Иш вақтидан ташқари ишлаганларга 2 эмас 1,5 баравар ҳақ тўлаш таклиф қилинмоқда
Жамият
−
27 Май 5999 2 дақиқа
Кеча, 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Экологик партия матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлигини йилига 120 соатдан ошириш мумкин эмаслиги ҳамда иш вақтидан ташқари иш учун ходимга камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш белгилангани ушбу механизмнинг иш берувчилар ўртасида кенг оммалашмаганига сабаб бўлмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга доир ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, иш вақтидан ташқари ишга ходимни жалб этиш йилига 120 соатдан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги норма Меҳнат кодексидан чиқариб юборилмоқда. Шунингдек, иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда дастлабки 2 соати учун камида 1,5 ҳисса миқдорида, 2 соатдан ортиқ қисми учун эса камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланмоқда.
Бунда меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда иш вақтидан ташқари ишга жалб этилганда ҳар бир соати учун камида 2 ҳисса миқдорда ҳақ тўланиши назарда тутилмоқда.
Билдирилишича, муҳокама сўнгида қонун лойиҳаси юзасидан фракция аъзолари томонидан тавсиялар билдирилиб, лойиҳа қўллаб-қувватланган.
Маълумот учун, Меҳнат кодексининг 189-моддасига (иш вақтидан ташқари иш) кўра, иш берувчи томонидан ходимни ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. 262-моддага (иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш) кўра эса иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
Live
Барчаси