Исроилдаги ўзбекистонликлар яна бир бор огоҳлантирилди
Жамият
−
09 Март 3208 1 дақиқа
Сўнгги вақтларда Исроил ҳудуди бўйлаб ракета ҳужумлари оқибатида ракета парчаларидан жароҳат олган фуқаролар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси огоҳлантириш билан чиқди.
Элчихона барча Ўзбекистон фуқароларини Исроил Фронторти қўмонданлиги кўрсатмаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Ҳавфсизлик мақсадида:
- Ҳаво ҳужуми ҳақида сигнал берилганда ёки сирена эшитилганда дарҳол ҳимояланган жойга кириш зарур;
- Фронторти қўмондонлиги томонидан расмий рухсат берилмагунча ҳимояланган жойни тарк этмаслик керак;
- Расмий хабарлар ва фавқулодда кўрсатмаларни доимий равишда кузатиб бориш лозим.
9 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари жароҳат олгани ҳақида элчихонага хабар келиб тушмаган.
Дипломатик ваколатхона барча фуқароларга хавфсизлик қоидаларига амал қилаётгани учун миннатдорлик билдиради ҳамда эҳтиёткорликни сақлашни сўрайди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 март соат 07:00 ҳолатига кўра, уруш фонида Яқин Шарқдан Ўзбекистонга жами 21 712 нафар фуқаро қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.