Имон Ҳалиф профессионал боксга ўтмоқда

Спорт

image

Гендер можароси марказида қолган Олимпиада чемпиони Имон Ҳалиф профессионал боксга ўтмоқда. Спортчининг профи рингдаги дебют санаси маълум бўлди. Бу ҳақда “L’Equipe” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Ҳалиф ўзининг илк профессионал жангини жорий йил 23 апрель куни Парижда ўтказади. Баҳс ҳар бири 2 дақиқадан иборат 6 раундга мўлжалланган. Бокс оқшоми унинг промоутери Браҳим Аслум томонидан ташкил этилмоқда. Профессионал боксга ўтиш учун Ҳалиф эндиликда Франция терма жамоасининг собиқ устози Жон Дови қўл остида машғулот ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Олимпиада ўйинлари пайтида Ҳалиф можарога аралашиб қолган эди. Унинг трансгендер эканлиги ҳақидаги мулоҳазалар кенг резонанс келтириб чиқарди. Бунга Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) шафелигида ўтказилган 2023 йилги Жаҳон чемпионатидан спортчининг четлатилиши билан боғлиқ вазият сабаб бўлганди. Ўша йили Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ушбу ташкилотни тан олишни тўхтатган эди. 

IBA баёнотига кўра, Ҳалиф ва тайванлик спортчи Лин Ютинда ДНК-тести давомида XY-хромосомалари (стандарт эркак комбинацияси) ва тестостерон (асосий эркаклик гормони) даражаси юқорилиги аниқланган. Илмий нуқтаи назардан, бундай маълумотлар инсоннинг жинсини 100 фоиз кафолат билан аниқлаш имконини бермайди.

ХОҚ ўтказилган тестларни асоссиз ва ноқонуний деб атаб, ҳар икки спортчини 2024 йилги Олимпиадага киритди. ХОҚ раҳбари Томас Бах Ҳалиф ва Юй-Тин аёл ҳужжатларига эгалиги ва кўп йиллар давомида аёллар билан беллашиб келганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу спортчиларни трансгендер ёки интерсексуал тоифасига киритиш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Ҳатто Жазоир Ёшлар ва спорт вазири Абдураҳмон Ҳаммад ҳам баёнот билан чиқди. У X ижтимоий тармоғида спортчи Имон Ҳалифга қарши “асоссиз ҳужумларни” кескин қоралади.

Ҳалиф эса 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иккинчи олтин медални қўлга киритиш нияти борлигини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

профессионал бокс Гендер Имон Ҳалиф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг