Имомали Раҳмон Эрон Олий раҳбарига табрик йўллади
Олам
−
10 Март 4944 1 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Эрон Ислом Республикасининг янги Олий раҳбари этиб сайланган Oятуллоҳ Саййид Мужтаба Ҳусайн Хоманайига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Табрикномада Раҳмон Мужтаба Хоманайи раҳбарлигида Эрон халқи мамлакат олдида турган қийинчиликларни енгиб ўтишига ишонч билдирган. Шунингдек, у Эроннинг минтақавий ва глобал тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаган.
Тожикистон етакчиси икки давлат ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида янада ривожлантиришга тайёр эканини ҳам таъкидлаган.
Кеча, 9 март куни Эроннинг 88 нафар нуфузли илоҳиётшуносидан иборат Экспертлар кенгаши Мужтаба Хоманайини мамлакатнинг учинчи Олий раҳбари этиб сайлади. У сиёсий ва ижтимоий масалаларда тажрибали илоҳиётшунос сифатида таърифланган.
Шундан сўнг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси янги раҳбарга содиқлик қасамёдини қабул қилди.
Маълумот учун, аввалги Олий раҳбар Али Хоманайи АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига қарши қўшма ҳарбий операцияси бошланган куннинг ўзида ҳалок бўлганди. Унинг вафотидан сўнг вақтинчалик бошқарув кенгаши тузилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон икки ҳафталик танаффусдан сўнг яна кўриниш берганди.