Исроил Рафаҳ чегара пунктидан беморларни ўтказишни тўхтатди

Олам

image

Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти Исроил Рафаҳ чегара пункти орқали фаластинлик беморлар ва ярадорларни эвакуация қилишни тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот вакили Раэд аль-Нимс “Al Jazeera” мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.  

Унинг айтишича, Исроил бугун, 4 февраль куни эрталаб бу қарор ҳақида хабар берган. Келишувга кўра, беморлар дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилиб, сўнг тез ёрдам машиналарида Рафаҳ чегара ўтиш жойи орқали Миср ёки бошқа давлатлардаги шифохоналарга юборилиши керак эди. Бироқ, эвакуация жараёни бекор қилинган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 февраь куни атиги 5 нафар, 3 февраь куни эса 16 нафар бемор Ғазони тарк эта олган. Бу Исроил томонидан эълон қилинган кунлик 50 кишилик лимитдан анча кам.

Рафаҳ икки йиллик танаффусдан сўнг қисман қайта очилган бўлса-да, одамларнинг кириб-чиқиши қатъий чекловлар остида амалга оширилган. Фақат уруш пайтида Ғазони тарк этган ва Исроил хавфсизлик текширувларидан ўтган фаластинликларгина қайтишга рухсат олган.

Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, ҳозирда 18 мингдан ортиқ фаластинлик бемор тиббий эвакуацияни кутмоқда, уларнинг аксарияти оғир аҳволда.

Чекловлар Исроилнинг Ғазо бўйлаб ҳужумлари кучайган бир вақтда жорий этилди. Сўнгги зарбалар оқибатида камида 10 нафар фаластинлик, жумладан, икки нафар бола ҳалок бўлган. Сулҳга қарамай ҳужумлар давом этмоқда.

Маҳаллий манбалар Исроил ҳарбий ҳаракатлари сўнгги соатларда янада фаоллашганини, дронлар ва артиллерия ҳужумлари кўпайганини билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазонинг ташқи дунёга чиқиш дарвозаси ҳисобланган Рафаҳ чегара пункти икки йиллик танаффусдан сўнг қисман қайта очилгани ҳақида хабар берилганди.

Жамшидбек Амиров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Исроил Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг