Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазифаларни бажаришга 400 млн доллар керак – БМТ

Олам

image

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк 2026 йил учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал вазифаларни амалга ошириш мақсадида 400 миллион доллар маблағ йиғиш кампанияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда БМТнинг расмий сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, 2025 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси (OHCHR) ходимлари 87 мамлакатда 1,3 мингдан ортиқ суд жараёнини кузатган, қийноқлардан жабр кўрган 67 минг кишига ёрдам кўрсатган, ўн минглаб ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштирган ҳамда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган 4 мингдан ортиқ шахснинг озод этилишига кўмаклашган.

Молиялаштириш қисқаргани сабабли 2025 йилда OHCHR инсон ҳуқуқлари мониторинги бўйича атиги 5 мингта миссия ўтказа олган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 11 мингта бўлган.

“Бизнинг ҳисоботларимиз дезинформация ва цензура сабаб ҳақиқат хиралашаётган бир пайтда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиноятлар ва тенденциялар ҳақида ишончли маълумот беради. Улар БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳамда Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги муҳокамалар учун асос бўлиб хизмат қилади ва халқаро судлар томонидан кенг иқтибос қилинади, жавобгарликни таъминлаш учун муҳим далилларни тақдим этади”, дейди Олий комиссар.

У, шунингдек, OHCHR 2 минг ходимидан қарийб 300 нафарини йўқотганини ва 17 мамлакатда ўз фаолиятини ёпишга ёки кескин қисқартиришга мажбур бўлганини афсус билан қайд этган. Бу эса Колумбия ва Гвинея-Бисаудан тортиб Тожикистонгача бўлган ҳудудларда хавф остидаги, заиф ёки ажратилган жамоалар учун ҳаётий аҳамиятга эга дастурларнинг тўхтатилишига олиб келган. 

БМТ маълумотига кўра, 2025 йилда бошқарманинг тасдиқланган мунтазам бюджети 246 миллион АҚШ долларини ташкил этган, бироқ амалда 191,5 миллион АҚШ доллари олинган. Қўшимча равишда 500 миллион АҚШ доллари миқдорида ихтиёрий бадаллар сўралган бўлса-да, донорлар атиги 257,8 миллион АҚШ доллари ажратган.

2026 йил учун БМТ Бош Ассамблеяси OHCHR’нинг мунтазам бюджетини 224,3 миллион АҚШ доллари миқдорида тасдиқлаган бўлиб, бу маблағ аъзо давлатларнинг мажбурий бадаллари ҳисобидан шакллантирилади. Бу сумма 2025 йилга нисбатан 10 фоизга кам. Шу билан бирга, бошқарма амалда қанча маблағ олиши борасида ноаниқлик сақланиб қолмоқда. 2026 йилги кампания доирасида бошқарма қўшимча равишда 400 миллион доллар ихтиёрий бадал сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон ташкилоти жиддий молиявий инқироз ёқасига келиб қолганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Инсон ҳуқуқлари Фолькер Тюрк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг