Исроил Ғазодаги шифохонани ўққа тутди
Олам
−
29 Сентябрь 2513 1 дақиқа
Кеча, 28 сентябрь куни Исроил армияси Ғазо секторидаги Ал-Ҳелоу шифохонасини иккита артиллерия ўқлари билан нишонга олди. Бу ҳақда WAFA хабар берди.
Маълумотларга кўра, шифохонадаги бўлимларда саратон ва бошқа касалликлардан даволанаётган беморлар, шунингдек, неонаталогия бўлимида 12 нафар эрта туғилган чақалоқ ҳам бўлган.
Тиббиёт ходимларининг айтишича, Исроил танклари шифохонани ўраб олиб, ташқарига чиқиш йўлини тўсиб қўйган.
“Ҳужум оқибатида 90 дан ортиқ фаластинлик, жумладан, шифокорлар, ҳамширалар ва беморлар шифохона ичида қолиб кетган”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этиш жоиз, ҳарбий амалиётлар оқибатида 2023 йилнинг 7 октябридан бери шу кунга қадар 64 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 166 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 367 нафар маҳаллий аҳоли, жумладан, 131 бола очликдан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалрок Исроил армияси Ғазо секторининг турли ҳудудларига зарба бериши оқибатида камида 40 фаластинлик ҳалок бўлганди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси