’га оид бошқа маълумотларга кўра, айни дамда Санжар Каримовнинг қайнотаси ҳам ҳибсланган.
Жиноий тўда қўлга олинди
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ДХХ ва ИИВ органлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўзларини қонундан устун қўйиб, кўча ечими ва безорилик билан шуғулланган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 1988 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан судланган Икром Саидов, 1990 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан судланган Ислом Саидов, 1998 йилда Тошкент вилоятида туғилган Умиджон Баизбаев, 2001 йилда Бухоро вилоятида туғилган Аъзамжон Рустамов, 2002 йилда Навоий вилоятида туғилган Қурбонали Супонов, 1988 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Мирзоҳид Фармоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Улар умум эътироф этилган хулқ-атвор нормалари ва жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини менсимай, жамоат тартибини бузиб, безориликлар содир этган. Фуқароларга руҳий ва жисмоний босим ўтказиш орқали пул топиш билан шуғулланган.
Ушбу шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр кўрганлар ДХХ ва ИИВга мурожаат қилиши сўралди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ‘нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси