“Гренландия – АҚШ ҳудуди”. Трамп АҚШ Гренландияни эгаллагани акс этган расмни эълон қилди
Олам
−
21 Январь 4166 2 дақиқа
Гренландия – АҚШ ҳудуди. Унга 2026 йилда асос солинган. Бу ёзувлар тушурилган тасвир Оқ уйнинг X’даги расмий саҳифасида эълон қилинди.
Эълон қилинган расмда Трампнинг ўзи, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳамда Давлат котиби Марко Рубио акс этган. Расмда “Гренландия – АҚШ ҳудуди. 2026 йилда асос солинган” деган ёзув туширилган белги ўрнатилган ер майдони тасвирланган. Ушбу белги ёнида Трамп АҚШ байроғини қўлида ушлаб турган ҳолда турибди, унинг орқа томонида эса Вэнс ва Рубио жойлашган.
Қайд этиш жоиз, Трамп АҚШ “миллий хавфсизлик мақсадларида Гренландияга муҳтож” эканини ва у “қурилаётган Олтин гумбаз лойиҳаси учун ҳаётий аҳамиятга эга” эканини айтган эди.
АҚШ, Дания ва Гренландия Ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда учрашганидан сўнг асосий келишмовчиликлар сақланиб қолаётгани, шунингдек, АҚШнинг Гренландияни “ўз назоратига олиш” истаги яққол экани ойдинлашган.
Дания Қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд бўлган Гренландия аввалроқ АҚШнинг турли таклифларини, жумладан суверенитетни топширишни назарда тутувчи ёндашувларни қатъиян рад этган.
Сўнгги пайтларда Дания иттифоқчиларини минтақада ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга чақириб келмоқда. Шу доирада бир қатор Европа давлатлари Гренландияга кичик ҳарбий бўлинмалар ва офицерларни юбориш ниятини эълон қилган.
Бунга жавобан Трамп Гренландия атрофидаги баҳслар фонида жаҳон тинчлиги хавф остида эканини билдирган. АҚШ Президенти Гренландия бўйича АҚШ режаларига қарши чиққани учун Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндияга нисбатан божхона солиқларини жорий этиш ниятини эълон қилган.
Трампнинг сўзларига кўра, 1 февралдан бошлаб ушбу саккиз Европа давлатига 10 фоизлик божхона божи жорий этилади, 1 июндан эса ушбу ставка 25 фоизгача оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Еврокомиссия 22 январь куни Гренландия атрофида АҚШ билан можаро бўйича Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити ўтказилишини тасдиқлаганди.