Green Card’га ариза бериш жараёни ўзгаради
Олам
−
07 Ноябрь 27934 1 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти Green Card 2027 лотереясига ариза топшириш муддати ва жараёнига ўзгартиришлар киритилганини эълон қилди. Бу ҳақда идоранинг расмий сайтида хабар берилди.
“АҚШ Давлат департаменти Diversity Visa (DV) дастурида ариза топшириш жараёнига айрим ўзгаришлар киритмоқда. DV–2027 учун рўйхатдан ўтиш бошланиш санаси, шунингдек, DV–2027 танлов натижалари Entry Status Check (ES) тизими орқали қачон эълон қилиниши имкон қадар тез фурсатда маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, билдирилишича, ушбу ўзгаришлар DV–2027 дастури доирасида ғолиблар учун визага ариза топшириш муддатига таъсир қилмайди – у аввалгидек 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 30 сентябргача давом этади.
Қайд этиш жоиз, Green Card учун аризалар одатда ҳар йили октябрь ойи бошидан 5 ноябргача қабул қилинарди. Лекин жорий йилда ҳали аризалар қабул қилиниши бошланмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти 2025 йил 16 сентябрдан бошлаб Диверсификация визаси (DV Lottery) ёки “Green Card лотереяси”да иштирок этувчи барча шахслар $1 электрон рўйхатдан ўтиш тўловини тўлаши шарт бўлишини эълон қилганди.