Иқлим ўзгариши Африкада ҳалокатли сув тошқинларига олиб келди — WWA
Олам
−
01 Февраль 3816 2 дақиқа
Тадқиқот натижаларига кўра, иқлим ўзгариши ва циклли Ла-Нинья об-ҳаво ҳодисаси сўнгги бир ой ичида Африканинг жанубида юз берган ҳалокатли сув тошқинларига олиб келган. Ушбу офатлар оқибатида 200 киши ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар жабрланган. Бу ҳақда “World Weather Attribution” ташкилоти ҳисоботига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Imperial College Лондон ва Нидерландия Қироллик метеорология институти каби бир қатор муассасалар тадқиқотчиларини бирлаштирган ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, экстремал жала ёмғирларнинг интенсивлиги саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан 40 фоизга ошган. Бу ҳолат океан ҳароратининг иссиқхона газлари чиқиндилари билан боғлиқ равишда кўтарилгани қисман сабаб бўлганини яққол кўрсатади, ҳозирги Ла-Ниня шароитлари эса вазиятни янада оғирлаштирган.
Тадқиқотда айтилишича, 2025 йилнинг декабрь ойида бошланган кучли сув тошқинлари Мозамбик, Жанубий Африка, Зимбабве ва Эсватинига улкан зарар етказган. Айрим ҳудудларда бир неча кун ичида ёққан ёғин миқдори йиллик меъёрдан ҳам ошиб кетган.
Ла-Нинья ҳодисаси Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида сув ҳароратининг вақтинча пасайиши билан тавсифланади. Жаҳон метеорология ташкилоти ушбу циклда Ла-Нинья кучсиз бўлишини прогноз қилмоқда, бироқ иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолда денгиз суви ҳароратининг одатдагидан юқори бўлиши сув тошқинлари ва қурғоқчилик эҳтимолини ошираётганидан огоҳлантирмоқда.
Тадқиқот ҳаммуаллифи ва Нидерландия Қироллик метеорология институтининг иқлим масалалари бўйича катта илмий ходими Изидин Пинтонинг айтишича, инсон фаолияти оқибатида юзага келган иқлим ўзгариши бундай кучли ёғингарчиликларнинг кескин кўпайишига олиб келмоқда ва бу унинг йўлида қолганлар учун вайронкор оқибатларга сабаб бўлмоқда.
“Bloomberg” эса Ла-Нинья ҳодисаси 10 кун ичида ёғингарчилик интенсивлигини тахминан 22 фоизга оширганини, глобал исиш эса бунинг қарийб икки бараварига тенг таъсир кўрсатганини ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Африканинг жанубида юз берган сув тошқинлари оқибатида қарийб 300 киши ҳалок бўлган. БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра эса кучли ёмғирлар оқибатида асосан Эсватини, Мадагаскар, Малави, Мозамбик, Жанубий Африка, Танзания, Замбия ва Зимбабведа қарийб 800 минг киши жабрланган. Жанубий Африка тараққиёт ҳамжамияти блоки маълумотларига кўра эса камида 1,3 миллион киши зарар кўрган, 560 минг нафари эса зарар кўрган мамлакатларда ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Live
Барчаси