Икки етакчи фракция — бир “блок”ка бирлашди
Жамият
−
05 Май 7771 3 дақиқа
Бугун, 5 май куни ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Икки сиёсий партия фракциялари бир “блок” — “Тараққиёт блоки”га бирлашиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда дастлаб, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов сўз олиб, мазкур қарорни — мамлакат сиёсий ҳаётида, айниқса Парламент фаолиятида мустаҳкам ҳамкорликни таъминлаш, барқарор ва самарали қонун ижодкорлиги фаолиятини ташкил этишда янги саҳифа очадиган муҳим қадам, дея таъкидлаган.
Шунингдек, “Тараққиёт блоки” Президент бошчилигида мамлакатда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу борадаги ишларни изчил ва қатъий давом эттириши, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, уни амалга оширишга қаратилган ҳукумат дастурини тўла қўллаб-қувватлаши ҳамда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашда бор имкониятларини сафарбар этиши қайд этилди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси етакчиси Алишер Қодиров иккала партия дастурий қарашлар, мақсад ва вазифалар жиҳатидан ўзаро яқинлигини таъкидлаб, — “Тараққиёт блоки” барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритиш, қадриятларга таянган тараққиётни ривожлантиришда муҳим деб, ҳисоблашини билдирди.
Йиғилишда ҳар иккала фракция аъзоларининг кун тартибидаги масала юзасидан муносабатлари эшитилди.
Йиғилиш якунида Қонунчилик палатасида “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш тўғрисидаги масала овозга қўйилди ва йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Муҳокама якунларига кўра, Табиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари қўшма фаолиятининг асосий шартлари ва устувор йўналишларини назарда тутувчи икки томонлама Битим имзоланди.
“Тараққиёт блоки”нинг устувор фаолият йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
- ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
- таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
- солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
- давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
- фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
- мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь