Ироқдан Ливиягача: режим алмаштириш – АҚШнинг муваффақиятли моделими?

Олам

image

Эронга бир қатор ҳаво ҳужумлари уюштирган АҚШ ва Исроил биринчи кунданоқ нимани кўзлаётганини аниқ билдириб қўйди: Теҳрон томонидан эҳтимолий ядровий ёки оддий ҳарбий таҳдидни бартараф этиш ва режимга барҳам бериш.

Шундан бери АҚШ Президенти Дональд Трамп ва бошқа юқори мартабали америкалик амалдорлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши авиаҳужумлари учун турли сабабларни келтиришди. Ҳатто Мудофаа вазири Пит Хегсет 2 март куни бу можаро “режимни алмаштириш учун олиб борилаётган уруш эмас”лигини таъкидлади. Бироқ АҚШ тарихи ҳисобга олинса, Трампнинг дастлабки баёноти интервенциянинг ҳақиқий мақсадларидан бирини очиб берган бўлиши ҳам мумкин.

“Режим алмаштириш” деб аталадиган операцияларда АҚШдан кўра кўпроқ тажрибага эга давлат деярли йўқ. Бир тадқиқотга кўра, фақат совуқ уруш даврида (1947–1989) АҚШ хориждаги сиёсий кучлар мувозанатини ўз фойдасига ўзгартириш учун 72 марта уриниш қилган. Уларнинг аксарияти (64 та ҳолат) махфий разведка операциялари бўлиб, муваффақият даражаси тахминан 40 фоизни ташкил этган.

1953 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) Британиянинг MI6 разведкаси билан биргаликда Эроннинг ўша пайтдаги бош вазири Муҳаммад Мусаддиқни ҳокимиятдан ағдаришга эришди. Бироқ бунинг натижасида шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий Эрон халқи назарида “АҚШнинг қўғирчоғи” сифатида қабул қилина бошлади ва 1979 йилдаги Ислом инқилоби пайтида ағдарилди. Натижада ташкил топган теократик ва тобора репрессив тус олаётган режим бугунги кунда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари нишонларидан бирига айланган.

Бироқ тарих кўрсатганидек, ҳатто қисқа муддатда муваффақиятли бўлган режим алмаштириш операциялари кейинчалик янги ва жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. DW бир неча шундай мисолларни келтирди.

Ливия (2011 йил): “Ягона ҳимоячи”

2011 йил баҳорида “Араб баҳори” деб аталган ҳаракат Шимолий Африка бўйлаб ўзгаришларга умид уйғотган бир пайтда Ливияда ҳам кўп йиллик раҳбар Муаммар Каддафийга қарши қаршилик кучайди. Ўша пайтдаги АҚШ президенти Барак Обама бошчилигида бошиданоқ унинг рақиблари – “Ўтиш миллий кенгаши”ни қўллаб-қувватлади.
АҚШ, Франция ва Буюк Британия аввал мустақил равишда, кейинчалик НАТОнинг “Ягона ҳимоячи” операцияси доирасида ҳукумат қўшинларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштирди. 20 октябрь куни Америка дрони ва француз қирувчи самолёти Қаддафий колоннасига зарба берди, шундан кейин у Ўтиш кенгаши жангчилари томонидан ўлдирилди.

Қарийб 15 йил ўтганига қарамай, Ливия ҳали ҳам сиёсий жиҳатдан бўлинган ва беқарор мамлакат бўлиб қолмоқда.

Ироқ (2003 йил): “Шок ва даҳшат”

2003 йил 1 май куни диктатор Саддам Ҳусайн ағдарилганидан бир неча ҳафта ўтиб, АҚШ президенти Жорж Буш кичик Ироқ уруши тугаганини эълон қилди. У авианосец USS Abraham Lincoln палубасида чиқиш қилиб, ортида “Миссия бажарилди” деган баннер турди.

Буш шундай деган эди:

“Диктатурадан демократияга ўтиш вақт талаб қилади, аммо бу барча саъй-ҳаракатларга арзийди. Коалиция ишимиз тугамагунча қолади. Кейин кетамиз ва эркин Ироқни қолдирамиз.”

Бироқ кейинги оккупация тинчлик ҳам, барқарорлик ҳам келтирмади. Давлат институтлари заифлашди, қўшни Эрон шиалар милициясини қўллаб-қувватлади ва улар сунний гуруҳлар билан кескин тўқнашувларга киришди. Ҳокимият бўшлиғидан фойдаланган “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик гуруҳи кучайиб, Ироқ, Сурия ва бутун минтақани янада беқарорлаштирди.

Америкалик тарихчи Жозеф Стибнинг айтишича, ўша пайтда америкаликлар либерал демократия қадриятлари табиий равишда устун келади, деб хато ўйлашган. Унинг таъкидлашича, “улар Ироқ каби режимларни ағдаргандан кейин уларни алмаштириш осон бўлади, деб ҳисоблашган”.

Афғонистон (2001 йил): “Мустахкам эркинлик”

Кичик Жорж Буш номи билан боғлиқ яна бир уруш. 2001 йил 11 сентябрь террорчилик ҳужумларидан атиги тўрт ҳафта ўтиб, АҚШ армияси Афғонистонда “Мустахкам эркинлик” операциясини бошлади.
“Толибон” режими тезда ағдарилди, аммо АҚШ қўллаб-қувватлаган янги ҳукумат узоқ вақт ҳокимиятни сақлаб қола олмади.

2014 йилда халқаро кучлар, жумладан, Германия иштирок этган контингентлар қисқартирилгандан кейин, толибонлар аста-секин позицияларини қайта эгаллай бошлади. Дональд Трамп биринчи президентлик муддатининг сўнгги йилида толиблар билан келишувга эришиб, АҚШ қўшинларини олиб чиқишга рози бўлди.

2021 йилда Жо Байден президентлиги даврида, сўнгги америкалик ҳарбийлар мамлакатни тарк этганидан сўнг, толиблар яна тўлиқ ҳокимиятни қўлга олди ва АҚШ босқинидан олдинги сиёсий тизимни тиклади.

Панама (1989 йил): “Адолатли иш”

1980-йилларда Панамани диктатор Мануэль Норьега бошқарган. Унинг даврида мамлакат наркосавдо марказига айланган. Норьега бир неча йил CIA’дан пул олган, аммо кейинчалик АҚШ ҳукумати учун муаммога айланган.

1989 йил декабрида АҚШ президенти Жорж Буш катта “Адолатли иш” операциясини бошлаб, Норьегани ҳокимиятдан четлатишга буйруқ берди. Оппозиция сиёсатчиси Гильермо Эндара президент этиб тайинланди. Икки ҳафтадан кейин Норьега таслим бўлди. Кейин у АҚШ, Франция ва Панамада қамоқ жазоларини ўтаб, 2017 йилда вафот этди. Операция қиймати 331 миллион долларга баҳоланган.

Гренада (1983 йил): “Ғазаб чақнаши”

1979 йилдан бошлаб Кариб денгизидаги Гренада давлати сиёсий жиҳатдан Совет Иттифоқига яқинлаша бошлади. Бош вазир Морис Бишоп АҚШ билан муносабатларни нормаллаштиришга уринганида, радикал коммунистлар ва ҳарбийлар томонидан ағдарилиб, ўлдирилди.

Шундан кейин АҚШ президенти Роналд Рейган бир неча Кариб давлатлари қўллаб-қувватлови билан мамлакатга ҳарбий интервенция бошлади. Бу қарор Британия ҳукуматининг кескин қаршилигига қарамай қабул қилинган эди.

Доминикан Республикаси (1965 йил): “Қатъий куч”

1965 йилда бир қатор давлат тўнтаришларидан кейин Доминикан Республикаси фуқаролик уруши ёқасига келиб қолди. АҚШ элчиси Уильям Тэпли Беннетт кичик вазиятни “жамоавий ақлдан озиш” деб атади ва Вашингтонга ҳарбий аралашувни кўриб чиқишни тавсия қилди.

АҚШ президенти Линдон Б. Жонсон мамлакатда “иккинчи Куба” пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида интервенцияга буйруқ берди. 44 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий иштирокида АҚШ ўзлари мақбул деб билган раҳбарни ҳокимиятга олиб келди.

Венесуэла (2026 йил): “Мутлақ қатъият”

Энг сўнгги эҳтимолий “режим алмаштириш” яқинда содир бўлгани учун унинг якуний баҳоси ҳали берилмаган. 2026 йил январь ойи бошида АҚШ Президенти Трамп Венесуэла раҳбари Николас Мадурони қўлга олдирди. У Нью-Йоркда “наркотерроризм” айблови билан суд қилиниши керак.

Венесуэлада ҳокимият собиқ вице-президент Делси Родригес қўлига ўтди. У Мадуро режимида ишлаган бўлса-да, Трамп у билан ҳамкорлик қилиш ниятини билдирди. Эвазига АҚШ мамлакатнинг улкан нефть захираларидан фойдаланиш имконига эга бўлиши мумкин.

Бироқ 2025 йилги Нобель тинчлик мукофоти совриндори, мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо ҳам Венесуэлага қайтиб, мамлакатни демократия йўлига бошлаш ниятида эканини билдирди.

АҚШ ҳарбий операциясидан икки ой ўтганига қарамай, Лотин Америкасидаги бу давлат қайси йўналишда ривожланиши ҳали ноаниқлигича қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ироқ Ливия режим алмаштириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг